18
1
Раббий Аҳарўнга деди: “Сен, сенинг ўғилларинг ва сен билан бирга сенинг отангнинг хонадони Муқаддасгоҳдаги бепарволик гуноҳини ўзларингизда кўтариб юрасизлар. Сен ва сенинг ўғилларинг руҳонийлик хизматингиздаги муносиб бўлмаслик гуноҳини ўзларингизда кўтариб юрасизлар.
2
Шунингдек, Леви қабиласидан, отангнинг қабиласидан бўлган сенинг биродарингни ҳам ўзингга ол. Улар сенинг олдингда бўлсинлар ва сенга хизмат қилсинлар. Сен ва сен билан бирга сенинг ўғилларинг эса Гувоҳлик Чодири олдида хизмат қиласизлар.
3
Улар сенга ва бутун Чодирга оид нарсаларда ўз хизматларини бажарсинлар, фақатгина Муқаддасгоҳдаги нарсалар ва қурбонгоҳга яқинлашмасинлар, токи улар ҳам, сизлар ҳам ҳалок бўлманглар.
4
Улар сенинг олдингда бўлсинлар. Улар Чодирдаги барча ишларни ҳамда Йиғин Чодирида ўз хизматларини бажарсинлар. Бегона одамлар эса сизларга яқинлашмасинлар.
5
Шундай қилиб, қурбонгоҳ ва Муқаддасгоҳдаги ўз хизматларингизни бажаринглар, токи Исроил ўғилларига яна ғазаб бўлмасин.
6
Мана, Мен сизларнинг биродарларингиз левитларни Исроил ўғиллари орасидан ажратиб олиб, Раббий учун инъом сифатида Йиғин Чодирида хизмат қилиш учун уларни сизларга бердим.
7
Сен ва сен билан бирга сенинг ўғилларинг қурбонгоҳга тегишли нарсаларда ҳамда парда ортида ичкаридаги барча нарсаларда руҳонийлик вазифангизга амал қилинглар ва хизмат қилинглар. Мен сизларга руҳонийлик хизматини инъом сифатида беряпман. Бунга яқинлашадиган бегона киши эса ўлимга топширилади”.
8
Раббий яна Аҳарўнга деди: “Мана, Менга келтириладиган ҳадяларни назорат қилишни сенга топшираман. Мен абадий низом сифатида руҳонийликларингиз ҳақи Исроил ўғиллари бағишлайдиган ҳамма нарсадан сен ва сенинг ўғилларингга улуш бердим.
9
Мана, ёндириш қурбонлигидаги жуда муқаддасвор нарсалардан сенга нималар тегишли: уларнинг ҳар қандай нон бағишлови, гуноҳ учун бўлган ҳар қандай қурбонлиги ва ҳар қандай айбдорлик қурбонлигидир. Бу жуда муқаддасвор нарсалар сен ва сенинг ўғилларингга бўлсин.
10
Буни муқаддас жойда енглар. Барча эркаклар ейишлари мумкин. Бу сен учун муқаддасворлик бўлсин.
11
Уларнинг инъом бағишловларидан мана нималар сенга тегишли ― Мен абадий низом сифатида сенга ҳамда сен билан бирга сенинг ўғиллару қизларингга Исроил ўғилларининг барча бағишловларини бердим; сенинг хонадонингдаги ҳар қандай пок киши буни ейиши мумкин ―
12
уларнинг Раббийга бағишлайдиган мойининг энг яхшисини, шароб ва буғдойнинг энг яхшисини, уларнинг бошланғич ҳосилларини Мен сенга бердим.
13
Улар Раббийга келтирадиган ерларининг илк ҳосиллари сеники бўлсин. Сенинг хонадонингдаги ҳар қандай пок киши буни ейиши мумкин.
14
Исроил еридаги Раббийга қасам билан бағишланган ҳар бир нарса сеники бўлсин.
