23
1
Раббий Исроилни ҳар томондан унинг душманларидан тинчлантирганидан кейин, кўп вақтлар ўтганидан сўнг Йешуа қариб, кекса ёшга кирди.
2
Йешуа бутун Исроилни, уларнинг оқсоқолларини, бошлиқларини, ҳакамларини, назоратчиларини чақириб, уларга деди: “Мен қариб, кекса ёшга кирдим.
3
Сизларнинг Раббий Худойингиз сизларнинг қаршингизда ушбу барча халқларни нима қилган бўлса ҳаммасини кўрдингизлар, чунки сизларнинг Раббий Худойингизнинг Ўзи сизлар учун жанг қилди.
4
Мана, мен сизларга ушбу қолган халқларни, Йордандан ғарб томондаги буюк денгизгача мен қириб ташлаган барча халқларни сизларнинг қабилаларингизга қуръага кўра улушга тақсимлаб бердим.
5
Раббий Худойингиз сизларга айтганидек, уларнинг ерларини мерос қилиб олишингиз учун Раббий Худойингизнинг Ўзи уларни сизларнинг олдингиздан қувиб юборади ва қаршингиздан қириб ташлайди.
6
Шу сабабли, Мусонинг қонун китобида ёзилганларнинг барчасини, ундан ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмасдан, сақлашга ва бажаришга қатъий ҳаракат қилинглар.
7
Сизларнинг орангизда қолган ушбу халқлар билан борди-келди қилманглар, уларнинг худоларининг номини эсламанглар, уларнинг номи билан қасам ичманглар, уларга хизмат қилманглар ва уларга сажда қилманглар,
8
аммо бугунги кунгача қилганингиздек, сизларнинг Раббий Худойингизга ёпишинглар.
9
Чунки Раббий буюк ва кучли халқларни сизларнинг олдингиздан ҳайдаб юборди ва бугунги кунгача ҳеч ким сизларнинг қаршингизда бардош бериб тура олмади.
10
Сизлардан бир киши мингтасини қувиб юборади, чунки сизларнинг Раббий Худойингизнинг сизларга айтганидек, Ўзи сизлар учун жанг қилади.
11
Шунинг учун Раббий Худойингизни қаттиқ севишга ҳаракат қилинглар.
12
Агар сизлар ортга қайтиб, орангизда қолган ушбу халқларнинг қолганларига қўшилсангизлар, улар билан турмуш қурсангизлар, улар билан борди-келди қилсангизлар,
13
унда билиб олинглар: сизларнинг Раббий Худойингиз ушбу халқларни сизларнинг олдингиздан ортиқ қувиб юбормайди, балки сизларнинг Раббий Худойингиз сизларга берган ушбу яхши ердан сизлар қирилиб кетгунингизга қадар, улар сизларга тузоқ ва тўр бўладилар, биқинларингизга қамчи ва кўзларингизга тикан бўладилар.
14
Мана, энди мен бутун ернинг йўлига жўнаб кетяпман. Сизлар эса бутун юрагингиз билан, бутун жонингиз билан Раббий Худойингиз сизлар ҳақингизда айтган ҳамма эзгу сўзлардан бирортаси ҳам беҳуда қолмаганини биласизлар. Сизлар учун ҳаммаси амалга ошди, бирорта ҳам сўз амалга ошмасдан қолмади.
15
Бироқ Раббий Худойингиз сизларга айтган ҳар қандай эзгу сўз қандай сизларда амалга ошган бўлса, худди шундай, Раббий Худойингиз сизларга берган ушбу яхши ердан сизларни қириб ташламагунича, ҳар қандай ёвуз сўзларни сизларда амалга оширади,
16
агар Раббий Худойингизнинг сизлар билан тузган Аҳдини бузсангизлар ва бориб, ўзга худоларга хизмат қилсангизлар ҳамда уларга сажда қилсангизлар, унда Раббийнинг ғазаби сизларга қарши алангаланади ва Раббий сизларга берган ушбу яхши ердан сизлар тезда қирилиб кетасизлар”.