1
1
Йешуанинг ўлимидан сўнг, Исроилнинг ўғиллари Раббийдан: “Биздан қайси биримиз канъанликларга қарши жанг қилишга борайлик?”- деб сўрадилар.
2
Раббий: “Яҳудо борсин. Мана, Мен ерни унинг қўлларига топшираман”,- деди.
3
Яҳудо эса ўзининг биродари Шимўнга: “Мен билан бирга менинг қуръамга киргин ва канъанликларга қарши курашамиз. Мен ҳам сенинг қуръангга кираман”,- деди. Шунда Шимўн у билан бирга борди.
4
Яҳудо борди. Раббий эса канъанликлар ва перизликларни уларнинг қўлларига топширди, улар Безеқда ўн минг кишини қириб ташладилар.
5
Безеқда улар Адони-Безеққа дуч келдилар ва улар билан жанг қилиб, канъанликлар билан перизликларни тор-мор келтирдилар.
6
Подшоҳ Адони-Безеқ қочиб кетди, лекин улар уни таъқиб қилдилар, уни тутиб олдилар ва унинг қўл ва оёқларидаги катта бармоқларини кесиб ташладилар.
7
Ўшанда Адони-Безеқ: “Қўл ва оёқларидаги катта бармоқлари кесиб ташланган етмишта подшоҳ менинг хонтахтам остидан ушоқларни териб ер эдилар. Мен қандай қилган бўлсам, Худо менга ҳам шундай қилди”,- деди. Уни Йерусалимга олиб келдилар ва у ўша ерда ўлди.
8
Яҳудонинг ўғиллари Йерусалимга қарши жанг қилдилар ва уни қўлга киритдилар, уни қилич тиғи билан қириб ташладилар ва шаҳарга ўт қўйдилар.
9
Сўнгра Яҳудо ўғиллари тоғларда жануб томонда ва пастликларда яшайдиган канъанликлар билан жанг қилгани бордилар.
10
Яҳудо Хебронда яшайдиган канъанликларга қарши борди. Хеброннинг номи илгари Қиръат-Арба эди. Улар уерда Шешайни, Аҳиман ва Талмайни қириб ташладилар.
11
У ердан Дебирнинг аҳолисига қарши борди. Дебирнинг номи илгари Қиръат-Сефер эди.
12
Шунда Калеб: “Ким Қиръат-Сеферни қириб ташласа ва уни қўлга киритса, унга қизим Ахсаҳни хотинликка бераман”,- деди.
13
Калебнинг кичик укаси Кеназнинг ўғли Отниэл эса уни қўлга киритди ва Калеб унга ўз қизи Ахсаҳни хотинликка берди.
14
У кетиши керак бўлганида, Отниэл уни отасидан унинг даласини сўрашга ундади. У эшакдан тушди ва Калеб унга: “Сенга нима керак?”- деди.
15
Ахсаҳ унга: “Менга баракат беринг,- деди,- Сиз менга шарқий ерни бердингиз, менга сув булоқларини ҳам беринг”. Шунда Калеб унга тепа ва қуйи булоқларни берди.
16
Мусонинг қайнатаси қайнлик Йитронинг ўғиллари, Палмалар шаҳридан Яҳудонинг ўғиллари билан биргаликда Араддан шарқ томонда бўлган Яҳудиянинг саҳросига келдилар ва келиб, халқ орасида жойлашдилар.
17
Яҳудо ўз биродари Шимўн билан бориб Зефатда яшаётган канъанликларни ўлдирдилар ва уларни тўлиқ қириб ташладилар. Шунинг учун шаҳар Хормаҳ, деб аталади.
18
Шунингдек, Яҳудо Ғазони унинг чегаралари билан бирга, Ашқалонни унинг чегаралари билан бирга, Эқронни унинг чегаралари билан бирга қўлга киритди.
19
Раббий Яҳудо билан бирга эди ва у тоғни қўлга киритди. Лекин водийнинг одамларини қувиб юбора олмади, чунки уларда темир аравалар бор эди.
20
Мусо айтганидек, Калебга Хебронни бердилар ва у ўша юртдан Анакнинг учта ўғлини қувиб юборди.
21
Бенямин ўғиллари эса Йерусалимда яшаган ябусликларни қувиб юбора олмадилар. Шунинг учун ябусликлар шу кунларгача Бенямин ўғиллари билан бирга Йерусалимда яшамоқдалар.
22
Юсуфнинг ўғиллари ҳам Бейт-Элга қарши бордилар ва Раббий улар билан бирга эди.
23
Юсуфнинг ўғиллари тўхтаб, Бейт-Элни кўздан кечирдилар (шаҳарнинг номи илгари Луз эди).
24
Соқчилар шаҳардан келаётган одамни кўрдилар ва унга: “Бизга шаҳарга кириш жойини кўрсатгин ва сенга шафқат қиламиз”,- дедилар.
25
У уларга шаҳарга кириш жойини кўрсатди ва улар шаҳарни қиличнинг тиғи билан қириб ташладилар, бу одам билан унинг қариндошларини эса қўйиб юбордилар.
26
Бу одам хетликларнинг ерига борди ва у ерда шаҳар қуриб, уни Луз, деб атади. Ҳозирги кунларда ҳам унинг номи шундай.
27
Манашеҳ ҳам Бейт-Шеаннинг аҳолиси ва унинг шаҳарчаларидаги аҳолини, Таанаҳ аҳолиси ва унинг шаҳарчаларидаги аҳолини, Дор аҳолиси ва унинг шаҳарчаларидаги аҳолини, Иблеам аҳолиси ва унинг шаҳарчаларидаги аҳолини, Мегиддон аҳолиси ва унинг шаҳарчаларидаги аҳолини қувиб юбормади. Канъанликлар шу ерда яшаб қолдилар.
28
Исроил кучга тўлганида, канъанликларни товон тўлайдиган қилди, лекин уларни тўлиқ қувиб юбормади.
29
Эфрайим ҳам Гезерда яшайдиган канъанликларни қувиб юбормади. Канъанликлар Гезерда уларнинг орасида яшайвердилар.
30
Забулун ҳам Китрон ва Наҳаллал аҳолисини қувиб юбормади ва канъанликлар уларнинг орасида яшаб, уларга товон тўлар эдилар.
31
Ашер ҳам Акко аҳолисини, Сидўн, Аҳлаб, Ахзиб, Хелбаҳ, Офоқ ва Реҳоб аҳолисини қувиб юбормади.
32
Ашер ўша ернинг аҳолиси бўлмиш канъанликларнинг орасида яшади, чунки уларни қувиб юбормади.
33
Нафтали ҳам Бейт-Шемеш ва Бейт-Анат аҳолисини қувиб юбормади ва ўша ернинг аҳолиси бўлмиш канъанликларнинг орасида яшади. Бейт-Шемеш ва Бейт-Анат аҳолиси унинг товон тўловчилари эдилар.
34
Амўрликлар Дан ўғилларини тоғларда сиқиб қўйдилар, чунки уларга водийга тушгани қўймас эдилар.
35
Амўрликлар Херес, Ойжавлон ва Шаалабин тоғларида яшаб қолдилар. Лекин Юсуф ўғилларининг қўллари амўрликларни енгди ва улар товон тўлайдиган бўлдилар.
36
Амўрликларнинг ҳудудлари Акраббим тепалигидан, қоядан бошланар ва ичкарига давом этар эди.