1 1 Худо танлаган одамларининг имонини тасдиқлаш учун, диёнатга тегишли ҳақиқатни билдириш учун Худонинг қули ва Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен, Повулдан салом! 2 Имон эса ёлғон гапирмайдиган Худо асрлар бошланишидан аввал ваъда берган абадий ҳаёт умидига асосланяпти. 3 Ўз вақтида Нажоткоримиз Худонинг буйруғи бўйича менга топширилган воизлик орқали Унинг Сўзи аён бўлди. 4 Хуш энди, умумий имонимиз бўйича ҳақиқий ўғлим бўлган Титусга Отамиз Худодан ва Нажоткоримиз Раббий Исо Масиҳдан иноят, раҳм-шафқат ва тинчлик бўлсин. 5 Қолган ишларни битиришинг ва мен сенга буюрганимдек, барча шаҳарларда жамоабошиларни тайинлашинг учун сени Критда қолдирган эдим. 6 Тайинланадиган одам эса бенуқсон, битта хотиннинг эри бўлиши керак. Унинг фарзандлари ҳам имонли бўлиб, итоатсизликда ёки бузуқликда айбланмайдиган бўлсинлар. 7 Чунки нозир Худонинг уйини бошқарувчиси сифатида бенуқсон бўлиши керак. У ўзбошимча, серғазаб, ичкиликбоз, урушқоқ ва манфаатпараст бўлмаслиги керак. 8 Аксинча, у меҳмондўст, эзгуликни севадиган, ақли соғлом, одил, диёнатли ҳамда ўзини тия оладиган одам бўлсин. 9 У таълимотга нисбатан ишончли Сўзини қаттиқ ушлаб турган ва соғлом таълимот асосида насиҳат қилишга ҳамда қаршилик қилувчиларни фош қилишга қодир бўлган одам бўлиши керак. 10 Чунки, айниқса, хатна қилинганларнинг орасида кўп бўйсунмас, сафсатабоз ва ёлғончи одамлар бор. 11 Бундайларнинг оғзини тўсиш керак, чунки улар ўз жирканч манфаатпарастлиги сабабли керак бўлмаган нарсаларни ўргатиб, бутун оилаларни бузмоқдалар. 12 Уларнинг ўзларидан чиққан бир шоир: “Критликлар доимо ёлғончи, ёвуз ҳайвонлар, дангаса қоринлардир,”- деб айтган эди. 13 Бу гувоҳлик ҳақиқийдир. Шу сабабдан, имонда соғлом бўлишлари учун уларни қатъий огоҳлантириб тургин, 14 токи улар яҳудийларнинг афсоналарига ва ҳақиқатдан юз ўгирадиган одамларнинг амрларига қулоқ солмасинлар. 15 Пок одамлар учун ҳамма нарса покдир. Ифлос ва имонсиз одамлар учун эса ҳеч қандай пок нарсанинг ўзи йўқ, аммо уларнинг онги ҳам, виждони ҳам ифлосланган. 16 Улар: “Худони биламиз,”- деб айтадилар-у, лекин ўз қилмишлари билан Ундан воз кечадилар. Булар ҳеч қандай хайрли ишга ярамайдиган, разил ва итоатсиз одамлардир.