1
1
Бизнинг орамизда тўлиқ маълум бўлган воқеалар ҳақида кўплар баёнот тузишни бошлаганларидай,
2
буни энг бошидан ўз кўзлари билан кўрган ва Сўзнинг хизматкорлари бўлган одамлар бизга топширганларидай,
3
мен ҳам, ҳурматли Теофил, бошидан ҳаммасини синчиклаб текшириб чиққанимдан сўнг, буларни тартиб билан сенга ёзиб беришни зарур, деб топдим,
4
токи сенга ўргатилган таълимотнинг мустаҳкам асосини билиб олгин.
5
Яҳудия подшоҳи Ҳирод даврида Абийаҳ аждодидан Закарийаҳ исмли бир руҳоний бор эди. Унинг хотини эса Аҳарўн авлодидан бўлиб, унинг исми Элисабет эди.
6
Буларнинг иккови ҳам Раббийнинг барча амру низомларига бенуқсон риоя қилиб, Худо ҳузурида ҳақ кишилар эдилар.
7
Элисабет бепушт бўлгани учун улар фарзандсиз эдилар. Бунинг устига иккаласи ҳам кекса ёшда эдилар.
8
Бир куни Закарийаҳ ўзининг хизмат навбати бўйича Худо олдида руҳонийлик хизматини бажариб турган эди.
9
Руҳонийлар одатига биноан Раббийнинг маъбадига кириш ва хушбўй тутатқилар тутатиш учун ташланадиган қуръа унинг зиммасига тушди.
10
Тутатқи тутатиш вақтида халқнинг кўпчилиги ташқарида ибодат қилаётган эди.
11
Ўшанда тутатиш қурбонгоҳининг ўнг томонида турадиган Раббийнинг фариштаси Закарийаҳга зоҳир бўлди.
12
Закарийаҳ уни кўрганида, саросимага тушди ва қўрқувга тўлди.
13
Фаришта эса унга деди: “Закарийаҳ, қўрқма, чунки Худо сенинг ибодатингни эшитди. Хотининг Элисабет сенга ўғил туғиб беради ва унинг исмини Яҳё қўясан.
14
Сен қувонч ва хурсандчиликка эга бўласан, унинг туғилганидан эса кўплар қувонадилар.
15
Чунки У Раббий ҳузурида улуғ бўлади. У мутлақо май ва шароб ичмайди. У ҳатто онасининг қорнидаёқ Муқаддас Руҳга тўлган бўлади.
16
У Исроил фарзандларидан кўпларини Раббийга, уларнинг Худосига қайтаради.
17
Раббийга тайёрланган халқни тақдим этиш учун, яъни оталарнинг юрагини фарзандларига, ҳақ кишиларнинг фикр юритишини бўйсунмасларга қайтариб бериш учун Элийаҳнинг руҳи ва қудрати билан Раббийнинг олдида боради”.
18
Закарийаҳ эса фариштага: “Мен буни қандай билиб оламан? Чунки мен кексаман ва хотиним ҳам қариб қолган”,- деди.
19
Фаришта унга жавобан деди: “Мен Худонинг ҳузурида турган Жаброилман, сен билан гаплашиш ва бу хушхабарни сенга етказиш учун юборилганман.
20
Энди, мана, бу амалга ошадиган кунгача сен гунг бўласан ва гапира олмайсан, чунки сен ўз вақтида бажо бўладиган менинг сўзларимга ишонмадинг”.
21
Закарийаҳни кутиб турган халқ эса унинг маъбадда ушланиб қолганига ҳайрон бўлар эди.
22
Ниҳоят, у чиққач, уларга сўз айта олмади. Улар унинг маъбадда ваҳий кўрганини тушундилар. Закарийаҳ улар билан имо-ишора орқали мулоқотда бўлиб, гапира олмайдиган ҳолатда қолаверди.
23
Шундай қилиб, унинг хизмат қилиш кунлари тугаганидан сўнг, у уйига қайтиб борди.
