16
1
Левининг ўғли Қэҳатнинг ўғли бўлмиш Изхар ўғли Кўраҳ, Элиабнинг ўғиллари Датан ва Абирам, Пелетнинг ўғли Он, Рубеннинг ўғиллари
2
ҳамда улар билан бирга Исроил ўғилларидан йиғинларга чақириладиган таниқли одамлар бўлган жамоа бошлиқлари, жами икки юз эллик нафар киши Мусога қарши кўтарилдилар.
3
Улар Мусо ва Аҳарўнга қарши тўпланиб, уларга: “Бас энди, сизлардан етарли! Бутун жамоа муқаддас ва Раббий уларнинг орасидадир! Нима учун сизлар ўзларингизни Раббийнинг халқидан юқори қўймоқдасизлар?”- дедилар.
4
Мусо буни эшитди ва юз тубан йиқилиб,
5
Кўраҳ ва унинг барча шерикларига сўзлаб деди: “Раббий эртага ким Уники эканини ва ким муқаддас эканини кўрсатади, токи уни Ўзига яқинлаштирсин. У кимни танласа, ўшани Ўзига яқинлаштиради.
6
Мана бундай қилинглар, эй, Кўраҳ ва унинг барча шериклари, тутатқидон олиб,
7
эртага уларда олов ёқинглар ва уларга Раббийнинг қаршисида тутатқи солинглар. Раббий кимни танласа, ўша муқаддас бўлади. Леви ўғиллари, бас энди, сизлардан етарли!”
8
Сўнг Мусо Кўраҳга деди: “Эй, Леви ўғиллари, қулоқ солинглар!
9
Наҳотки сизлар Раббийнинг Чодирида хизмат қилишингиз ва жамоа қаршисида туриб, уларга хизмат қилишингиз учун Исроилнинг Худоси сизларни Исроилнинг жамоасидан ажратиб олгани ва сизларни Ўзига яқинлаштиргани сизларга кам бўлса?
10
У сени ва сен билан бирга барча биродарларингни, Леви ўғилларини Ўзига яқинлаштирди. Сизлар эса яна руҳонийликни ҳам талаб қиляпсизларми?
11
Шунинг учун сен ва сенинг барча шерикларинг Раббийга қарши тўпландинглар. Аҳарўн эса нимаки, сизлар ундан нолимоқдасизлар?”
12
Сўнгра Мусо Элиабнинг ўғиллари Датан ва Абирамни чақириб келиш учун одам юборди, аммо улар дедилар: “Биз бормаймиз!
13
Сен бизни саҳрода нобуд қилиш учун сут ва асал оқадиган ердан олиб чиққанинг наҳот камлик қилса? Яна сен бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилишни хоҳлаяпсан!
14
Сен бизни сут ва асал оқадиган ерга олиб келдингми? Эгалик қилишга дала ва узумзорларни бизга бердингми? Сен ушбу одамларнинг кўзларини ўйиб олмоқчимисан? Биз бормаймиз!”
15
Шунда Мусо жуда хафа бўлиб, Раббийга деди: “Уларнинг ҳадяларига Ўз нигоҳингни қаратмагин! Мен уларнинг бирортасидан эшак ҳам олмаганман ва уларнинг бирортасига ёмонлик ҳам қилмаганман”.
16
Сўнг Мусо Кўраҳга деди: “Эртага сен ва сенинг барча шерикларинг Раббийнинг юзи олдига келинглар.
17
Ҳар бирингиз ўз тутатқидонингизни олиб, уларнинг ичига тутатқи солинглар ва ҳар бирингиз ўз тутатқидонингизни, икки юз элликта тутатқидонни Раббийнинг юзи олдига олиб келинглар. Сен ва Аҳарўн, ҳар бирингиз ўз тутатқидонларингни олиб келинглар”.
18
Уларнинг ҳар бири ўз тутатқидонини олиб, уларнинг ичига олов солдилар ва устига хушбўй тутатқи сепдилар. Улар Мусо ва Аҳарўн билан биргаликда Йиғин Чодирининг кириш жойи олдида турдилар.
19
Кўраҳ уларга қарши бутун жамоани Йиғин Чодирининг кириш жойи олдида тўплади ва Раббийнинг шуҳрати бутун жамоага намоён бўлди.
20
Раббий Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди:
21
“Бу жамоадан ажралинглар, Мен уларни бир сонияда қириб ташлайман”.
22
Улар юз тубан йиқилиб дедилар: “Ё, Худо, ҳар қандай тана руҳларининг Худоси! Биргина одам гуноҳ қилди, Сен эса бутун жамоадан ғазабланяпсанми?”
23
Раббий Мусога сўзлаб деди:
24
“Жамоага: Кўраҳ, Датан ва Абирамнинг чодирларининг атрофидан узоқлашинглар,- дегин”.
25
Мусо ўрнидан туриб, Датан ва Абирамнинг олдига кетди ва унинг ортидан Исроил оқсоқоллари эргашди.
