28
1
Довуд Йерусалимга Исроилнинг барча ҳокимларини, қабилаларнинг бошлиқларини, навбат билан подшоҳга хизмат қилувчи бўлимларнинг бошлиқларини, мингбошиларни, юзбошиларни ва подшоҳнинг бутун мулки ва подалари устидан бўлган бошлиқларни, унинг ўғиллари билан бичилган қулларини, лашкарбошиларни ҳамда барча жасур одамларни йиғди.
2
Шунда подшоҳ Довуд оёқларига туриб, деди: “Эй, менинг биродарларим ва менинг халқим, мени тингланглар! Менинг юрагимда Раббийнинг Аҳд Киботи учун ором уйи ва Худойимизнинг оёқлари остига супача қуриш нияти бор эди. Мен қурилиш учун керакли нарсаларни тайёрлаб қўйдим.
3
Лекин Худо менга: Менинг номим учун уй қурмагин, чунки сен жангчи кишисан ва қон тўккансан,- деди.
4
Шунга қарамасдан, Исроилнинг Раббий Худоси, мен Исроил устидан абадий подшоҳ бўлишим учун отамнинг бутун хонадонидан мени танлади. Чунки У Яҳудо қабиласини ҳоким бўлиш учун танлади, Яҳудонинг хонадонидан эса менинг отамнинг хонадонини танлади, отамнинг ўғиллари орасидан мени бутун Исроил устидан подшоҳ қилишни маъқул кўрди.
5
Менинг барча ўғилларим орасидан эса (чунки Раббий менга кўп ўғиллар берди), У менинг ўғлим Сулаймонни Исроил устидан Раббийнинг подшоҳлиги тахтида ўтириши учун танлади.
6
У менга деди: Сенинг ўғлинг Сулаймон Менинг уйим ва ҳовлиларимни қуради, чунки Мен уни Ўзимга ўғилликка танладим ва Мен унинг Отаси бўламан.
7
Агар у Менинг амрлару низомларимни ҳозирги кундагидек бажаришда мустаҳкам турса, Мен унинг подшоҳлигини абадий мустаҳкамлайман.
8
Шу сабабли, энди Раббийнинг йиғини бўлмиш бутун Исроилнинг кўз ўнгида ва Худойимизнинг қулоғига эшиттириб дейман: Худойимиз Раббийнинг барча амрларига амал қилинглар ва уларни сақланглар, токи сизлар ушбу яхши ерга эгалик қилинглар ва уни ўзингиздан сўнг фарзандларингизга абадий мерос қилиб қолдиринглар.
9
Сен эса, эй, ўғлим Сулаймон, отангнинг Худосини билгин ва Унга бутун юрагинг ҳамда бутун жонинг билан хизмат қилгин, чунки Раббий барча юракларни синайди ва фикрларнинг барча ўйларини билади. Агар сен Уни изласанг, Уни топасан, бироқ агар Уни тарк этсанг, У сени мангу тарк этади.
10
Қарагин, Раббий сени муқаддасгоҳ учун уй қуришга танлади, сен кучли бўлгин ва уни бажаргин”.
11
Сўнгра Довуд ўз ўғли Сулаймонга пешайвоннинг, унинг уйларининг, унинг омборхоналарининг, болохоналарининг, ички хоналарининг, Аҳд Киботи учун уйнинг чизмаларини топширди.
12
Шунингдек, унинг руҳида бўлган барча нарсаларнинг, Раббий уйининг ҳовлилари ва айланасига барча хоналарнинг, Худо уйи хазиналари ва бағишланган нарсаларнинг хазиналарининг чизмасини,
13
руҳонийлару левитлар бўлимларининг, Раббий уйидаги ҳар қандай хизмат ишлари ва Раббий уйидаги барча хизмат идишларининг чизмасини топширди.
14
Сўнг Довуд ҳар хил хизмат идишларини ясаш учун олтин буюмларнинг вазни белгиланган ҳолда олтин берди ва ҳар хил хизмат идишларини ясаш учун кумуш буюмларнинг вазни белгиланган ҳолда кумуш берди.
15
Шунингдек, чироқпоялар ва уларнинг олтин мойчироқларини ясаш учун ҳар бир чироқпоя ва унинг мойчироғининг вазни белгиланган ҳолда олтин берди, ва кумуш чироқпояларни ясаш учун ҳар бир буюмнинг вазни белгиланган ҳолда кумуш берди. Буларни ҳар бир мойчироқдан фойдаланиш мақсадига кўра берди.
16
Шунингдек, тақдим нонларининг хонтахталарини ясаш учун берди, яъни ҳар бир олтин хонтахтани ясаш учун олтин ва ҳар бир кумуш хонтахтани ясаш учун кумуш берди.
17
Олтин санчқилар, пиёлалар, косалар ва лаганларни ясаш учун ҳар бир буюмнинг вазни белгиланган ҳолда олтин берди ва кумуш лаганларни ясаш учун ҳар бир буюмнинг вазни белгиланган ҳолда кумуш берди.
18
Шунингдек, қуйма олтиндан тутатқи қурбонгоҳини ясаш учун ва қанотларини ёйиб, Раббийнинг Аҳд Киботини ёпиб турадиган олтин керублар билан жанговар араваларнинг тимсолини ясаш учун ҳар бир буюмнинг вазни белгиланган ҳолда олтин берди.
19
”Ушбуларнинг барчасини,- деди Довуд,- қурилишнинг барча ишларини Раббий менга Ўз қўли билан ёзиб тушунтирди”.
20
Довуд ўз ўғли Сулаймонга деди: “Кучли ва жасур бўлгин ҳамда буни амалга оширгин. Қўрқма ва даҳшатга тушма, чунки Раббий Худо, менинг Худойим сен билан бирга бўлади. Сен Раббийнинг уйи учун керакли барча ишларни қилиб бўлмагунингча, У сендан йироқлашмайди ва сени ташлаб кетмайди.
21
Мана, Худонинг уйида ҳар қандай хизматни амалга оширишлари учун руҳонийлару левитларнинг бўлимлари бор. Сенда ҳар қандай иш учун қунтли, ҳар қандай хизмат иши учун қобилиятли кишилар бор. Шу билан бирга, ҳокимлар ва бутун халқ сенинг барча буйруқларингни бажаришга тайёрдирлар”.