22
1
Исроил ўғиллари йўлга тушдилар ва Йерихо қаршисидаги, Йорданнинг бу томонидаги Мўаб тепаликларида тўхтадилар.
2
Зиппор ўғли Балак Исроилнинг амўрликларга қилган ҳамма ишларни кўрди.
3
Мўабликлар бу халқдан жуда ҳам қўрқар эдилар, чунки улар кўп сонли эдилар. Мўабликлар Исроил ўғилларидан даҳшатга тушдилар.
4
Мўабликлар Мидиан оқсоқолларига: “Ҳўкиз дала ўтларини еб битиргани каби, бу халқ ҳам бизнинг атрофимиздаги барча нарсани еб битирмоқда”,- дедилар. Ўша пайтда Зиппор ўғли Балак мўабликларнинг подшоҳи эди.
5
У Беорнинг ўғли Балъамнинг олдига, унинг халқининг ўғилларининг еридаги дарё бўйида бўлган Петорга, уни чақириш ва унга шундай деб айтиш учун хабарчиларни юборди: “Мана, бир халқ Мисрдан чиқиб келди. Улар ер юзини қоплаб олишди ва у менинг рўпарамда яшамоқда.
6
Шунинг учун, келиб, мен учун бу халқни лаънатла, чунки улар мендан кучлироқдир. Балки, ўшанда уни қириб ташлашга ва уни ердан қувиб чиқаришга қодир бўларман. Мен биламан, сен кимни дуо қилсанг, баракали бўлади, кимни лаънатласанг, лаънати бўлади”.
7
Мўаб оқсоқоллари ва Мидиан оқсоқоллари ўз қўлларида башорат учун совғалар олиб, йўлга тушдилар. Улар Балъамнинг олдига келиб, унга Балакнинг сўзларини айтиб бердилар.
8
У уларга деди: “Бу кеча шу ерда тунанглар. Раббий менга нима деса, мен сизларга шуни айтаман”. Шунда Мўаб ҳокимлари Балъамникида қолишди.
9
Худо Балъамнинг олдига келиб: “Сенинг уйингдаги бу одамлар қанақа одамлар?”- деди.
10
Балъам Худога деди: “Мўаб подшоҳи Зиппор ўғли Балак уларни менинг олдимга шундай деб айтиш учун юборибди:
11
Мана, бир халқ Мисрдан чиқиб келди ва ер юзини қоплаб олди. Шунинг учун, келиб, менга уни лаънатлаб бер. Балки ўшанда уни енгишга ва қувиб юборишга қодир бўларман”.
12
Худо Балъамга деди: “Улар билан бирга борма, бу халқни лаънатлама, чунки у дуо қилингандир”.
13
Балъам тонгда туриб, Балакнинг ҳокимларига деди: “Сизлар ўз ерингизга боринглар, чунки Раббий менга сизлар билан боришга рухсат беришни рад қилди”.
14
Мўаб ҳокимлари ўринларидан турдилар ва Балакнинг олдига келиб: “Балъам биз билан келишга рози бўлмади”,- дедилар.
15
Балак улардан ҳам кўпроқ ва мўътабарроқ бўлган ҳокимларни яна юборди.
16
Улар Балъамнинг олдига келиб, унга дедилар: “Зиппор ўғли Балак шундай дейди: Менинг олдимга келишни рад этма.
17
Мен сенга улкан иззат-икром кўрсатаман ва сен менга нимаики айтсанг, ҳаммасини бажараман. Келиб, мен учун бу халқни лаънатла”.
18
Балъам Балакнинг хизматкорларига жавоб бериб деди: “Агар Балак менга уйи тўла кумуш ва олтин берса ҳам, менинг Раббий Худойимнинг буйруғини босиб ўта олмайман ҳамда ўз истагим билан бирор кичик ёки катта ишни қила олмайман.
19
Шундай бўлсада, сизлар ҳам бу тун шу ерда қолинглар. Раббий менга яна нима дейишини мен билайин”.
20
Худо тунда Балъамнинг олдига келиб, унга: “Агар бу одамлар сени чақиришга келган бўлсалар, туриб, улар билан бирга бор. Бироқ Мен сенга нимани айтсам, ўшани қил”,- деди.
