22 1 Уч йил давомида Сурия ва Исроил орасида уруш бўлмади. 2 Учинчи йили Яҳудиянинг подшоҳи Йеҳошафат Исроил подшоҳининг олдига келди. 3 Исроилнинг подшоҳи ўз хизматкорларига: “Гилъаддаги Рамўт бизники эканлигини биласизларми? Биз эса узоқ вақт жим ўтирибмиз ва уни Сурия подшоҳининг қўлидан олмаяпмиз”,- деди. 4 У Йеҳошафатга: “Сен мен билан бирга Гилъаддаги Рамўта қарши жангга борасанми?”- деди. Йеҳошафат Исроил подшоҳига: “Мен сендекман, менинг халқим сенинг халқингдек, менинг отларим сенинг отларингдек”,- деди. 5 Яна Йеҳошафат Исроил подшоҳига: “Раббий нима дейди, бугун сўраб билгин”,- деди. 6 Шунда Исроил подшоҳи пайғамбарларни, тахминан тўрт юз кишини йиғди ва уларга: “Мен Гилъаддаги Рамўтга қарши жангга борайми ёки йўқми?”- деди. Улар: “Боринг, Раббий уни подшоҳнинг қўлига топширади”,- дедилар. 7 Йеҳошафат: “Бу ерда Раббийнинг яна бошқа пайғамбари йўқми? Токи у орқали Раббийдан сўраб олайлик”,- деди. 8 Исроил подшоҳи Йеҳошафатга: “Яна бир киши бор, у орқали биз Раббийдан сўраб билишимиз мумкин, лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда яхши нарсаларни башорат қилмайди, фақат ёмонликни башорат қилади. У – Имлаҳнинг ўғли Микаҳ”,- деди. Лекин Йеҳошафат: “Подшоҳ, бундай демагин”,- деди. 9 Исроил подшоҳи бир бичилган қулни чақириб: “Зудлик билан Имлаҳнинг ўғли Микаҳни олиб кел”,- деди. 10 Исроилнинг подшоҳи ва Яҳудиянинг подшоҳи Йеҳошафат, Самариянинг дарвозалари олдидаги майдонда шоҳона кийимларини кийиб, ҳар бири ўзининг тахтида ўтирар эди. Уларнинг қаршисида барча пайғамбарлар башорат қилар эдилар. 11 Шунда Хенаанаҳнинг ўғли Сидқийаҳ ўзига темир шох ясади ва деди: “Раббий шундай дейди: Бу билан сурияликларни тўлиқ қириб ташлагунингча сузасан”. 12 Барча пайғамбарлар ҳам: “Гилъаддаги Рамўтга қарши боринг, муваффақият қозонасиз. Раббий уни подшоҳнинг қўлига топширади”,- деб шундай башорат қилар эдилар. 13 Микаҳни чақириб келишга борган хабарчи унга: “Мана, пайғамбарларнинг сўзлари бир оғиздан подшоҳга яхшиликни башорат қилмоқда. Илтимос, сенинг сўзинг ҳам уларнинг бирининг сўзи каби бўлсин, сен ҳам яхшиликни гапиргин”,- деди. 14 Бироқ Микаҳ: “Раббий тирик! Раббий менга нима деса, шуни башорат қиламан”,- деди. 15 У подшоҳнинг олдига келди. Подшоҳ унга: “Микаҳ, биз Гилъаддаги Рамўтга қарши урушга борайликми ёки йўқми?”- деди. У унга: “Боргин, муваффақият қозонасан, чунки Раббий уни подшоҳнинг қўлига топширади”,- деди. 16 Подшоҳ унга: “Сен менга Раббий номи билан фақат ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса айтмаслигингни мен сендан такрор ва такрор илтимос қиламан”,- деди. 17 Шунда у деди: “Мен барча исроилликларни чўпони йўқ қўйлар каби тоғларда тарқалиб кетганини кўрмоқдаман. Сўнг Раббий: Уларнинг бошлиғи йўқ, ҳар бири ўзининг уйига тинчлик билан қайтсин, деди”. 18 Исроилнинг подшоҳи Йеҳошафатга: “У мен ҳақимда яхшиликни башорат қилмайди, фақат ёмонликни башорат қилади, деб мен сенга айтмаганмидим?”- деди. 19 Микаҳ деди: “Раббийнинг сўзини тингла. Мен Раббийнинг Ўз тахтида ўтирганини кўрдим, барча самовий қўшинлар Унинг ёнида: Унинг ўнг ва чап қўли томонида турар эдилар. 20 Раббий: Ким Ахабни аврай олади, токи у чиқиб бориб, Гилъаддаги Рамўтда қуласин? деди. Бири бундай деди, бошқаси ундай деди. 21 Шунда бир руҳ келиб, Раббий қаршисида турди ва деди: Мен уни аврай оламан. 22 Раббий унга: Қандай қилиб? деди. У эса: Мен бориб, унинг барча пайғамбарларининг оғизларида алдамчи руҳ бўламан, деди. Шунда У: Сен уни аврай оласан ва буни амалга оширасан. Боргин ва шундай қилгин, деди. 23 Мана, Раббий сенинг ушбу барча пайғамбарларингнинг оғзига алдамчи руҳни солди, лекин Раббий сенга нисбатан кулфатни эълон қилди”. 24 Шунда Хенаанаҳнинг ўғли Сидқийаҳ яқин келди ва Микаҳнинг юзига уриб: “Наҳот сен орқали гапириш учун Раббийнинг Руҳи мендан кетган бўлса?”