1
1
Раббий Мусони чорлаб, унга Йиғин Чодиридан сўзлади ва шундай деди:
2
“Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Агар сизлардан бирор киши Раббийга қурбонлик келтирмоқчи бўлса, чорвадан келтирмоқчи бўлса, катта ва кичик қорамолдан қурбонлик келтирсин.
3
Агар унинг қурбонлиги тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида катта қорамол бўлса, эркак жинсидаги бенуқсон ҳайвонни келтирсин. Раббийдан илтифот олиш учун уни Йиғин Чодирининг кириш жойига олиб келсин
4
ва тамоман ёндириш қурбонлигига келтириладиган ҳайвоннинг бошига қўлларини қўйсин, шунда гуноҳлари кечирилиши учун илтифот олади.
5
Сўнг у буқани Раббийнинг қаршисида сўйсин. Аҳарўннинг ўғиллари руҳонийлар эса қонни олиб келиб, ушбу қонни Йиғин Чодирига кираверишда турган қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркасинлар.
6
Сўнг у тамоман ёндириш қурбонлигининг терисини шилиб олиб, уни бўлакларга бўлсин.
7
Аҳарўннинг ўғиллари руҳонийлар эса қурбонгоҳ устига олов ёқсинлар ва олов устига ўтин қўйсинлар.
8
Шунингдек, Аҳарўннинг ўғиллари руҳонийлар бўлакларни, калла ва ёғни қурбонгоҳдаги оловда ёнаётган ўтинлар устига қўйсинлар,
9
унинг ички аъзолари ва оёқларини эса сув билан ювсинлар. Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида тамоман ёндириш қурбонлигидир.
10
Агар тамоман ёндириш қурбонлиги кичик қорамолдан: қўй ёки эчкидан бўлса, унда эркак жинсидаги бенуқсон ҳайвонни келтирсин.
11
Уни қурбонгоҳнинг шимолий томонида Раббийнинг қаршисида сўйсин. Аҳарўннинг ўғиллари руҳонийлар эса унинг қонини қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркасинлар.
12
Сўнг уни бўлакларга бўлиб, боши ва ёғини ажратсинлар. Руҳоний буларни қурбонгоҳдаги оловда ёнаётган ўтинлар устига қўйсин,
13
унинг ички аъзолари ва оёқларини эса сув билан ювсин. Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини олиб келиб, қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида тамоман ёндириш қурбонлигидир.
14
Агар у Раббийга тамоман ёндириш қурбонлигига қушлардан келтирса, унда қурбонликка мусича ёки ёш кабутардан келтирсин.
15
Руҳоний уни қурбонгоҳга олиб келиб, бошини узсин ва қурбонгоҳда ёқиб юборсин, қонини эса қурбонгоҳнинг деворига сиқсин.
16
Унинг жиғилдони ва патларини ажратиб, қурбонгоҳ ёнига, кул турган унинг шарқий томонига ташласин.
17
Сўнг унинг қанотларини ажратмасдан синдирсин. Шундай қилиб, руҳоний уни қурбонгоҳда, олов ёнаётган ўтинларда ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида тамоман ёндириш қурбонлигидир.