4
1
Шунинг учун Худонинг раҳм-шафқати бўйича шундай хизматга эга бўлиб, биз тушкунликка тушмаймиз.
2
Лекин яширин уятли ишларни рад этамиз, ҳийлакорлик қилмаймиз, Худонинг Сўзини бузмаймиз, балки ҳақиқатни аён қилиб, Худонинг ҳузурида ўзимизни ҳар бир инсоннинг виждонига тақдим этамиз.
3
Агарда Хушхабаримиз ёпиқ бўлса, у ҳалок бўлаётганлар учун ёпиқдир.
4
Худо тасвири бўлган Масиҳнинг шуҳрати ҳақидаги Хушхабарнинг нури имонсизларга порламаслиги учун бу дунёнинг худоси уларнинг онгини кўр қилиб қўйган.
5
Чунки биз ўзимизни эмас, балки Масиҳ Исони, яъни Раббийни воизлик қилмоқдамиз, биз эса Исо ҳақи сизларнинг қулларингизмиз.
6
Зеро қоронғиликдан нур порлашига буюрган Худо бизнинг юракларимизда порлади, токи Исо Масиҳнинг юзидаги Унинг шуҳратини билиш учун бизни ёритсин.
7
Куч-қудратнинг беҳад кўплиги эса бизники эмас, балки Худоники бўлиши учун, биз бу хазинани лой идишларда олиб юрибмиз.
8
Биз ҳар томондан сиқилмоқдамиз, лекин эзилмаймиз. Биз жуда оғир шароитлардамиз, лекин умидимизни йўқотмаймиз.
9
Биз қувғиндамиз, лекин тарк этилган эмасмиз. Биз қулатилмоқдамиз, лекин яксон бўлган эмасмиз.
10
Исонинг ҳаёти бизнинг танамизда намоён бўлиши учун, Раббий Исонинг ўликлигини ҳамиша танамизда олиб юрибмиз.
11
Чунки биз, тирик бўлганлар Исо ҳақи доимо ўлимга топширилмоқдамиз, токи Исонинг ҳаёти ҳам ўлимли танамизда намоён бўлсин.
12
Шундай қилиб, ўлим бизда, ҳаёт эса сизларда амал қилмоқда.
13
Энди: “Мен ишонар эдим, шунинг учун гапирар эдим”,- деб ёзилганидек, биз ҳам ўша имон руҳига эга бўлиб, ишонмоқдамиз, шунинг учун ҳам гапирмоқдамиз.
14
Зеро биламизки, Раббий Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исо орқали тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўзининг ҳузурида турғизиб қўяди.
15
Чунки ҳамма нарса сизлар учундир, токи иноятнинг мўл-кўлчилиги кўпларда Худонинг шуҳрати шаънига миннатдорчиликларни кўпайтирсин.
16
Шунинг учун биз тушкунликка тушмаяпмиз, чунки ташқи инсонимиз барбод бўлиб бораётган бўлса ҳам, бизнинг ички инсонимиз кундан кунга янгиланмоқда.
17
Зеро бу қисқа муддатли енгил қайғуларимиз бизга абадий шуҳратнинг беҳад чексиз вазминлигини келтиради,
18
фақатгина биз кўринадиган нарсаларга эмас, кўринмайдиган нарсаларга қарасак. Чунки кўринадиган нарсалар ўткинчи, кўринмайдиганлари эса абадийдир.