15 1 Энди, биродарлар, мен сизларга воизлик қилган Хушхабарни эслатмоқчиман. Сизлар эса шу Хушхабарни қабул қилдингизлар ва унда қаттиқ турибсизлар. 2 Мен сизларга воизлик қилганларимни сақлаб турсангизлар, бу сўз орқали нажот топасизлар, агарда фақат беҳудага имон келтирган бўлмасангизлар. 3 Мен қабул қилган нарсаларни дастлаб сизларга топширган эдим, яъни Ёзувлар бўйича Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлди, 4 яна Ёзувлар бўйича У кўмилди ва учинчи куни тирилди. 5 Сўнгра У Кифага, кейин эса ўн икки шогирдига зоҳир бўлди. 6 Шунингдек, У бир вақтнинг ўзида беш юздан ортиқ биродарга зоҳир бўлди. Уларнинг кўпчилиги ҳалигача тирик, баъзилари эса ўлганлар. 7 Кейин эса Масиҳ Ёқубга ҳамда ҳамма ҳаворийларга зоҳир бўлди. 8 Ҳаммадан кейин эса чала туғилганга ўхшаган менга зоҳир бўлди. 9 Мен ҳаворийлардан энг кичиги бўлиб, ҳаворий, деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг Жамоатини қувғин қилганман. 10 Лекин Худонинг инояти туфайли мен ким бўлсам, ўшаман. Менга берган Унинг инояти эса беҳуда бўлмади, чунки мен уларнинг ҳаммасидан кўра кўпроқ меҳнат қилдим. Бироқ меҳнат қилган мен эмас, балки мен билан бўлган Худонинг иноятидир. 11 Хуллас, менми ёки уларми – биз шундай воизлик қилмоқдамиз, сизлар эса шундай имон келтиргансизлар. 12 Агар: “Масиҳ ўликлардан тирилди”, деб воизлик қилинаётган бўлса, унда қандай қилиб сизларнинг баъзиларингиз: “Ўликларнинг тирилиши йўқ”, деб айтмоқдасизлар? 13 Агарда ўликларнинг тирилиши бўлмаса, унда Масиҳ ҳам тирилмаган. 14 Агарда Масиҳ тирилмаган бўлса, унда бизнинг воизлигимиз беҳуда, сизнинг имонингиз ҳам беҳудадир. 15 Бунинг устига, биз Худонинг сохта гувоҳлари бўлиб чиқар эдик, чунки Масиҳни тирилтирмаган Худо ҳақида биз: “У Масиҳни тирилтирди”, деб гувоҳлик беряпмиз, агар фақатгина ўликлар тирилмайдиган бўлсалар. 16 Чунки агар ўликлар тирилмайдиган бўлса, унда Масиҳ ҳам тирилмаган. 17 Агарда Масиҳ тирилмаган бўлса, унда сизларнинг имонингиз ҳам беҳудадир: сизлар ҳали ўз гуноҳларингиздасизлар. 18 Шу йўсинда, Масиҳда ўлганлар ҳам ҳалок бўлганлар. 19 Агар биз фақатгина бу ҳаётда Масиҳга умид боғлаган бўлсак, биз барча одамларнинг орасида энг бахтсизимиз. 20 Лекин Масиҳ ўликлардан тирилди ва ўлганлардан бошланғич бўлди. 21 Зеро ўлим бир одам орқали келганидек, ўликларнинг тирилиши ҳам бир одам орқалидир. 22 Одам-Атода ҳамма ўлаётганидай, худди шундай Масиҳда ҳамма тирилади, 23 бироқ ҳар бири ўз тартиби бўйича: аввал бошланғич бўлган Масиҳ, сўнгра Унинг қайтиб келишида Масиҳникилар. 24 Кейин эса У ҳар қандай ҳукмронлик, ҳокимият ва куч-қудратни йўқ қилиб, Шоҳлигини Ота Худога топширганида, охират бўлади. 25 Чунки Масиҳ барча душманларини Ўзининг оёқлари остига йиқитмагунича подшоҳлик қилиши керак. 26 Йўқ қилинадиган охирги душман – бу ўлимдир, 27 зеро Худо ҳамма нарсани Масиҳнинг оёқлари остига бўйсундирди. “Ҳамма нарса Унга бўйсундирилган”, деб айтилганида, Унга ҳамма нарсани бўйсундирган Кимса бундан истисно эканлиги аниқдир. 28 Унга ҳамма нарса бўйсундирилганида, ўшанда Ўғил ҳам Унга ҳамма нарсани бўйсундирган Отага Ўзини бўйсундиради, токи Худо ҳамма нарсада ҳамма нарса бўлсин. 29 Акс ҳолда, ўликлар ҳақи сувда чўмдирилаётганлар нима қилмоқдалар? Агар ўликлар мутлақо тирилмаса, унда нима учун ўликлар ҳақи сувда чўмдирилмоқдалар? 