15
Ҳар бир вужуддан – одамлардан ҳам, ҳайвонлардан ҳам – бачадонни очиб чиқадиган ва Раббийга келтириладиганнинг барчаси сеники бўлсин. Фақатгина одамларнинг тўнғич ўғли қайта сотиб олиниши керак ҳамда нопок ҳайвонларнинг биринчи эркак боласи қайта сотиб олиниши керак.
16
Уларни қайта сотиб олишнинг баҳоси шудир: бир ойликдан бошлаб, сенинг баҳолашинг бўйича йигирма гераҳга тўғри келадиган муқаддасгоҳ шеқелига кўра беш кумуш шеқел олгин.
17
Бироқ буқанинг, қўй ва эчкининг тўнғичини қайта сотиб олмагин: улар – муқаддасворликдир. Уларнинг қонини қурбонгоҳга сепгин, уларнинг ёғини Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликка куйдиргин.
18
Силкитилган тўш ва ўнг елка сенга тегишли бўлгани каби буларнинг гўшти ҳам сенга тегишлидир.
19
Шундай қилиб, абадий низом сифатида Исроил ўғиллари Раббийга бағишлайдиган барча муқаддасворликларни сенга, сен билан бирга ўғиллару қизларингга улуш қилиб бераман. Бу Раббийнинг қаршисида сен ва сен билан бирга сенинг авлодинг билан тузилган абадий туз аҳдидир”.
20
Раббий яна Аҳарўнга деди: “Сен Исроил ўғилларининг ерида улушга эга бўлмайсан ва уларнинг орасида сенинг қисминг бўлмайди. Уларнинг орасида Мен сенинг қисмингман ва улушингман.
21
Леви ўғилларига эса, мана, улар вазифасини бажараётгани ва Йиғин Чодирида хизматни амалга ошираётгани учун Исроилдаги ҳамма нарсанинг ушрини улуш қилиб бердим.
22
Исроил ўғиллари эндиликда Йиғин Чодирига яқинлашмасликлари керак, токи гуноҳ қилмасинлар ва ўлмасинлар.
23
Фақат левитлар Йиғин Чодирида хизматни амалга оширсинлар ва уларнинг гуноҳларини ўзларида кўтариб юрсинлар. Бу сизнинг авлодларингиз оша абадий низом бўлсин, Исроил ўғиллари орасида улар улуш олмайдилар.
24
Исроил ўғилларининг Раббийга бағишлайдиган ушрини Мен левитларга улуш қилиб бердим, шунинг учун Мен уларга: Исроил ўғиллари орасида улушга эга бўлмайдилар,- деб айтганман”.
25
Раббий Мусога сўзлаб деди:
26
“Левитларга эълон қилиб, шундай дегин: Мен сизларга Исроил ўғилларидан улуш қилиб берган ушрни олганингизда, ундан Раббийга бағишлов сифатида ушрдан ушрни, яъни унинг ўндан бир қисмини келтиринглар.
27
Сизларнинг бу бағишловларингиз сизларга омборхонадан дон ва исканжанинг илк шаробидек ҳисобланади.
28
Шундай қилиб, сизлар ҳам Исроил ўғилларидан оладиган барча ушрларингиздан Раббийга бағишлов келтирасизлар ва улардан Раббийга бағишловни руҳоний Аҳарўнга берасизлар.
29
Сизларга бериладиган барча инъомлардан, барча энг яхши, муқаддасланган инъомлардан Раббийга бағишлов келтиринглар.
30
Уларга яна шундай дегин: Сизлар булардан энг яхшиларини бағишлов қилиб келтирганингизда, бу левитларга омборхона ва исканжанинг илк ҳосилидек ҳисобланади.
31
Сизлар ва сизларнинг хонадонингиз буни ҳар қандай жойда ейишингиз мумкин, зеро бу сизларнинг Йиғин Чодиридаги хизматингиз учун тўловдир.
32
Сизлар бундан энг яхшисини бағишловга келтирганингизда, унда гуноҳ қилмайсизлар. Шунингдек, Исроил ўғилларининг бағишловларини булғамайсизлар ва ўлмайсизлар”.