- деди. 25 Микаҳ: “Мана, сен яшириниш учун хонадан хонага югуришни бошлаган кунингда буни кўрасан”,- деди. 26 Шунда Исроил подшоҳи деди: “Микаҳни тутиб, шаҳар бошлиғи Амоннинг ва подшоҳнинг ўғли Йоашнинг олдига қайтариб олиб боринглар 27 ва бундай денглар: Подшоҳ шундай дейди: Буни зиндонга қамаб, мен тинчликда қайтиб келгунимча, уни кам нон ва кам сув билан боқинглар”. 28 Микаҳ деди: “Агар тинчликда қайтсанг, унда Раббий мен орқали гапирмаган”. У яна: “Эй, халқ, ҳар бирингиз эшитиб олинг!”- деди. 29 Шундай қилиб, Исроил подшоҳи ва Яҳудия подшоҳи Йеҳошафат Гилъаддаги Рамўтга кетдилар. 30 Исроил подшоҳи Йеҳошафатга: “Мен кийимимни алмаштириб, жангга кираман, сен эса шоҳона кийимларингни кийиб олгин”,- деди. Исроил подшоҳи кийимини алмаштириб, жангга кирди. 31 Сурия подшоҳи ўзининг араваларини бошқарадиган ўттиз иккита бошлиғига: “Бирор кичик билан ҳам, катта билан ҳам жанг қилманглар, фақат Исроилнинг подшоҳи билан жанг қилинглар”,- деб буюрди. 32 Араваларнинг бошлиқлари Йеҳошафатни кўриб: “Бу аниқ Исроилнинг подшоҳи”,- деб ўйладилар. Улар у билан жанг қилиш учун унга бурилдилар. Йеҳошафат эса қичқириб юборди. 33 Араваларнинг бошлиқлари у Исроилнинг подшоҳи эмаслигини кўриб, уни таъқиб қилишдан қайтдилар. 34 Бир киши эса тасодифан камонини тортиб, Исроил подшоҳини совутининг чокини тешиб ярадор қилди. У ўзининг аравакашига: “Ортга бургин, мени қўшин ичидан олиб чиққин, чунки мен яраландим”,- деди. 35 Лекин ўша куни жанг кучайди, подшоҳ аравада сурияликларнинг қаршисида туриб қолди ва оқшом ўлди. Унинг ярасининг қони аравага қуйилар эди. 36 Қуёшнинг ботиши билан бутун қўшинга: “Ҳар бир киши ўз шаҳрига ва ҳар бир киши ўз ерига кетсин!”- деб эълон қилинди. 37 Шундай қилиб, подшоҳ ўлди ва уни Самарияга олиб келишди. Сўнг подшоҳни Самарияда кўмдилар. 38 Аравани Самариядаги ҳовузда ювдилар, шунингдек, унинг қурол-аслаҳаларини ювдилар ва Раббий айтган Унинг сўзи бўйича итлар унинг қонини ялар эдилар. 39 Ахабнинг қолган фаолияти ва унинг қилган барча ишлари, у фил суягидан қурган уй ва у қурган барча шаҳарлар ҳақида Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 40 Ахаб кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва унинг ўрнига ўғли Ахазийаҳ подшоҳ бўлди. 41 Исроилнинг подшоҳи Ахаб ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Яҳудиянинг устидан Осонинг ўғли Йеҳошафат подшоҳ бўлди. 42 Йеҳошафат подшоҳ бўлганида, ўттиз беш ёшда эди ва Йерусалимда йигирма беш йил ҳукмронлик қилди. Унинг онаси Шилҳининг қизи Азубаҳ эди. 43 У ҳамма соҳада ўзининг отаси Осонинг йўлларидан юрар ва Раббийнинг нигоҳида яхши ишларни қилиб, ундан четга чиқмас эди. Фақатгина тепаликлар барбод қилинмаган эди. Халқ ҳамон тепаликларда қурбонликлар келтирар ва тутатқилар тутатар эди. 44 Йеҳошафат Исроил подшоҳи билан тинчлик битимини тузди. 45 Йеҳошафатнинг қолган ишлари, унинг қилган жасоратлари ва у қандай жанг қилгани Яҳудия подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 46 Унинг отаси Осо кунларидан қолган фоҳишабозларни у ер юзидан қириб ташлади. 47 Ўша пайтда Эдўмда подшоҳ йўқ эди, фақат подшоҳнинг вакили бор эди. 48 Йеҳошафат Офирга олтинга бориш учун Таршиш кемаларини ясади, лекин улар етиб бора олмадилар, чунки улар Эзион‑Геберда парчаланиб кетдилар. 49 Шунда Ахабнинг ўғли Ахазийаҳ Йеҳошафатга: “Менинг хизматкорларим сенинг хизматкорларинг билан бирга кемада борсинлар”,- деди. Лекин Йеҳошафат рози бўлмади. 50 Йеҳошафат кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва ўз отаси Довуднинг шаҳрида ўзининг оталари ёнида дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Йеҳорам подшоҳ бўлди. 51 Яҳудия подшоҳи Йеҳошафат ҳукмронлигининг ўн еттинчи йилида Самарияда Исроил устидан Ахабнинг ўғли Ахазийаҳ подшоҳ бўлди ва у Исроил устидан икки йил ҳукмронлик қилди. 52 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар ва ўз отаси билан онасининг йўлидан ҳамда Исроилни гуноҳга ботирган Небатнинг ўғли Йеробоамнинг йўлидан юрар эди. 53 Чунки у Баалга хизмат қилар, унга сажда қилар ҳамда отаси қилган барча ишларни қилиб, Исроилнинг Раббий Худосини ғазаблантирар эди.