16
1
Бир куни Шимшўн Ғазога келди ва у ерда фоҳишани кўриб, унинг олдига кирди.
2
Ғазонинг аҳолисига: “Шимшўн бу ерга келди”,- дейишди. Улар айланиб юрдилар ва уни туни билан шаҳарнинг дарвозасида қўриқлаб: “Тонг отгунича кутиб турамиз ва уни ўлдирамиз”,- деб айтиб, туни билан писиниб ўтирдилар.
3
Шимшўн эса ярим тунгача ухлади. Ярим тунда туриб, шаҳар дарвозаси эшикларини иккала роми билан қўпориб олди, уларни тамбаси билан бирга кўтарди, елкасига қўйиб, Хеброн йўлидаги тоғнинг чўққисига олиб кетди.
4
Шундан сўнг, у Сореқ водийсида яшайдиган бир аёлни севиб қолди. Унинг исми Далила эди.
5
Пелиштликларнинг ҳокимлари унинг олдига келишди ва унга: “Уни аврагин ва унинг буюк кучи нимада эканини, уни боғлаб, бўйсундиришимиз учун уни қандай енгишимиз мумкинлигини билиб бергин. Биз эса сенга бу учун ҳар биримиз бир минг юз шеқел кумушдан берамиз”,- дедилар.
6
Далила Шимшўнга: “Менга айтгин, сенинг буюк кучинг нимада ва сени бўйсундириш учун нима билан боғлаш керак?”- деди.
7
Шимшўн унга: “Агар мени камоннинг еттита қуритилмаган ҳўл ипи билан боғласалар, шунда мен кучсиз бўламан ва ҳамма одамлар каби бўлиб қоламан”,- деди.
8
Шунда пелиштликларнинг ҳокимлари камоннинг ҳали қуримаган еттита ҳўл ипини олиб, Далилага келдилар ва у Шимшўнни булар билан боғлади.
9
Бу вақтда улардан бири унинг ётоқхонасида яшириниб ўтирган эди. Далила Шимшўнга: “Шимшўн! Пелиштликлар сенинг олдингга келяптилар”,- деди. У каноп ипига олов текканида уни узиб юборганидек, арқонларни узиб ташлади. Унинг кучи нимадалигини эса била олишмаган эди.
10
Далила Шимшўнга: “Мана, сен мени алдадинг ва менга ёлғон гапирдинг. Менга ҳозироқ айтгин, сени нима билан боғлаш керак?”- деди.
11
У эса: “Агар мени ҳали ишлатилмаган янги арқонлар билан боғласалар, шунда мен кучсиз бўламан ва ҳамма одамлар каби бўлиб қоламан”,- деди унга.
12
Далила янги арқонларни олиб, уни боғлади ва унга: “Шимшўн! Пелиштликлар сенинг олдингга келяптилар”,- деди. Бу вақтда улардан бири ётоқҳонада яшириниб ўтирган эди. У ип каби буларни қўлларидан узиб ташлади.
13
Далила Шимшўнга: “Сен мени ҳалигача алдаяпсан ва менга ёлғон сўзлаяпсан. Менга айтгин, сени нима билан боғлаш керак?”- деди. У эса: “Агар сен менинг бошимдаги сочимнинг еттита кокилини матога тиксанг ва уни мих билан тўқиш тахтасига қоқиб қўйсанг, мени боғлай оласан”,- деди унга.
14
У уларни тўқиш тахтасига қоқиб қўйди ва унга: “Шимшўн! Пелиштликлар сенинг олдингга келяптилар”,- деди. У уйқусидан уйғонди ва тўқув тахтасини мато билан бирга суғуриб олди.
15
Далила унга: “Қандай қилиб сен менга: Сени севаман, дейсан, юрагинг эса мен билан бирга эмас? Мана, сен мени уч марта алдадинг ва буюк кучинг нимада эканини айтмадинг”,- деди.