24
Бу кунлардан кейин Закарийаҳнинг хотини Элисабет ҳомиладор бўлди ва беш ой яшириб юриб, шундай айтар эди:
25
“Шу кунларда Раббий мен учун шуни қилди: У менга назар солди ва мендан одамлар орасидаги ҳақоратимни олиб ташлади”.
26
Олтинчи ойда эса фаришта Жаброил Худодан Галиледаги Нозара деган шаҳарга,
27
Довуд хонадонидан бўлган Юсуф исмли одамга унаштирилган бир қизга юборилди. Қизнинг исми Мирйам эди.
28
Фаришта унинг олдига кириб: “Қувонгин, эй иноят топган! Раббий сен билан! Сен аёллар орасида мубораксан”,- деди.
29
Лекин Мирйам уни кўрганида, унинг сўзларидан саросимага тушиб: “Бу қандай саломлашиш бўлди экан?”- деб мулоҳаза қила бошлади.
30
Фаришта эса унга деди: “Мирйам, қўрқма, чунки сен Худодан иноят топдинг.
31
Мана, сен ҳомиладор бўласан ва ўғил туғасан. Унга Исо, деб исм қўясан.
32
У улуғ бўлади ва Тангри Таолонинг Ўғли, деб аталади. Худоё Худованд Унга отаси Довуднинг тахтини беради.
33
У Ёқуб хонадони устидан то абад подшоҳлик қилади ва Унинг подшоҳлигининг ниҳояси бўлмайди”.
34
Шунда Мирйам фариштага: “Мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлиши мумкин?”- деб айтди.
35
Фаришта эса жавоб бериб деди: “Сенинг устингга Муқаддас Руҳ келиб тушади, Тангри Таолонинг куч-қудрати сени қоплайди. Шунинг учун сендан туғиладиган Муқаддас – Худонинг Ўғли, деб аталади.
36
Мана бепушт, деб аталадиган сенинг қариндошинг Элисабет ҳам қарилигида ўғилга ҳомиладор бўлди. Унинг ҳомиласи эса олтинчи ойда.
37
Чунки Худо учун имконсиз бўлган бирор нарсанинг ўзи йўқдир”.
38
Шунда Мирйам: “Мана, мен Раббийнинг қулиман. Менга айтган сўзинг бўйича бўлсин”,- деди. Фаришта эса унинг олдидан кетди.
39
Ўша кунларда Мирйам шошилиб йўлга чиқиб, тоғлик ўлкага, Яҳудонинг бир шаҳрига борди.
40
У Закарийаҳнинг уйига кириб, Элисабет билан саломлашди.
41
Элисабет эса Мирйамнинг саломлашишини эшитганида, унинг қорнидаги боласи ўйноқлаб кетди. Шунда Элисабет Муқаддас Руҳга тўлиб,
42
баланд овоз билан хитоб қилиб деди: “Сен аёллар орасида мубораксан, қорнингдаги ҳомила ҳам муборакдир!
43
Қандай ажойиб, Раббимнинг онаси менинг олдимга келибди!
44
Чунки сенинг саломинг қулоғимга етганида, қорнимдаги бола қувончдан ўйноқлаб кетди.
45
Мана, бунга ишонган қиз бахтлидир! Чунки Раббийнинг унга айтган сўзлари амалга ошади”.
46
Мирйам эса деди: “Менинг жоним Раббийни улуғлайди,
47
ва менинг руҳим Нажоткорим Худо ҳақида шодланмоқда,
48
чунки У Ўз қулининг камтаринлигига назар солди. Энди мени барча авлодлар бахтли, деб аташади.
49
Зеро Қудратли бўлган Худо мен учун шу буюкликни яратди. Унинг номи муқаддасдир!
50
Унинг раҳм-шафқати Ундан қўрқадиганларга наслдан наслга ёрдир!
51
У Ўз қўлининг қудратини ҳаммага кўрсатиб, ўз кўнгил хаёлларида мағрур бўлганларни тўзитиб юборди.
