29
1
Подшоҳ Довуд бутун йиғинга деди: “Худо биргина менинг ўғлим Сулаймонни танлади. У ҳали ёш ва заиф, ушбу иш эса улкандир, чунки ушбу сарой инсон учун эмас, балки Раббий Худо учундир.
2
Мен бор кучим билан ўз Худойимнинг уйига олтин нарсалар учун олтин, кумуш нарсалар учун кумуш, мис нарсалар учун мис, темир нарсалар учун темир, ёғоч нарсалар учун ёғоч тайёрладим ҳамда ақиқ тошлар, қўндириш учун тошлар, чиройли ва ранг-баранг тошлар, ҳар қандай қимматбаҳо тошлар, кўплаб мармар тошлар тайёрладим.
3
Боз устига, Худойимнинг уйига нисбатан бўлган севгим туфайли, муқаддас уй учун тайёрлаб қўйган барча нарсалардан ташқари мен шахсий хазинамдан олтин ва кумушларни Худойимнинг уйи учун тайёрладим:
4
уч минг талант олтин, яъни Офир олтини ва етти минг талант соф кумуш Худонинг уйининг деворларини қоплаш учун,
5
ҳар бир олтин нарсаларни ясаш учун, ҳар бир кумуш нарсаларни ясаш учун, хуллас усталарнинг қўллари билан қилинадиган барча нарсалар учун тайёрладим. Бугун яна кимнинг Раббий учун қурбонлик қилиш нияти бор?”
6
Шунда авлодлар бошлиқлари, Исроил қабилаларининг ҳокимлари, мингбошилару юзбошилар, подшоҳ мулкининг бошлиқлари бажонидил қурбонлик қилдилар.
7
Улар Худонинг уйининг иши учун беш минг талант ва ўн минг драхма олтин, ўн минг талант кумуш, ўн саккиз минг талант мис, юз минг талант темир бердилар.
8
Кимда қимматбаҳо тошлар топилса, уларни Раббий уйининг хазинасига Гершон авлодидан бўлган Йехиэлнинг қўлига топширдилар.
9
Шунда халқ уларнинг ғайратидан қувонди, чунки улар бор қалблари билан Раббийга қурбонлик қилган эдилар, шунингдек, подшоҳ Довуд ҳам жуда қувонди.
10
Довуд Раббийни бутун йиғин қаршисида дуо қилди ва Довуд деди: “Эй, бизнинг отамиз Исроилнинг Раббий Худоси, Сен то абад мубораксан!
11
Ё, Раббий, буюклик, қудрат, шуҳрат, ғалаба ва улуғворлик Сеникидир, чунки осмону ердаги барча нарсалар Сеникидир. Ё, Раббий, шоҳлик Сеникидир ва Ҳукмдори сифатида Сен барча нарсалардан юксакдирсан.
12
Бойлик ва шуҳрат Сенинг юзингдан келади, Сен барча нарсалар устидан ҳукм сурасан, куч ва қудрат Сенинг қўлингдадир. Барча нарсаларни улуғлаш ва мустаҳкамлаш Сенинг қўлингдадир!
13
Шунинг учун энди, бизнинг Худойимиз, биз Сенга ҳамду сано куйлаймиз ва Сенинг улуғвор номингни шарафлаймиз!
14
Ахир мен кимман ва менинг халқим ким бўлибдики, шундай ғайратли қурбонлик келтириш имкониятига эга бўлдик? Чунки барча нарсалар Сендан келади ва биз Сенга Сенинг қўлингдан олган нарсани бердик.
15
Чунки биз Сенинг қаршингда мусофирлармиз ва ҳамма оталаримиз каби келгиндилармиз, ердаги бизнинг кунларимиз соя каби ва ҳеч нарса абадий эмасдир.
16
Ё, бизнинг Раббий Худойимиз, Сенинг муқаддас номингга Сенинг уйингнинг қурилиши учун биз тайёрлаб қўйган бу барча бойлик Сенинг қўлингдан келган ва барча нарсалар Сеникидир.
17
Ё, Менинг Худойим, Сен юракни синашинг ва тўғриликни севишингни биламан. Мен ушбу барча нарсаларни пок қалб билан қурбонлик қилдим ва эндиликда шу ерда турган Сенинг халқинг ҳам ғайрат билан Сенга қурбонлик қилаётганини кўрмоқдаман.
18
Эй, бизнинг оталаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Раббий Худоси, буни, яъни Ўз халқингнинг юрак фикрларининг мойиллигини то абад сақлагин ва уларнинг юракларини Ўзингга йўналтиргин.
19
Менинг ўғлим Сулаймонга эса Сенинг амрларингга, Сенинг ваҳийларингга, низомларингга амал қилиши, буларнинг барчасини амалга ошириши ва мен тайёргарлигини кўриб қўйган маъбадни қуриши учун тўғри юрак ато этгин”.
20
Довуд бутун йиғинга: “Бизнинг Раббий Худойимизни дуо қилинглар”,- деди. Шунда бутун йиғин ўз оталарининг Раббий Худосини дуо қилди ва тиз чўкиб, Раббийга ҳамда подшоҳга таъзим қилди.
21
Кейин улар Раббийга қурбонликлар келтирдилар. Ўша кундан сўнг эртасига Раббийга мингта бузоқ, мингта қўй, мингта қўзичоқни суюқлик бағишловлари билан тамоман ёндириш қурбонлигига келтирдилар, хуллас, бутун Исроилдан кўплаб қурбонликлар келтирдилар.
22
Улар ўша куни Раббий қаршисида буюк қувонч билан еб-ичдилар. Сўнг Довуднинг ўғли Сулаймонни подшоҳ қилдилар ва Раббийнинг қаршисида уни олий ҳукмдорликка ҳамда Садокни руҳонийликка мойладилар.
23
Шунда Сулаймон ўз отаси Довуднинг ўрнига подшоҳ сифатида Раббийнинг тахтига ўтирди. У муваффақиятли бўлди ва бутун Исроил унга бўйсунди.
24
Барча ҳокимлар ва кучли одамлар, шунингдек, подшоҳ Довуднинг барча ўғиллари подшоҳ Сулаймонга бўйсундилар.
25
Раббий эса Сулаймонни бутун Исроилнинг кўз ўнгида юксалтириб, Исроилда ундан олдин ҳеч бир подшоҳ эга бўлмаган шоҳлик шуҳратини унга ато қилди.
26
Шундай қилиб, Йишайнинг ўғли Довуд бутун Исроил устидан ҳукмронлик қилди.
27
У Исроил устидан қирқ йил мобайнида ҳукмронлик қилди: у Хебронда етти йил ва Йерусалимда ўттиз уч йил ҳукмронлик қилди.
28
У яхши кексалик ёшида, ҳаётдан қониқиб, бойлик ва шуҳратда вафот этди. Унинг ўрнига унинг ўғли Сулаймон подшоҳ бўлди.
29
Подшоҳ Довуднинг биринчи ва сўнгги ишлари башоратчи Шомуилнинг китобида, пайғамбар Натаннинг китобида ҳамда башоратчи Гаднинг китобида ёзилган,
30
яъни унинг бутун ҳукмронлиги, жасурлиги, у билан, Исроил ва ернинг барча шоҳликлари билан содир бўлган воқеалар ёзилган.