22
1
Сўнгра Йешуа Рубен ва Гад қабилаларини ҳамда Манашеҳ ярим қабиласини чақириб, уларга деди:
2
“Сизлар Раббийнинг қули Мусо сизларга буюрган ҳамма нарсани бажардингизлар ва мен сизларга айтган менинг барча сўзларимга итоат қилдингизлар.
3
Сизлар ҳозирги кунгача кўп кунлар давомида ўз биродарларингизни ташлаб кетмадингизлар ва сизларнинг Раббий Худойингизнинг амрига кўра бажаришингиз керак бўлган ҳамма ишни бажардингизлар.
4
Эндиликда сизларнинг Раббий Худойингиз биродарларингизга айтганидек, уларга тинчлик берди. Шунинг учун энди ортга қайтинглар ва Раббийнинг қули Мусо сизларга Йорданнинг нариги томонида берган ерингизга, ўз чодирларингизга боринглар.
5
Фақатгина Раббийнинг қули Мусо сизларга буюрган ― сизларнинг Раббий Худойингизни севиш, Унинг барча йўлларидан юриш, Унинг амрларини сақлаш, Унга ёпишиш, Унга бутун юрагингиз билан, бутун жонингиз билан хизмат қилиш ҳақидаги Аҳд ва қонунни диққат билан бажаришга ҳаракат қилинглар”.
6
Сўнгра Йешуа уларни дуо қилиб, қўйиб юборди ва улар ўз чодирларига тарқалиб кетдилар.
7
Мусо Манашеҳ қабиласининг биринчи ярмига Башандан улуш берди, унинг иккинчи ярмига эса, Йешуа Йорданнинг бу томонидан ғарбда, унинг биродарлари орасидан улуш берди. Йешуа уларни ўз чодирларига қўйиб юбораётганида, уларни дуо қилиб,
8
уларга: “Сизлар ўз чодирларингизга кўп бойликлар билан, жуда ҳам кўп чорвалар, кумуш, олтин, мис, темир, кўп кийимлар билан қайтинглар. Душманларингиздан олинган ўлжани ўз биродарларингиз билан бўлишинглар,”- деди.
9
Рубен ўғиллари, Гад ўғиллари ва Манашеҳ ярим қабиласи ортга қайтдилар ва Мусо орқали берилган Раббийнинг амрига кўра эгаликка олган ўзларининг эгалик ерларига, Гилъад ерига бориш учун Канъан еридаги Шилўҳдан, Исроил ўғилларининг олдидан жўнаб кетдилар.
10
Рубен ўғиллари, Гад ўғиллари ва Манашеҳ ярим қабиласи Канъан еридаги Йорданнинг ҳудудига келиб, ўша ерда Йордан бўйида қурбонгоҳ — кўриниши катта бўлган қурбонгоҳ қурдилар.
11
Шунда Исроил ўғиллари: “Мана, Рубен ўғиллари, Гад ўғиллари ва Манашеҳ ярим қабиласи Канъан ерида, Йорданнинг ҳудудида Исроил ўғилларининг рўпарасида қурбонгоҳ қурдилар,”- деган гап-сўзни эшитдилар.
12
Исроил ўғиллари буни эшитганларида, Исроил ўғилларининг бутун жамоаси уларга қарши жанг қилишга бориш учун Шилўҳда йиғилди.
13
Шундай бўлса-да, Исроил ўғиллари олдин Рубен ўғилларининг, Гад ўғилларининг ва Манашеҳ ярим қабиласининг олдига, Гилъад ерига руҳоний Элеазарнинг ўғли Пинеҳасни юбордилар.
14
У билан бирга ўнта ҳокимни, яъни Исроилнинг барча қабилаларидан ҳар бир авлоднинг ҳокимларини юбордилар. Уларнинг ҳар бири Исроилнинг минглаб одамлари орасида қабилабоши эди.
15
Улар Рубен ўғилларининг, Гад ўғилларининг ва Манашеҳ ярим қабиласининг олдига, Гилъад ерига келдилар ва уларга сўзлаб дедилар:
16
“Раббийнинг бутун жамоаси шундай демоқда: Сизлар бу кун Раббийдан чекиниб, ўзингизга қурбонгоҳ қуриб ва Раббийга қарши исён қилиб, эндиликда Исроилнинг Худосининг қаршисида нима учун бундай жиноят қилдингизлар?
17
Пеҳорнинг қонунбузарлиги бизга камлик қилдими? Биз ундан шу кунгача покланганимиз йўқ ва унинг учун Раббийнинг жамоаси қирғин бўлган эди.
18
Сизлар эса бугун Раббийдан чекинмоқдасизлар. Бугун сизлар Раббийга қарши исён қиляпсизлар, эртага эса Раббий Исроилнинг бутун жамоасидан ғазабланади.