21
Балъам тонгда туриб, ўз эшагини эгарлади ва Мўаб ҳокимлари билан бирга кетди.
22
У кетгани учун Раббийнинг ғазаби алангаланди ва Раббийнинг фариштаси унга қаршилик қилиш учун йўлда туриб олди. У ўзининг эшагида кетар ва унинг иккита хизматкори у билан бирга эди.
23
Эшак йўлда қўлида яланғочланган қилич билан турган Раббийнинг фариштасини кўрди ва йўлдан бурилиб, далага кетди. Балъам эса эшакни йўлга буриш учун уни ура бошлади.
24
Раббийнинг фариштаси узумзорлар ўртасидаги бир томони девор, бошқа томони ҳам девор бўлган тор йўлакда туриб олди.
25
Эшак Раббийнинг фариштасини кўриб, ўзини деворга урди ва Балъамнинг оёғини деворга қисиб қўйди. У уни яна ура бошлади.
26
Раббийнинг фариштаси яна олдинроқ ўтиб, ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилиб бўлмайдиган тор жойда туриб олди.
27
Эшак Раббийнинг фариштасини кўриб, Балъамнинг остида ётиб олди. Балъамнинг ғазаби ёниб, эшакни калтак билан ура бошлади.
28
Шунда Раббий эшакнинг оғзини очди ва эшак Балъамга: “Мен сенга нима қилдимки, мана, сен мени учинчи маротаба уряпсан?”- деди.
29
Балъам эшакка: “Мени масхара қилганинг учун сени уряпман. Агар мени қўлимда қилич бўлганида эди, мен сени ҳозироқ ўлдирган бўлар эдим”,- деди.
30
Эшак эса Балъамга: “Мен сенинг бошидан мана шу кунгача минган эшагинг эмасманми? Сенга шундай қилиш одатим бормиди?”- деди. У: “Йўқ”,- деди.
31
Сўнг Раббий Балъамнинг кўзини очди ва у қўлида яланғочланган қиличи билан йўлда турган Раббийнинг фариштасини кўрди. У бош эгиб, юз тубан йиқилди.
32
Раббийнинг фариштаси унга деди: “Нима сабабдан сен энди эшагингни уч марта урдинг? Мана, мен сенга қаршилик қилиш учун чиқдим, чунки сенинг йўлинг менинг қаршимда нотўғридир.
33
Эшак мени кўриб, мана уч марта мендан бурилиб кетди. Агар у бурилмаганида эди, мен сени ўлдирган, уни эса тирик қолдирган бўлар эдим”.
34
Балъам Раббийнинг фариштасига: “Мен гуноҳ қилдим, чунки сен менга қарши йўлда турганингни билмаган эдим. Шундай қилиб, бу сенинг нигоҳларингда ёқимсиз бўлса, унда мен ортга қайтаман”,- деди.
35
Раббийнинг фариштаси Балъамга: “Бу одамлар билан бирга бор, фақат Мен сенга нимани айтсам, ўшани гапир”,- деди. Шундай қилиб, Балъам Балакнинг ҳокимлари билан бирга кетди.
36
Балак Балъамнинг келаётганини эшитиб, уни кутиб олиш учун энг чеккадаги Арнон чегарасидаги Мўаб шаҳрига чиқди.
37
Балак Балъамга: “Мен сенинг олдингга сени чақириб келишлари учун одам юбормадимми? Нима учун менинг олдимга келмадинг? Наҳотки мен ҳақиқатан ҳам сени иззат-икром қила олмасам?”- деди.
38
Балъам Балакка: “Мана, мен сенинг олдингга келдим, бироқ мен ўзимдан нимадир айта оламанми? Худо менинг оғзимга нимани солса, ўшани гапираман”,- деди.
39
Балъам Балак билан кетди ва улар Қиръат-Хузотга келдилар.
40
Балак ҳўкиз ва қўйларни сўйиб, Балъамга ҳамда у билан бирга бўлган ҳокимларга юборди.
41
Кейинги кун эрталаб Балак Балъамни олиб, у ўша ердан халқнинг бир қисмини кўриши учун уни Бамотнинг тепаликларига олиб чиқди.