1 1 Исо Масиҳнинг қуллари Повул ва Тимўтийдан – Филиппи шаҳрида бўлган, Исо Масиҳдаги барча муқаддасларга ҳамда нозирлар ва жамоахизматчиларга: 2 сизларга Отамиз Худодан ва Раббий Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин! 3 Сизларни ҳар сафар эслаганимда, Худойимга миннатдорчилик билдираман. 4 Мен доимо ҳар ибодатимда ҳаммаларингиз учун қувонч билан ибодат қилмоқдаман, 5 чунки сизлар биринчи кундан то ҳозирга қадар Хушхабарга дахлдорсизлар. 6 Сизларнинг ичингизда яхши ишни бошлаган Худо буни Исо Масиҳнинг кунигача тамом қилишига аминман. 7 Менинг ҳаммаларингиз ҳақингизда шундай фикр юритишим тўғридир, чунки менинг кишанбандлигимдаги Хушхабарни ҳимоя қилишимда ва тасдиқлашимда сизлар менинг юрагимдасизлар. Сизларнинг ҳаммаларингиз эса менинг иноятимга шериксизлар. 8 Мен ҳаммаларингизни Исо Масиҳнинг меҳр-муҳаббати билан соғинишимга Худонинг Ўзи гувоҳдир. 9 Сизларнинг севгингиз билимда ва ҳар қандай ҳис-туйғуда кўпдан-кўп ортиб бориши учун ибодат қилмоқдаман, 10 токи сизлар аълороқ бўлган нарсани аниқлаб, Масиҳнинг кунида пок ва бенуқсон бўлинглар, 11 шунингдек, Худонинг шуҳрати ва мақтови учун Исо Масиҳ орқали ҳақликнинг ҳосилларига тўлиб-тошган бўлинглар. 12 Биродарлар, шуни билишингизни истайманки, мен билан содир бўлган ҳодисалар Хушхабарнинг янада кенгроқ тарқалишига хизмат қилди. 13 Шу тариқа, менинг Масиҳ учун бўлган кишанбандлигим бутун преторионга ва бошқаларнинг барчасига ҳам маълум бўлди. 14 Раббийдаги биродарларимизнинг кўпчилиги менинг кишанбандлигимдан дадилланиб, Худонинг Сўзини янада жасорат билан қўрқувсиз воизлик қила бошладилар. 15 Бироқ баъзилар ҳасад ва рақобат билан, бошқалар эса эзгу ният билан Масиҳни воизлик қилмоқдалар. 16 Баъзилар менинг кишанбандлигимдаги қийинчилигимни орттиришни ўйлаб, рақобат туфайли нопок воизлик қилмоқдалар, 17 бошқалар эса менинг Хушхабарни ҳимоя қилишга тайин қилинганлигимни билиб, севги туфайли воизлик қилмоқдалар. 18 Хўш унда нима бўпти? Масиҳни қандай воизлик қилмасинлар – риёкорлик биланми ёки самимийлик биланми – мен шунисига ҳам қувоняпман ва янада қувонаман. 19 Чунки мен биламанки, бу нарса сизларнинг ибодатингиз орқали ва Исо Масиҳ Руҳининг мадади билан менинг қутулишимга айланади. 20 Менинг интизорлигим ва умид қилишимга кўра мен ҳеч нарсада уялиб қолмайман, бироқ ҳар қандай дадиллигимда ҳар доим бўлганидек, ҳозир ҳам ҳаётим ё ўлимим билан менинг баданимда Масиҳ улуғланади. 21 Чунки мен учун ҳаёт – Масиҳдир, ўлим эса – ютуқдир. 22 Агар бу танада яшаётганим меҳнатимнинг ҳосилини келтираётган бўлса, унда нимани танлашимни ҳам билмайман. 23 Мени буниси ҳам, униси ҳам ўзига тортади: ердаги ҳаётдан йироқлашиб, Масиҳ билан бирга бўлишни хоҳлайман, чунки бу бағоят яхши бўлар эди. 24 Аммо бу танада қолишим сизлар учун янада зарурдир. 25 Шунга ишончим комилки, сизларнинг имондаги муваффақиятингиз ва қувончингиз учун қолиб, ҳаммаларингиз билан бирга бўлишимни аниқ биламан, 26 токи менинг олдингизга яна бир бор келишим туфайли сизларнинг Исо Масиҳдаги мақтовингиз мен орқали кўпайсин. 27 Фақат Масиҳнинг Хушхабарига муносиб равишда ҳаёт кечиринглар, токи мен келиб сизларни кўрсам ҳам ёки келмасам ҳам, сизларнинг бир руҳда турганингизни ва якдиллик билан Хушхабарнинг имони учун курашаётганингизни эшитайин. 28 Ҳеч нарсада душманларингиздан қўрқманглар. Бу улар учун ҳалокат, аммо сизлар учун нажот аломатидир, бу эса Худодандир. 29 Чунки сизларга Масиҳ ҳақи Унга ишонишгина эмас, балки У учун азоб чекиш ҳам берилган. 30 Чунки менда кўрган, энди эса мен ҳақимда эшитаётган шу курашга сизлар ҳам эгасизлар.