16 1 Энди, муқаддаслар учун эҳсон йиғишингизда эса, мен Галатиядаги Жамоатларда ўрнатган тартибга биноан иш тутинглар: 2 ҳафтанинг биринчи кунида сизларнинг ҳар бирингиз имконингиз бўйича эҳсонини бир четга олиб қўйиб, ўзингизда сақланглар, токи мен келганимда, буларни йиғишга зарурат бўлмасин. 3 Мен келганимда эса, йиққан эҳсонларингизни Йерусалимга етказиш учун сизлар танлаган кишиларни мактублар билан жўнатаман. 4 Агарда менинг ҳам боришим зарур бўлса, унда улар мен билан бирга борадилар. 5 Энди эса мен Македония орқали ўтаётганимда, сизнинг олдингизга бораман, (чунки Македония орқали ўтаман). 6 Шунда ёнингизда бир оз қоларман, ёки қишни ҳам ўтказарман, сўнг сизлар мени кетадиган жойимга кузатарсизлар. 7 Чунки бу сафар сизлар билан йўл-йўлакай кўришиб кетишни хоҳламайман. Аммо Раббий ижозат берса, ёнингизда бир қанча вақт қолишга умид қиламан. 8 Эфесда эса мен Элликлик кунигача қоламан, 9 чунки менга улкан ва кенг эшик очилди, лекин менга қарши чиққанлар ҳам кўп. 10 Агарда Тимўтий ёнингизга келса, у сизларнинг орангизда хавфсизликда бўлишига эътибор беринглар, чунки у менга ўхшаб Раббийнинг хизматини қилмоқда. 11 Шунинг учун ҳеч ким унга менсимасдан қарамасин. Аксинча, у менинг олдимга етиб келиши учун, уни тинчлик билан кузатиб қўйинглар, чунки мен уни биродарлар билан бирга кутмоқдаман. 12 Биродаримиз Аполлосга келсак, унинг бошқа биродарлар билан сизларнинг олдингизга боришини мен ундан қаттиқ илтимос қилган эдим, бироқ у ҳозир боришни асло хоҳламади. Аммо у қулай фурсат топганида боради. 13 Ҳушёр бўлинглар, имонда мустаҳкам туринглар, мард ва кучли бўлинглар. 14 Ҳамма ишларингиз севги билан қилинсин. 15 Эй, биродарлар, сизлар Стефаннинг хонадонини биласизларки – улар Ахаянинг бошланғичи бўлиб, ўзларини муқаддасларга хизмат қилишга бағишладилар. Шунинг учун сизлардан илтимос қиламан: 16 бундайларга ҳамда барча ҳамкорлару хизмат қилаётганларга ўзларингизни бўйсундиринглар. 17 Мен Стефан, Фортунат ва Ахаикнинг келганидан хурсанд бўлдим, улар сизларнинг йўқлигингизни тўлдирдилар. 18 Улар менинг ва сизларнинг руҳингизни тинчлантирдилар. Бундайларни эҳтиром қилинглар. 19 Асиядаги Масиҳ Жамоатлари сизларга салом йўллаяпти. Акил билан Прискилла ва уларнинг уй Жамоати сизларга Раббийда кўп саломлар йўлламоқдалар. 20 Барча биродарлар сизларга салом йўллаяптилар. Бир-бирингизга муқаддас ўпич билан салом беринглар. 21 Мен, Повул, ўз қўлим билан сизларга салом ёзяпман. 22 Кимки Раббий Исо Масиҳни севмаса, лаънати бўлсин. Раббимиз келмоқда! 23 Раббий Исо Масиҳнинг инояти ҳаммаларингиз биландир. 24 Менинг севгим Исо Масиҳда бўлган сизларнинг ҳаммаларингиз биландир. Омин.