30 Унда нима учун биз ҳар соат ўзимизни хавф-хатарларга йўлиқтирмоқдамиз? 31 Биродарларим, мен Раббимиз Исо Масиҳда эга бўлган мақтовингиз билан айтаманки, мен ҳар куни ўлмоқдаман. 32 Инсоний нуқтаи назардан, мен Эфесда йиртқич ҳайвонлар билан курашганимда, (агар ўликлар тирилмайдиган бўлсалар), бундан менга нима фойда бор эди? Унда келинг, еб-ичайлик, чунки эртага ўламиз! 33 Адашманглар! Ёмон улфатлар яхши хулқни бузади. 34 Ҳақлик учун уйғонинглар ва гуноҳ қилманглар. Сизларнинг уялишингиз учун айтяпман, сизларнинг баъзиларингиз Худони билмайсизлар. 35 Лекин кимдир айтиши мумкин: ўликлар қандай қилиб тириладилар? Ва улар қайси танада келадилар? 36 Эй, ақлсиз! Агар сенинг эккан уруғинг ўлмаса, тирилмайди-ку! 37 Сен экаётганингда, келажакдаги жисмни эмас, балки яланғоч уруғни, масалан, буғдой ёки бирон бир бошқасини экасан. 38 Лекин Худо ҳар бир уруққа Ўзи хоҳлаганидай, алоҳида ўз жисмини беради. 39 Ҳар қандай тана ҳам бир хил эмас, лекин инсонларнинг танаси бошқа, ҳайвонларнинг танаси бошқа, қушларнинг танаси бошқа, балиқларнинг танаси бошқа. 40 Самовий жисмлар бор ва ердаги жисмлар ҳам бор, лекин самовий жисмларнинг шуҳрати бошқа, ер юзидаги жисмларнинг шуҳрати бошқа. 41 Қуёшнинг шуҳрати бошқа, ойнинг шуҳрати бошқа, юлдузларнинг шуҳрати бошқа, юлдуз ҳам юлдуздан шуҳрати билан фарқ қилади. 42 Ўликларнинг тирилиши ҳам шундайки: чирилишда экилади-ю, чиримасликда кўтарилади; 43 ҳурматсизликда экилади-ю, шуҳратда кўтарилади; заифликда экилади-ю, қудратда кўтарилади; 44 жонга оид жисм экилади-ю, руҳий жисм кўтарилади. Жонга оид жисмлар бор, руҳий жисмлар ҳам бор. 45 Зеро шундай ёзилган: “Биринчи инсон, яъни Одам-Ато тирик жон бўлди”. Охирги Одам эса ҳаётбахш руҳ бўлди. 46 Лекин биринчи навбатда руҳий бўлган эмас, балки жонга оид бўлган одам келади. Руҳий бўлган эса кейинроқ келади. 47 Биринчи одам – ердан бўлган тупроқдир. Иккинчи Одам эса – самодан бўлган Раббийдир. 48 Тупроққа оид қандай бўлса, тупроққа оид бўлганлар ҳам худди шундайдирлар. Самовий қандай бўлса, самовийлар ҳам худди шундайдирлар. 49 Биз тупроққа оиднинг тасвирини кўтариб юрганимиздай, худди шундай Самовийнинг тасвирини кўтариб юрамиз. 50 Биродарларим, сизларга шуни айтяпманки, тана ва қон Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб ола олмайди, чириш ҳам чиримасликни мерос қилиб ола олмайди. 51 Мана, мен сизларга бир сирни айтаман: ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, бироқ ҳаммамиз ўзгарамиз. 52 Тўсатдан, охирги карнай чалинганида, биз кўз очиб юмгунча ўзгарамиз. Зеро карнай чалинади ва ўликлар чиримайдиган бўлиб тириладилар, биз эса ўзгарамиз. 53 Чунки бу чирийдиган нарса чиримайдиганга, бу ўладиган нарса ўлмайдиганга бурканиши керак. 54 Шундай қилиб, бу чирийдиган нарса чиримайдиганга, бу ўладиган нарса ўлмайдиганга бурканганида, ўшанда шу ёзилган сўз бажо бўлади: “Ўлим ғалаба томонидан ютиб юборилди. 55 Эй, ўлим, сенинг нишинг қаерда? Эй, ўлим, сенинг ғалабанг қаерда?” 56 Ўлимнинг ниши – гуноҳ, гуноҳнинг кучи эса – Қонундир. 57 Лекин Худога шукрки, У бизга Раббимиз Исо Масиҳ орқали ғалаба берди! 58 Шунинг учун, эй, севикли биродарларим, мустаҳкам ва тебранмас бўлинглар. Сизларнинг Раббий олдидаги меҳнатингиз беҳуда эмаслигини билиб, Раббийга хизмат қилишда доимо ўта муваффақиятли бўлинглар.