14
1
Шунда бутун жамоа фарёд қилди ва халқ ўша тун йиғлаб чиқди.
2
Исроилнинг барча ўғиллари Мусо ва Аҳарўндан нолиб, бутун жамоа уларга деди: “Қани эди, биз Миср ерида ёки мана шу саҳрода ўлганимизда эди!
3
Нима учун Раббий бизни ўша ерга қиличдан қулашимиз учун олиб бормоқчи? Бизнинг хотину болаларимиз душманларга ўлжа бўлади-ку. Бизнинг Мисрга қайтганимиз яхши эмасми?”
4
Улар бир-бирларига: “Ўзимизга бошлиқ тайинлаб, Мисрга қайтамиз!”- дедилар.
5
Шунда Мусо ва Аҳарўн Исроил ўғилларининг бутун жамоаси йиғини олдида юз тубан тушдилар.
6
Ерни кўриб келганлардан Нўн ўғли Йешуа ва Йефуннеҳ ўғли Калеб ўз кийимларини йиртиб,
7
Исроил ўғилларининг бутун жамоасига дедилар: “Биз кўриб келиш учун борган ер жуда ҳам, жуда ҳам яхши ер.
8
Агар Раббий бизга илтифот қилса, У бизни ўша ерга олиб боради ва уни: сут ва асал оқадиган ерни бизга беради.
9
Фақат Раббийга қарши исён қилманглар ва у ернинг халқидан қўрқманглар, чунки улар бизнинг ўлжамиз бўлади. Уларнинг ҳимояси йўқ, Раббий эса биз биландир. Улардан қўрқманглар!”
10
Бутун жамоа эса: “Уларни тошбўрон қилинглар!”- деди. Лекин Раббийнинг шуҳрати Йиғин Чодирида Исроилнинг барча ўғилларига намоён бўлди.
11
Раббий Мусога деди: “Қачонгача бу халқ Мени аччиқлантиради? Қачонгача Мен унинг орасида амалга оширган барча аломатларни кўриб туриб, Менга ишонмайди?
12
Мен уни ўлат билан қириб ташлайман ва сендан кўп сонли ҳамда кучли халқ яратаман”.
13
Аммо Мусо Раббийга деди: “Буни мисрликлар эшитадилар, чунки Сен Ўз кучинг билан ушбу халқни уларнинг орасидан олиб чиқдинг.
14
Улар бу ернинг аҳолисига буни айтиб берадилар. Булар эса Сенинг, ё, Раббий, бу халқнинг орасида эканлигингни, улар билан юзма-юз кўришишингни, Сенинг булутинг уларнинг устида туришини, Сен уларнинг олдида кундузи булут устунида, тунда эса олов устунида боришингни эшитган.
15
Агар Сен бу халқни бир кишидек қириб ташласанг, Сенинг шуҳратингни эшитган халқлар дейдилар:
16
"Раббий беришга қасам ичган ерга бу халқни олиб кира олмади, шунинг учун ҳам уни саҳрода қириб ташлади".
17
Шундай экан, Раббийнинг кучи улуғлансин! Сен қуйида айтганинг каби:
18
"Раббий узоқ сабрли ва ўта шафқатлидир, қонунбузарлик ва жиноятларни кечирувчи ҳамда жазосиз қолдирмайдиган, аммо оталарнинг қонунбузарлиги учун учинчи ва тўртинчи авлодгача болаларини жазоловчидир".
19
Сен бу халқни Мисрдан ҳозиргача кечирганинг каби Ўзингнинг буюк шафқатинг туфайли бу халқнинг гуноҳини кечиргин”.
20
Шунда Раббий Мусога деди: “Сенинг сўзингга биноан уларни кечираман,
21
лекин Мен тирикман ― Раббийнинг шуҳрати билан бутун ер тўлгани учун ―
22
Менинг шуҳратимни пайқаб олган, Мен Миср ҳамда саҳрода амалга оширган аломатларимни кўрган, Мени мана ўн марта синаган ва овозимга қулоқ солмаганларнинг барчаси,
23
Мен оталарига беришга қасам ичган ерни кўрмайдилар. Мени аччиқлантирганларнинг барчаси уни кўрмайдилар.
