1 1 Худонинг иродасига биноан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган Повул ва биродаримиз Тимўтийдан Коринф шаҳридаги Худонинг Жамоатига ва Ахая вилоятидаги барча муқаддасларга: 2 Отамиз Худодан ва Раббий Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин! 3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худо муборакдир! У раҳм-шафқатнинг Отаси ва ҳар қандай тасаллининг Худосидир. 4 У ҳар қандай қайғуларимизда бизга тасалли бермоқда, токи биз ўзимиз ҳам Худонинг бизга берган тасаллиси билан бошқаларга ҳар қандай қайғуларида тасалли бера олайлик! 5 Чунки Масиҳнинг азоблари бизда қанча кўпаяётган бўлса, Масиҳ орқали бизнинг тасаллимиз ҳам шунча кўпаймоқда. 6 Шунинг учун биз қайғураётган бўлсак, бу сизларнинг тасалли ва нажот топишингиз учундир. Нажотингиз эса биз чекаётган худди шундай азобларга бардош беришингиз орқали амалга ошмоқда. Агарда биз тасалли топаётган бўлсак, бу ҳам сизларнинг тасалли ва нажот топишингиз учундир. 7 Сизлар ҳақингизда умидимиз мустаҳкамдир, чунки сизлар азобларимизга шерик бўлганингиздек, худди шундай, бизнинг тасаллимизга ҳам шерик эканлигингизни биламиз. 8 Биродарлар, Асия юртида бошимизга тушган қайғулардан хабарсиз қолишингизни истамаймиз. Биз ҳаддан ташқари чидаб бўлмайдиган даражада эзилдик, ҳатто тирик қолишдан ҳам умидимизни узган эдик. 9 Зотан, биз ичимизда ўлим ҳукмига эга эдик, токи биз ўзимизга эмас, балки ўликларни тирилтирадиган Худога умид боғлайлик. 10 У эса бизни даҳшатли ўлимдан халос қилди ва халос қилмоқда, ҳамда яна халос қилади, деб Унга умид боғлаймиз. 11 Сизлар ҳам биз учун ибодат қилиб, бунга кўмаклашмоқдасизлар, токи кўпларнинг шафоати туфайли бизга ато қилинган инъом учун кўплар Худога шукрона билдирсинлар. 12 Бизнинг мақтовимиз – бу виждонимизнинг гувоҳлиги: биз бу дунёда, айниқса, сизларнинг орангизда инсоний донолик бўйича эмас, балки Худонинг инояти бўйича соддалик ҳамда Худога маъқул бўлган самимийлик билан ҳаёт кечирдик. 13 Зеро биз сизлар ўқиётган ёки тушунаётганингиздан ортиқ ҳеч нарсани ёзмаяпмиз. Умид қиламанки, буларни охиригача тушуниб оласизлар. 14 Сизлар аллақачон қисман тушунгансизларки, Раббий Исонинг кунида биз сизларнинг мақтовингиз, сизлар эса бизнинг мақтовимиз бўласизлар. 15 Бунга амин бўлиб, сизлар иккинчи марта иноят олишингиз учун мен олдин ҳам сизларнинг ёнингизга келиш ниятида эдим. 16 Сизларнинг олдингиздан Македонияга ўтиб, Македониядан яна сизларнинг олдингизга қайтмоқчи эдим, сизлар эса мени Яҳудияга кузатиб қўяр эдингизлар. 17 Мен шундай ниятга эга бўлиб, енгилтаклик билан ҳаракат қилдиммикан? Ёки гоҳ “ҳа”, гоҳ “йўқ”, деб тана изми бўйича қарор қилдиммикан? 18 Худо содиқ гувоҳки, сизларга айтган сўзимиз гоҳ “ҳа”, гоҳ “йўқ” бўлмаган. 19 Бизнинг (яъни мен, Силван ва Тимўтий) томонимиздан сизларнинг орангизда воизлик қилинган Худонинг Ўғли – Исо Масиҳ гоҳ “ҳа”, гоҳ “йўқ” эмас эди. Лекин Унда “ҳа” эди. 20 Чунки Худонинг барча ваъдалари биз орқали Унинг шуҳрати намоён бўлиши учун Исо Масиҳда “ҳа” ва “омин”дир. 21 Исо Масиҳда сизлар билан бизни мустаҳкамлаган ва мойлаган Худонинг Ўзидир. 22 У бизга муҳр босди ва юракларимизга Руҳнинг гаровини берди. 23 Худони ўз дилимга гувоҳ сифатида чақираманки, сизларни аяганим учун ҳалигача Коринфга бормадим, 24 гўё сизларнинг имонингиз устидан ҳукмронлик қилишимиз учун эмас, балки қувончингизга кўмаклашишимиз учундир. Зеро сизлар имонда мустаҳкамлангансизлар.