1
Раббий Ерихо яқинида бўлган Йорданнинг бўйидаги Мўаб текисликларида Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига буюр, токи улар ўз мулкларининг улушидан левитларга яшаш учун шаҳарлар берсинлар. Левитларга шаҳарларнинг атрофидаги далаларни ҳам беринглар.
3
Шаҳарлар уларга ўзлари яшашлари учун бўлади. Далалар эса уларнинг чорваси, мулки ва уларнинг барча тирикчилик эҳтиёжлари учун бўлади.
4
Сизлар левитларга беришингиз керак бўлган шаҳар четидаги далалар шаҳар деворидан ҳар томонга икки минг тирсак бўлиши керак.
5
Шаҳарнинг ташқарисидан шарқ томонга икки минг тирсак, жануб томонга икки минг тирсак, ғарб томонга икки минг тирсак ва шимол томонга икки минг тирсак ўлчанглар, шаҳар эса ўртасида бўлади. Шаҳарлар четидаги уларнинг далалари мана шундай бўлади.
6
Сизлар левитларга берадиган шаҳарлардан олтита шаҳар бўлсин. Бу эса сизлар одам ўлдирганнинг қочишига имкон берадиган паноҳ жойи бўлади. Булардан ташқари, яна қирқ иккита шаҳар беринглар.
7
Сизлар левитларга беришингиз керак бўлган шаҳарларнинг ҳаммаси уларнинг далалари билан биргаликда қирқ саккизта шаҳар бўлади.
8
Исроил ўғилларининг мулкидан шаҳарларни бераётганингизда, каттароғидан каттароқ, кичикроғидан кичикроқ беринглар. Ҳар бир қабила, олган улушига қараб ўз шаҳарларидан левитларга беришлари керак”.
9
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
10
“Исроил ўғилларига эълон қилиб, уларга айтгин: Сизлар Канъан ерига Йордандан ўтиб борганингизда,
11
сизларда паноҳ шаҳарлари бўладиган шаҳарларни танлаб олинглар, токи одамни қасддан ўлдирмаган қотил ўша ерга қочиб кета олсин.
12
Бу шаҳарлар сизларга қасоскордан паноҳ жойи бўлади, токи одам ўлдирган киши судда жамоанинг олдида ҳозир бўлгунича ўлдирилмасин.
13
Сизлар беришингиз керак бўлган шаҳарлар, паноҳ шаҳарлари сизларда олтита бўлиши керак.
14
Учта шаҳарни Йорданнинг бу томонидан беринглар, учта шаҳарни Канъан еридан беринглар. Улар паноҳ шаҳарлари бўлиши керак.
15
Ушбу олтита шаҳар Исроил ўғиллари учун, мусофир ва сизларнинг орангиздаги кўчманчи киши учун паноҳ жойи бўлади, токи одамни қасддан ўлдирмаган ҳар қандай қотил у ерга қочиб кета олсин.
16
Агар кимдир бошқа бировни темир асбоб билан урса-ю, у ўлиб қолса, унда у қотилдир. Қотилни ўлимга ҳукм қилиш керак.
17
Агар кимдир бошқа бировни қўлидаги тош билан ўлиши мумкин даражада урса ва у ўлса, унда у қотилдир. Қотилни ўлимга ҳукм қилиш керак.
18
Агар ёғоч қурол билан ўлиши мумкин даражада урса ва у ўлса, унда у қотилдир. Қотилни ўлимга ҳукм қилиш керак.
19
Қон учун қасос олувчининг ўзи қотилни ўлдириши мумкин: у уни учратган заҳоти уни ўлдириши мумкин.
20
Агар кимдир бошқасини нафратланганидан итариб юборса ёки ёвуз ният билан унга ниманидир отса ва у ўлса,
21
ёки душманликдан уни қўли билан ўладиган даражада урса ва у ўлса, унда урганни ўлимга ҳукм қилиш керак: у қотилдир. Қон учун қасос олувчи қотилни учратган заҳоти ўлдириши мумкин.
22
Агар у уни ҳеч қандай душманликсиз бехосдан итариб юборса, ёки ёвуз ниятсиз унга ниманидир отиб юборса,
23
ёки ўлдириши мумкин бўлган қандайдир тошни унинг устига уни кўрмасдан тушириб юбориб уни ўлдириб қўйса, лекин у унинг душмани бўлган бўлмаса ва унга ёмонлик истаган бўлмаса,
24
унда жамоа қотил ва қон учун қасос олувчининг ўртасида қуйидаги қарорга кўра ҳукм чиқариши керак:
25
Жамоа қотилни қон учун қасос олувчининг қўлидан қутқариши керак. Жамоа уни у қочиб кетган паноҳ шаҳрига қайтариб юбориши керак, токи муқаддас мой билан мойланган буюк руҳоний ўлгунига қадар у ўша ерда яшаб турсин.
26
Агар қотил ўзи қочиб кетиб, паноҳ шаҳрининг чегарасидан чиқса,
27
ва қон учун қасос олувчи у паноҳ шаҳрининг чегараларидан ташқарида уни топса ҳамда қон учун қасос олувчи бу қотилни ўлдирса, унда қон тўкилишининг айби унда бўлмайди.
28
Чунки қотил буюк руҳонийнинг ўлимигача паноҳ шаҳрида яшаши керак эди, буюк руҳонийнинг ўлимидан сўнг қотил ўз мулки бўлган ерга қайтиши керак эди.
29
Бу сизларнинг барча турар жойларингизда, сизнинг авлодларингиз оша қонуний низом бўлсин.
30
Агар кимдир бошқа бировни ўлдириб қўйса, унда қотилни гувоҳларнинг сўзларига кўра ўлдириш керак. Лекин уни ўлимга ҳукм қилиш учун битта гувоҳ етарли эмас.
31
Одамнинг ўлимида айбдор бўлган қотилнинг жони учун тўлов олманглар, аммо уни албатта ўлимга маҳкум этинглар.
32
Паноҳ шаҳрига қочиб кетган одам буюк руҳонийнинг ўлимигача ўз ерида яшаши учун қайтиб келишига рухсат беришга у учун тўлов олманглар.
33
Шундай қилиб, ўзингиз яшайдиган ерни булғаманглар. Чунки қон ерни булғайди ва ер унга тўкилган қондан уни тўкканнинг қони билан тозаланади.
34
Сизлар яшаётган ерингизни булғамаслигингиз керак, чунки унинг орасида Мен яшамоқдаман. Мен Раббий Исроил ўғилларининг орасида яшайман”.