24
Лекин Менинг хизматчим Калебда ўзга руҳ бўлганлиги ва у Менга буткул бўйсунгани учун Калебни кўргани борган ерига олиб кираман ва унинг уруғи унга эгалик қилади.
25
Амолеқликлар ва канъанликлар водийда яшамоқдалар. Эртага ортингизга қайтиб, Қизил денгиз йўли бўйлаб саҳрога боринглар”.
26
Раббий Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди:
27
“Қачонгача бу ёвуз жамоа Мендан нолийди? Исроил ўғилларининг Мендан нолиётган нолишларини эшитяпман.
28
Уларга айтгин: Мен тирикман,- дейди Раббий,- сизлар Менга эшиттириб, нима деган бўлсангизлар, сизларга худди шуни қиламан:
29
сизларнинг таналарингиз мана шу саҳрода қулайди. Ҳисобга олинганларнинг ҳаммасининг тўлиқ сони, йигирма ёш ва ундан катта Мендан нолиган сизлар
30
Мен қўлимни кўтариб сизларни жойлаштиришга қасам ичган ерга кирмайсизлар. Фақат Йефуннеҳнинг ўғли Калеб ва Нўннинг ўғли Йешуа киради.
31
Сизлар душманларга ўлжа бўлади, деб айтган болаларингизни Мен у ерга олиб кираман ва сизлар менсимаган ерни улар билиб олишади.
32
Сизларнинг мурдаларингиз эса ушбу саҳрода қулайди.
33
Сизларнинг ўғилларингиз саҳрода қирқ йил дарбадар бўлиб юрадилар. Сизларнинг бутун таналарингиз саҳрода йўқ бўлиб кетмагунича, улар бузуқлигингизнинг жазосини кўтариб юрадилар.
34
Сизлар ерни кўриб чиққан кунлар сони, яъни қирқ кун ҳисобидан сизлар гуноҳларингиз учун қирқ йил, бир кун учун бир йилдан жазо оласизлар, токи сизлар Менинг тарк этишим нима эканлигини билиб олинглар.
35
Мен Раббий айтмоқдаман ва Менга қарши кўтарилган бу ёвуз жамоанинг барчасини шундай қиламан: уларнинг барчаси ушбу саҳрода ўладилар ва йўқ бўлиб кетадилар”.
36
Мусодан ерни кўришлари учун юборилган одамлар эса қайтиб келгач, ер ҳақида ёмон хабарни тарқатиб, бутун жамоани унга қарши қўзғатганлари учун
37
Раббийнинг олдида ўлатдан қирилиб ўлдилар, чунки улар ер ҳақида ёмон хабарни тарқатган эдилар.
38
Ерни кўриб келгани борган ўша кишилардан фақат Нўннинг ўғли Йешуа ва Йефуннеҳнинг ўғли Калеб тирик қолди.
39
Мусо ушбу сўзларни бутун Исроил ўғиллари олдида айтди ва халқ жуда қаттиқ йиғлади.
40
Эрта тонгда туриб, тоғнинг чўққисига кўтарилдилар ва: “Мана, биз Раббий айтган жойга борамиз, чунки биз гуноҳ қилдик”,- дедилар.
41
Лекин Мусо деди: “Раббийнинг амрини нима учун бузмоқдасизлар? Бу муваффақиятсиз бўлади.
42
Борманглар, чунки сизларни душманларингиз яксон қилмаслиги учун сизларнинг орангизда Раббий йўқ.
43
Зеро у жойда амолеқликлар ҳамда канъанликлар сизнинг қаршингиздадир; сизлар қиличдан қулайсизлар, чунки сизлар Раббийдан чекиндингизлар, шунинг учун Раббий сизлар билан бирга бўлмайди”.
44
Бироқ улар тоғнинг тепасига ўзбошимчалик қилиб чиқдилар. Раббийнинг Аҳд Киботи ва Мусонинг ўзи қароргоҳни тарк этишмади.
45
Шунда ўша тоғда яшайдиган амолеқликлар ва канъанликлар тушиб келиб, уларни қириб ташладилар ва уларнинг тирик қолганларини Хормаҳгача қувдилар.