22
1
Шунда Довуд: “Мана, Раббий Худонинг уйи ва Исроилнинг тамоман ёндириш қурбонлиги учун қурбонгоҳ”,- деди.
2
Сўнг Довуд Исроил ерида яшаётган мусофирларни тўплашни буюрди ва Худо уйининг қурилиши учун тошларни йўнишга тош йўнувчиларни тайинлади.
3
Довуд дарвозаларнинг эшикларига михлару илмоқлар учун кўплаб темир ҳамда кўплаб беҳисоб мис тайёрлади.
4
Шунингдек, беҳисоб кедр дарахтларини тайёрлади, чунки Довудга сидўнликлар ва тирликлар кўплаб кедр дарахтларини келтирган эдилар.
5
Довуд: “Ўғлим менинг Сулаймон ёш ва заиф, Раббий учун қурилиши керак бўлган уй эса шуҳрат ва серҳашамликда бутун ер олдида улуғвор бўлиши керак. Шу сабабли, мен у учун тайёргарлик қиламан”,- деди. Шундай қилиб, Довуд ўз ўлимидан олдин кўп нарсани тайёрлаб қўйди.
6
Сўнг у ўз ўғли Сулаймонни олдига чақирди ва унга Исроилнинг Раббий Худоси учун уй қуришни васият қилди.
7
Довуд Сулаймонга деди: “Ўғлим, менинг Раббий Худойимнинг номига уй қуриш нияти юрагимда бор эди.
8
Лекин менга Раббийдан шундай дейилган сўз келди: Сен кўп қон тўкдинг ва катта урушларни олиб бординг. Сен Менинг номимга уй қурмаслигинг керак, чунки сен Менинг юзим қаршисида ерга кўп қон тўкдинг.
9
Мана, сенда ўғил туғилади: у тинчлик кишиси бўлади. Мен унинг атрофидаги барча душманларидан унга ором бераман, шунинг учун унинг исми Сулаймон бўлади. Мен унинг кунларида Исроилга тинчлик ва осойишталик бераман.
10
У Менинг номимга уй қуради ва у Менга ўғил бўлади, Мен эса унга Ота бўламан. Унинг подшоҳлигининг тахтини Исроил устидан абадий мустаҳкамлайман.
11
Эндиликда, эй, ўғлим, Раббий сен билан бўлсин, токи сен муваффақиятли бўлиб, сенинг Раббий Худойинг сенга айтганидек, Унга уй қургин.
12
Раббий сенга донолик ва идрок берсин. У сени Исроил устидан қўйсин. Сен эса Раббий Худойингнинг қонунига амал қилгин.
13
Агар Раббийнинг Исроил учун Мусога буюрган низомлару қонунларини бажаришга ҳаракат қилсанг, шунда сен муваффақиятли бўласан. Кучли ва жасур бўлгин, қўрқмагин ва ташвишланмагин.
14
Мана, мен қийинчиликлар аро Раббийнинг уйи учун юз минг талант олтин ва минг-минглаб талант кумуш тайёрладим. Мис ва темир эса беҳисобдир, чунки улар ниҳоятда кўп. Шунингдек, мен яна ёғоч ва тошлар тайёрлаб қўйдим, сен эса буларга яна қўшгин.
15
Бундан ташқари, сенинг кўп ишчиларинг, тош йўнувчиларинг, дарахт кесувчиларинг, дурадгорларинг ва ҳар қандай ишларга маҳоратли усталаринг бор.
16
Олтин, кумуш, мис ва темирларнинг ҳисоби йўқдир. Шу сабабли, бошлагин ва қургин, Раббий эса сен билан бирга бўлади”.
17
Довуд Исроилнинг барча ҳокимларига ўз ўғли Сулаймонга ёрдам беришни буюриб деди:
18
“Сизларга ҳар томондан тинчлик бераётган Раббий Худойимиз сизлар билан эмасми? Чунки У ернинг аҳолисини менинг қўлимга топширди ва бутун ер Раббий қаршисида ҳамда Унинг халқи қаршисида бўйсунди.
19
Шундай қилиб, ўз юрагу жонингизни Раббий Худойингизни излашга йўналтиринглар. Туриб, Раббийнинг номига қуриладиган уйга Раббийнинг Аҳд Киботини ва Худонинг муқаддас идишларини олиб келиш учун Раббий Худога муқаддасгоҳ қуринглар”.