19
Агар сизлар эгалик қилган ерингиз сизларга нопок бўлиб кўринаётган бўлса, унда Раббийнинг чодири жойлашган, Раббий эгалик қилган ерга ўтиб, бизнинг орамизда улуш олинглар, лекин ўзингиз учун бизнинг Раббий Худойимизнинг қурбонгоҳидан ташқари қурбонгоҳ қуриб, Раббийга ҳамда бизга қарши исён қилманглар.
20
Биргина Зераҳ ўғли Ахан лаънатланган нарсадан олиб жиноят қилмадими? Лекин ғазаб Исроилнинг бутун жамоасига келди. Унинг қонунбузарлиги учун унинг бир ўзи ўлмади”.
21
Рубен ўғиллари, Гад ўғиллари ва Манашеҳ қабиласининг ярми Исроилнинг мингбошиларига жавоб бериб дедилар:
22
“Худоларнинг Худоси Раббий, худоларнинг Худоси Раббий, У билади ва Исроил билсин! Агар бу исён ёки Раббийдан чекиниш бўлса, унда Раббий бизни бу кун қутқармасин!
23
Агар биз Раббийдан чекиниш учун, қурбонгоҳнинг устида тамоман ёндириш қурбонлиги ва нон бағишлови келтириш учун ҳамда унинг устида тинчлик қурбонлиги келтириш учун қурбонгоҳ қурган бўлсак, унда Раббийнинг Ўзи хун талаб қилсин!
24
Бироқ келгусида сизларнинг ўғилларингиз, бизнинг ўғилларимизга: Исроилнинг Раббий Худоси билан нима ишларинг бор?!
25
Эй, Рубен ва Гад ўғиллари, Раббий бизнинг ва сизларнинг орамизда Йорданни чегара қилиб қўйган. Раббийда сизларга улуш йўқ, деб айтишларидан хавотирланиб, биз буни қилдик. Шу тарзда, сизларнинг ўғилларингиз бизнинг ўғилларимизни Раббийга эҳтиром кўрсатишдан тўхтатмасинлар.
26
Шунинг учун биз дедик: Биз ўзимизга қурбонгоҳни тамоман ёндириш қурбонлиги ва қурбонлик келтириш учун эмас,
27
балки у сизлар билан бизнинг орамизда, бизнинг кейинги авлодларимизнинг орасида биз ўзимизнинг тамоман ёндириш қурбонликларимиз, бағишловларимиз ва тинчлик қурбонликларимиз билан Раббийга хизмат қила олишимизга гувоҳлик бўлиши учун ҳамда кейинги кунларда сизларнинг ўғилларингиз бизнинг ўғилларимизга: Раббийда сизларга улуш йўқ, деб айтмасликлари учун қурамиз.
28
Шунинг учун биз дедик: Агар кейинчалик бизга ва бизнинг авлодларимизга шундай деб айтсалар, биз: Мана, бизнинг оталаримиз тамоман ёндириш қурбонликлари ва қурбонликлар учун эмас, балки бу сизлар билан бизларнинг орамизда гувоҳлик бўлиши учун ясаган Раббийнинг қурбонгоҳининг нусхаси,- деб айтамиз.
29
Бизни Раббийга қарши исён кўтаришдан, эндиликда Раббийдан чекинишдан ва тамоман ёндириш қурбонликлари, нон бағишловлари ҳамда қурбонликлар келтириш учун Унинг Чодирининг қаршисидаги бизнинг Раббий Худойимизнинг қурбонгоҳидан бошқа қурбонгоҳ қуришдан Худо асрасин”.
30
Руҳоний Пинеҳас, жамоанинг ҳокимлари ва улар билан бирга бўлган Исроил мингбошилари Рубен ўғиллари, Гад ўғиллари ва Манашеҳ ўғиллари айтган сўзларни эшитиб, уларни қўллаб-қувватладилар.
31
Руҳоний Элеазарнинг ўғли Пинеҳас Рубен ўғилларига, Гад ўғиллари ва Манашеҳ ўғилларига: “Бугун биз Раббий бизнинг орамизда эканлигини ва сизлар Раббийнинг қаршисида бу жиноятни қилмаганингизни билдик. Энди сизлар Исроил ўғилларини Раббийнинг қўлидан қутқардингизлар,”- деди.
32
Руҳоний Элеазарнинг ўғли Пинеҳас ҳокимлар билан бирга эса Рубен ва Гад ўғилларининг олдидан Канъан ерига, Исроил ўғилларининг олдига қайтиб, уларга бу сўзни етказдилар.
33
Исроил ўғиллари буни қўллаб-қувватлаб, Худони олқишладилар. Рубен ва Гад ўғиллари яшайдиган ерни вайрон қилиш учун уларга қарши урушга бориш фикридан қайтдилар.
34
Рубен ва Гад ўғиллари қурбонгоҳни Эйд (“Гувоҳ”), деб атадилар, чунки улар дедилар: "Йаҳвеҳ ― бизнинг Худойимиз эканлигига бизнинг орамиздаги бу гувоҳдир".