16
У гаплари билан ҳар куни уни эзавергани ва уни қийнагани учун унинг жони ўлим қадар азобланди.
17
У унга бор юрагини очди ва унга: “Менинг бошимга устара теккан эмас, чунки мен онамнинг қорниданоқ Худонинг назорийиман. Агар менинг сочим қириб олинса, менинг кучим мени тарк этади, мен кучсиз бўламан ва бошқа одамлар каби бўлиб қоламан”,- деди.
18
У юрагини унга тўлиқ очганини кўриб, Далила одам юбориб, Пелишт ҳокимларини чақирди ва деди: “Энди келинглар, у менга бор юрагини очди”. Пелишт ҳокимлари унинг олдига қўлларида кумуш олиб келдилар.
19
Далила уни тиззаларида ухлатди ва одамни чақириб, унинг бошидаги еттита кокилини қириб олишни буюрди. Шунда у кучсизлана бошлади ва уни кучи тарк этди.
20
Далила: “Шимшўн! Пелиштликлар сенинг олдингга келяптилар”,- деди. У уйқусидан уйғонди ва деди: “Олдингидек кетаман ва қутилиб қоламан”. Лекин Раббий уни тарк этганини билмас эди.
21
Пелиштликлар уни қўлга олдилар.Унинг кўзларини ўйиб олдилар. Уни Ғазога олиб келиб, уни иккита мис занжир билан кишанладилар. У маҳбусларнинг уйида сомон янча бошлади.
22
Бу орада, унинг сочи қириб олинганидан сўнг унинг сочлари яна ўса бошлади.
23
Пелишт ҳокимлари ўз худолари Дагонга буюк қурбонлик келтириш ва шодланиш учун йиғилдилар ва дедилар: “Бизнинг худойимиз душманимиз Шимшўнни қўлимизга топширди”.
24
Шунингдек, халқ ҳам уни кўриб: “Бизнинг кўпчилигимизни ўлдирган, еримизни вайрон қилган бизнинг душманимизни худойимиз қўлимизга топширди”,- деб ўз худоларини шарафлар эди.
25
Уларнинг юраклари шодланганида, улар: “Шимшўнни чақиринглар. У бизни кулдирсин”,- дедилар. Шимшўнни маҳбуслар уйидан чақириб келдилар, у уларни кулдирар эди ва уни икки устун орасига қўйдилар.
26
Шимшўн уни етаклаб юрган ўсмирга: “Мени уйни тутиб турган устунларга яқин олиб боргин, мен уларни пайпаслаб кўрай ва уларга суянай”,- деди.
27
Уй эса эркак ва аёлларга тўла эди. Пелиштликларнинг барча ҳокимлари ўша жойда эдилар, уларни кулдираётган Шимшўнни томоша қилаётган томдаги эркак ва хотинларнинг сони уч минг киши эди.
28
Шимшўн Раббийга фарёд қилиб деди: “Ё, Раббий Худо! Мени ёдга олиб, фақатгина ҳозир учун мени қувватлагин, ё, Раббий, токи мен пелиштликлардан кўзларим учун биратўла қасдимни олайин!”
29
Шимшўн уйни суяб турган ва уй устида турган ўртадаги иккита устунни бирини ўнг қўли, иккинчисини чап қўли билан ўрнидан қўзғатди.
30
Сўнг Шимшўн: “Пелиштликлар билан ўлгин, эй, менинг жоним!”- деди. У бор кучи билан суянди, уй эса ҳокимлар ва ичидаги ҳамма одамларнинг устига қулади. Шимшўн ўлаётганида, ўлдирганларининг сони тириклигида ўлдирганларидан ошиқ эди.
31
Унинг биродарлари, унинг отасининг бутун хонадони келиб, уни олиб кетдилар. Сўнг уни Зораҳ ва Эштаол оралиғида, отаси Маноаҳнинг қабристонига кўмдилар. У Исроилда йигирма йил ҳакам бўлди.