26
У жамоага: “Бу бетавфиқ одамларнинг чодирларидан узоқлашинглар ва уларга тегишли бўлган ҳеч бир нарсага тегинманглар, токи уларнинг барча гуноҳларида ўлманглар”.
27
Шундай қилиб, улар Кўраҳ, Датан ва Абирамнинг чодирларининг атрофидан узоқлашдилар. Датан ва Абирам чиқиб, ўз хотинлари, ўғиллари ва кичкина болалари билан чодирларининг эшиклари олдида турдилар.
28
Мусо деди: “Бу барча ишларни қилишга Раббий мени юборганини мана шундан билиб оласизлар, чунки мен буларни ўз-ўзимча қилаётганим йўқ.
29
Агар улар барча одамлар ўладигандек ўлсалар, ёки улар барча одамлар каби қаримта олсалар, унда мени Раббий юбормаган бўлади.
30
Бироқ агар Раббий янги нарсани амалга оширса, ер оғзини очиб уларни ҳам, уларнинг барча нарсаларини ҳам ютиб юборса ва улар тириклайин дўзахга тушиб кетсалар, унда ушбу одамлар Раббийни менсимаганларини сизлар билиб оласизлар”.
31
У бу сўзларни айтиб бўлгани заҳоти уларнинг остидаги ер иккига бўлинди.
32
Ер оғзини очиб, уларни, уларнинг уйларини, Кўраҳнинг барча одамлари ва уларнинг барча мол-мулкини ютиб юборди.
33
Улар барча ўзларига тегишли бўлган нарсалари билан биргаликда тириклайин дўзахга тушиб кетдилар ва ер уларнинг устидан ёпилди: улар жамоа орасидан ўлиб кетдилар.
34
Уларни ўраб турган бутун Исроил уларнинг қичқириқларидан югуриб кетди, чунки улар: “Бизни ҳам ер ютиб юбормасин”,- дедилар.
35
Раббийдан олов чиқиб, тутатқи келтирган ўша икки юз эллик кишини еб битирди.
36
Раббий Мусога гапириб деди:
37
“Руҳоний Аҳарўннинг ўғли Элеазарга айтгин, у ёниб кетганларнинг тутатқидонларини йиғиб олсин ва оловини улоқтириб юборсин, чунки улар муқаддасландилар.
38
Бу гуноҳкорларнинг тутатқидонлари уларнинг жонларига қаршидир, уларни қурбонгоҳни қоплаш учун бўлакларга бўлсинлар, зеро уларни Раббийнинг қаршисига олиб келдилар, шунинг учун улар муқаддасланди. Улар Исроил ўғиллари учун аломат бўлади”.
39
Руҳоний Элеазар ёниб кетган одамлар келтирган мис тутатқидонларни олди ва уларни парчалаб қурбонгоҳни қоплаш учун бўлакларга бўлдилар.
40
Буни Исроил ўғилларига хотира бўлиши учун қилдилар, токи Раббий Мусо орқали айтганидек, Аҳарўннинг уруғидан бўлмаган ҳеч бир бегона одам Раббийнинг юзи қаршисида тутатқи тутатишга келмасин ва Кўраҳ ҳамда унинг шериклари билан содир бўлган нарса у билан ҳам содир бўлмасин.
41
Эртаси куни Исроил ўғилларининг бутун жамоаси Мусо ва Аҳарўндан нолиб: “Сизлар Раббийнинг халқини ўлдирдингизлар”,- дейишди.
42
Жамоа Мусо ва Аҳарўнга қарши тўпланганида, улар Йиғин Чодирига қарадилар: мана, уни булут қоплади ва Раббийнинг шуҳрати намоён бўлди.
43
Мусо ва Аҳарўн Йиғин Чодирига келдилар.
44
Раббий Мусога сўзлаб деди:
45
“Ушбу жамоадан узоқлашинглар, Мен уларни бир лаҳзада қириб ташлайман”. Лекин улар юз тубан йиқилдилар.
46
Мусо Аҳарўнга: “Тутатқидонни олиб, унинг ичига қурбонгоҳдан олов ва тутатқини солгин. Тезда жамоанинг олдига бориб, улар учун тутатқи қурбонлиги келтиргин, чунки Раббийдан ғазаб чиқди ва қирғин бошланди”.
47
Аҳарўн буни Мусо айтганидек олиб, жамоанинг орасига югуриб борди. Мана, халқнинг орасида қирғин бошланган эди. У тутатқини қўйиб, халқ учун қурбонлик келтирди.
48
У ўлганлар билан тирикларнинг ўртасида турди ва қирғин тўхтади.
49
Кўраҳнинг ишига кўра ўлганлардан ташқари ўн тўрт минг етти юз киши қирғиндан ўлди.
50
Қирғин тўхтаганидан сўнг, Аҳарўн Мусонинг олдига, Йиғин Чодирининг кириш жойи олдига қайтиб келди.