52
Кучлиларни тахтларидан туширди, камтарларни эса юксалтирди.
53
Очларни эзгуликлар билан тўйдирди, бойларни эса қуппа-қуруқ жўнатди.
54
Ўзининг ўспирини бўлган Исроилга ёрдам берди,
55
ота-боболаримизга берган ваъдаси бўйича Иброҳимга ва унинг уруғига то абад марҳамат қилишини эслади”.
56
Мирйам Элисабет билан уч ойларча бўлгач, ўз уйига қайтиб келди.
57
Элисабетнинг ой-куни тўлгач, ўғил туғди.
58
Қўшнилару қариндошлари эса Раббий унга буюк раҳм-шафқат кўрсатганини эшитиб, у билан бирга қувонар эдилар.
59
Улар саккизинчи куни болани хатна қилиш учун келдилар. Чақалоққа Закарийаҳ, деб отасининг исмини қўймоқчи бўлдилар.
60
Боланинг онаси бунга жавобан деди: “Йўқ, исмини Яҳё қўямиз”.
61
Улар эса унга: “Қариндошларинг орасида бу исм билан аталган ҳеч ким йўқ-ку”,- дедилар.
62
Сўнг улар имо-ишора билан отасидан болага қандай исм қўймоқчи эканлигини сўрадилар.
63
Закарийаҳ эса тахтача талаб қилди ва: “Унинг исми Яҳё бўлади”,- деб ёзди. Ҳамма ҳайрон бўлди.
64
Шу ондаёқ Закарийаҳнинг оғзи очилиб, унинг тили ечилди. У Худони улуғлаб гапира бошлади.
65
Уларнинг атрофида яшовчиларнинг ҳаммасини қўрқув босди. Буларнинг ҳаммаси ҳақида бутун Яҳудиянинг тоғлик ўлкаси бўйлаб овоза тарқалди.
66
Эшитганларнинг ҳаммаси буни юракларига жо қилиб: “Бу бола ким бўлар экан?”- деб айтар эдилар. Раббийнинг қўли эса чақалоқда намоён эди.
67
Чақалоқнинг отаси Закарийаҳ Муқаддас Руҳга тўлиб-тошиб, пайғамбарчилик қилиб айтар эди:
68
“Исроилнинг Раббий Худоси муборакдир! У Ўзининг халқини йўқлаб келди ва тўлов бериб уни қайтариб олди.
69
Худо бизга Ўзининг ўспирини Довуд хонадонида нажот шохини кўтарди.
70
Қадимдан Унинг муқаддас пайғамбарлари орқали хабар қилинганидек:
71
У бизни душманларимиздан ва биздан нафратланувчиларнинг қўлидан қутқаради;
72
оталаримизга раҳм-шафқат қилиб, Ўзининг муқаддас Аҳдини эслайди.
73
У Отамиз Иброҳимга қасамёд қилганига кўра,
74
бизни душманларимиз қўлидан халос қилади,
75
токи ҳаётимизнинг барча кунларида Унинг олдида муқаддаслик ҳамда ҳақлик билан Унга қўрқувсиз хизмат қила олайлик.
76
Сен ҳам, эй, чақалоқ, Тангри Таолонинг пайғамбари, деб аталасан, чунки сен Раббийнинг юзи олдида юриб, Унинг йўлини тайёрлайсан
77
ва Унинг халқига уларнинг гуноҳлари кечирилиши орқали нажот топишларини англатасан.
78
Бу Худойимизнинг бағридан чиққан меҳр туфайли бажо бўлади. Шу тариқа, Тонг юқоридан бизни йўқлади,
79
токи зулматда, ўлим соясида ўтирганларни ёритсин ва оёқларимизни тинчлик йўлига йўналтирсин”.
80
Чақалоқ эса улғайиб ва руҳан қувватланиб, Исроилга зоҳир бўладиган кунигача саҳроларда бўлди.