18
1
Ўша кунларда Исроилда подшоҳ йўқ эди. Ўша кунларда Дан қабиласи яшаш учун ўзига улуш излар эди, чунки шу вақтгача Исроил қабилалари орасидан унга тўлиқ улуш тегмаган эди.
2
Дан ўғиллари ўзларининг қабилаларидан беш кишини, кучли эркакларни ерни кўздан кечириш ва билиб келиш учун Зораҳ ва Эштаол шаҳарчаларидан юбориб, уларга: “Боринглар, ерни билиб келинглар”,- дедилар. Улар Эфрайим тоғига, Микаҳнинг уйига келиб, ўша жойда тунадилар.
3
Микаҳнинг уйида бўлганларида, улар ёш левитнинг овозини танидилар ва у ерга кириб, ундан: “Ким сени бу ерга олиб келди? Сен бу ерда нима қиляпсан ва нима учун бу ердасан?”- деб сўрадилар.
4
У эса: “Микаҳ мен учун буни ва буни қилди, у мени ёллади ва мен унга руҳонийман”,- деди уларга.
5
Улар: “Худодан сўраб билгин, токи бизлар билайлик, бизлар бораётган бизнинг йўлимиз муваффақиятли бўладими?”- дедилар унга.
6
Руҳоний уларга: “Тинчлик билан боринглар. Сизлар бораётган йўл Раббийнинг кўзи олдидадир”,- деди.
7
Ўша беш киши кетиб, Лаишга келдилар. Ундаги халқ тинч яшаётганини, сидўнликларнинг одати бўйича сокин ва беғам эканини, у ерда биров бирор нарсада зулм қилиши ёки ҳокимиятга эга эканлиги йўқлигини кўрдилар. Улар сидўнликлардан узоқда яшар ва ҳеч ким билан ҳеч қанақа ишлари йўқ эди.
8
Улар биродарларининг олдига Зораҳ ва Эштаолга қайтдилар ва уларнинг биродарлари уларга: “Нима хабар олиб келдингизлар?”- дедилар.
9
Улар дедилар: “Туриб, уларга қарши борамиз. Биз ерни кўрдик, у жуда яхши ер. Сизлар эса ўйга чўмдингизлар. Бориб, ўша ерни мерос қилиб олишда сусткорлик қилманглар.
10
Сизлар борганингизда, беғам халқнинг олдига келасизлар. У ер эса кенг ер; бу шундай жойки, ердан олинадиган нарсалардан ҳеч нимада камчилиги йўқ”.
11
У ердан, Дан қабиласидан, Зораҳ ва Эштаолдан олти юз киши жанговар қуролларини тақиб йўлга тушдилар.
12
Улар бориб, Яҳудияда, Қиръат-Йаримда қароргоҳ қурдилар. Шунинг учун ўша жойни ҳозирги кунларгача Даннинг қароргоҳи, деб атайдилар. У Қиръат-Йаримнинг орқасидадир.
13
У ердан Эфрайим тоғига йўл олиб, Микаҳнинг уйига келдилар.
14
Ерни кўриб келиш учун борган беш киши ўз биродарларига: “Биласизларми, мана шу уйлардан бирида эфод, санам, ўйма ва қуйма бут бор. Шунинг учун нима қилишимиз кераклигини ўйлаб кўринглар”,- дедилар.
15
Сўнг улар у ерга кириб, Микаҳнинг хонадонига, ёш левитнинг уйига кирдилар ва у билан саломлашдилар.
16
Дан ўғилларидан олти юз киши эса жанговар қурол таққан бўлиб, дарвоза ёнида турар эдилар.
17
Ерни кўриб келгани борган беш киши бориб, ичкарига кирдилар ва ўйма бутни, эфодни, санамни ҳамда қуйма бутни олиб чиқдилар. Руҳоний эса жанговар қурол таққан ўша олти юз киши билан дарвоза ёнида турар эди.
18
Улар Микаҳнинг уйига кириб, ўйма бутни, эфодни, санам ва қуйма бутни олганларида, руҳоний уларга: “Сизлар нима қиляпсизлар?”- деди.
19
Улар: “Жим бўл, қўлинг билан оғзингни ёп ва биз билан юр. Бизнинг отамиз ҳамда руҳонийимиз бўлгин. Сен учун бир одамнинг уйида руҳоний бўлиш Исроилнинг қабиласида ёки авлодида руҳоний бўлишдан афзалми?”- дедилар унга.
20
Руҳоний эфод, санам ҳамда ўйма бутни олди ва қувониб, халқ билан бирга кетди.
21
Улар қайрилиб юриб кетиб, болаларни, чорва ва оғир юкларни олдинга ўтказдилар.
22
Улар Микаҳнинг уйидан узоқлашганларидан сўнг, Микаҳ уйининг ёнидаги қўшнилари йиғилиб, Дан ўғилларининг ортидан таъқиб қилишди.
23
Улар Дан ўғилларига қичқирар эдилар. Дан ўғиллари ўгирилиб, Микаҳга: “Сенга нима керак? Нима учун бундай қичқиряпсан?”- дедилар.
24
Микаҳ: “Сизлар мен ясаган менинг худоларим ва руҳонийни олиб кетдингизлар. Яна нима керак? Нима учун сизлар: Сенга нима керак?- дейсизлар?”
25
Дан ўғиллари унга: “Жим бўл, токи биз сенинг овозингни эшитмайлик. Акс ҳолда, биздан баъзилар ғазабланиб, сизларга ҳужум қилмасин ва сенинг ўзингни ҳам, оилангни ҳам ҳалок қилмасин”,- дедилар.
26
Шундай қилиб, Дан ўғиллари ўз йўлларидан кетдилар. Микаҳ эса уларнинг ўзидан кучлироқ эканликларини кўриб, ортига қайтди ва ўз уйига қайтиб келди.
27
Дан ўғиллари Микаҳ қилган нарсаларни ҳамда унда бўлган руҳонийни олиб, Лаишга, тинч ва беғам халққа қарши бордилар. Уларни қилич билан қирғин қилиб, шаҳарларига ўт қўйдилар.
28
Уларга ҳеч ким ёрдам бермади, чунки у Сидўндан йироқда ва ҳеч ким билан иши йўқ эди. Бу шаҳар Бейт-Реҳоб ёнидаги водийда жойлашган эди. Улар бошқатдан шаҳар қуриб, унда жойлашдилар.
29
Сўнг улар ўша шаҳарни Исроилнинг ўғли, ўзларининг оталари Дан шарафига Дан, деб атадилар. Олдин у шаҳарнинг номи Лаиш эди.
30
Дан ўғиллари ўзларида бут ўрнатдилар. Манашеҳ ўғли, Гершом ўғли Йўнатан, унинг ўзи ва ўғиллари ўша ернинг халқи кўчириб кетилгунича Дан қабиласининг руҳонийлари бўлдилар.
31
Худонинг уйи Шилўҳда бўлган пайтда улар ўзларида Микаҳ ясаган бутга эга эдилар.