21 1 Шу воқеалардан сўнг Исо Тибериа денгизи бўйида шогирдларига яна зоҳир бўлди. У шундай зоҳир бўлди: 2 Шимўн Петъёр ва Эгизак, деб номланган Тўма, Галиленинг Кана шаҳридан бўлмиш Натанаэл, Забадийнинг ўғиллари ва бошқа иккита шогирд ўша ерда бирга эдилар. 3 Шимўн Петъёр уларга: “Мен балиқ овлагани кетяпман”,- деди. Улар эса унга: “Биз ҳам сен билан бирга борамиз”,- дедилар. Улар бориб, дарров қайиқнинг ичига ўтирдилар, бироқ ўша тунда ҳеч нарса тута олмадилар. 4 Лекин тонг отганида, Исо соҳилда турар эди. Аммо шогирдлари бу Исо эканлигини танимадилар. 5 Шунда Исо улардан: “Болалар, бирор егулигингиз борми?”- деб сўради. Улар: “Йўқ”,- деб жавоб бердилар. 6 Исо эса уларга: “Тўрингизни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар ва тутасизлар”,- деди. Улар ташладилар-у, ўшанда балиқнинг кўплигидан тўрларни чиқара олмадилар. 7 Шунда Исонинг севимли шогирди Петъёрга: “Бу Раббий!”- деди. Шимўн Петъёр бу Раббий эканлигини эшитганида, балиқчилик кийимини белига боғлаб, (зеро у яланғоч эди), ўзини денгизга отди. 8 Бошқа шогирдлар эса, балиқ билан тўлган тўрларни тортиб, қайиқда сузиб келдилар, чунки улар қирғоқдан узоқда эмас, яъни икки юз тирсак масофада эдилар. 9 Улар қирғоққа чиқишлари билан у ерда ёниб турган оловни, унда турган балиқ ва нонни кўрдилар. 10 Исо уларга: “Ҳозир тутган балиқларингизни олиб келинглар”,- деди. 11 Шимўн Петъёр бориб, бир юз эллик учта катта балиққа тўла тўрни ерга тортиб чиқарди. Балиқлар шунчалик кўплигига қарамасдан, тўр йиртилмаган эди. 12 Исо уларга: “Келиб, нонушта қилиб олинглар”,- деди. Бу Раббий эканлигини билиб, шогирдларидан бирортаси ҳам Ундан: “Сен Кимсан?”- деб сўрашга журъат қилмадилар. 13 Исо келиб, нонни олди ва уларга берди, шунингдек, балиқни ҳам бўлиб берди. 14 Шу тариқада Исо тирилгандан кейин учинчи марта шогирдларига зоҳир бўлди. 15 Улар нонушта қилиб олганларида, Исо Шимўн Петъёрга: “Эй, Йонаҳнинг ўғли Шимўн, сен Мени улардан кўра кўпроқ севасанми?”- деди. Петъёр Унга: “Ҳа, Раббий, мен Сени севишимни биласан”,- деди. Исо унга: “Менинг қўзиларимни ўтлатгин”,- деди. 16 Исо унга яна иккинчи бор: “Эй, Йонаҳнинг ўғли Шимўн, сен Мени севасанми?”- деди. Петъёр Унга: “Ҳа, Раббий, мен Сени севишимни биласан”,- деди. Исо унга: “Менинг қўзиларимни боққин”,- деди. 17 Исо унга учинчи бор: “Эй, Йонаҳнинг ўғли Шимўн, сен Мени севасанми?”- деди. Шунда Петъёр Исонинг ундан: Сен Мени севасанми,- деб учинчи бор сўрагани учун хафа бўлди. Шунинг учун у Исога: “Раббий, Сен ҳаммасини биласан, мен Сени севишимни биласан”,- деди. Исо унга: “Менинг қўзиларимни ўтлатгин,- деди,- 18 Ростини, сенга ростини айтаманки, сен ёш бўлганингда, камарингни ўзинг боғлаб, истаган жойингга борар эдинг, лекин қариганингда, қўлларингни узатасан ва ўзга одам сенинг камарингни боғлаб, сен истамаган жойга сени олиб боради”. 19 Петъёр қандай ўлим билан Худони улуғлашини англатаётиб, Исо буни айтди. Буни айтганидан сўнг, унга: “Ортимдан юр”,- деди. 20 Петъёр ортига ўгирилиб, Исо севган шогирднинг орқасидан бораётганини кўрди. Ўша шогирд эса кечки овқат вақтида Унинг кўксига ёнбошлаб: Раббий, ким Сенга хиёнат қилади,- деб сўраган эди. 21 Петъёр уни кўриб, Исога: “Раббий, У нима қилади?”- деди. 22 Исо эса унга: “Агар Мен келгунимча, у қолишини истасам, сенга нима? Сен Менга эргашгин”,- деди. 23 Шундай қилиб, биродарлар орасида: Шу шогирд ўлмайди,- деган гаплар тарқалиб кетди. Лекин Исо унга: Сен ўлмайсан,- деб айтмаган, балки: Агар Мен келгунимча, у қолишини истасам, сенга нима,- деб айтган эди. 24 Шу шогирд бу нарсалар ҳақида гувоҳлик бериб, бу нарсаларни ёзди. Биз эса биламизки, унинг гувоҳлиги ҳақиқийдир. 25 Исо яна кўп ишларни қилди, лекин уларнинг ҳар бири ёзилганида эди, менинг фикримча, ҳатто дунёнинг ўзи ҳам ёзилган китобларни сиғдира олмас эди. Омин.