20
1
Раббий Йешуага сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига айтгин: Ўзингиз учун Мен сизларга Мусо орқали айтган паноҳ шаҳарларини тайинланглар,
3
токи хато қилиб, тасодифан одамни ўлдириб қўйган қотил у ерга қочиб кета олсин. Сизларда ушбу шаҳарлар қон учун қасд олувчидан яширинадиган паноҳ жойи бўлсин.
4
Ушбу шаҳарларнинг бирига қочиб кетган киши шаҳарнинг дарвозасида туриб, ўша шаҳарнинг оқсоқолларининг қулоғига ўз масаласини етказсин. Улар уни ўз шаҳрига қабул қилсинлар ва у уларнинг орасида яшаши учун унга жой берсинлар.
5
Қон учун қасос олувчи унинг ортидан таъқиб қилиб келганида, улар қотилни унинг қўлларига топширмасликлари керак, чунки у ўз биродарини билмасдан, илгари ҳеч қачон унга нисбатан нафратга эга бўлмасдан ўлдирган.
6
У судда жамоанинг қаршисида намоён бўлмагунича ва ўша кунларда бўладиган буюк руҳоний ўлмагунича, у паноҳ шаҳрида яшасин. Сўнгра қотил, ўзи қочиб кетган шаҳарга, ўзининг шаҳарига, ўзининг уйига қайтиб борсин”.
7
Улар Нафтали тоғидаги Галиледа Қедешни, Эфрайим тоғидаги Шеқемни, Яҳудо тоғидаги Қиръат-Арба бошқачасига Хебронни ажратдилар.
8
Йорданнинг нариги томонидан, Йерихо қаршисида шарққа қараб, Рубен қабиласидан текислик устидаги саҳрода Безерни, Гад қабиласидан Гилъаддаги Рамўтни, Манашеҳ қабиласидан Башандаги Голанни ажратдилар.
9
Ушбу шаҳарлар Исроил ўғилларининг барчаси учун ва уларнинг орасида яшовчи мусофирлар учун белгиланди, токи тасодифан одамни ўлдириб қўйган ҳар қандай киши у ерга қочиб кетсин ва у жамоанинг қаршисида судда намоён бўлмагунича, қон учун қасос олувчининг қўлидан ўлмасин.