1 1 Худонинг Ўғли Исо Масиҳ хушхабарининг бошланиши. 2 Пайғамбарларда ёзилганидек: “Мана, Мен Сенинг юзинг олдидан Сенинг йўлингни тайёрлайдиган Ўз фариштамни юборяпман. 3 Саҳрода нидо қилаётганнинг овози: Раббийга йўл тайёрланглар, Унга сўқмоқларни тўғриланглар”. 4 Яҳё гуноҳлар кечирилиши учун тавба қилишнинг чўмдирилишини воизлик қилиб, саҳрода пайдо бўлди. 5 Унинг олдига бутун Яҳудия юрти ва Йерусалимликлар чиқдилар. Ҳаммалари гуноҳларини эътироф этиб, Йордан дарёсида ундан сувга чўмдирилар эдилар. 6 Яҳё туя жунидан кийим кийган бўлиб, белига чарм камар боғлаган эди. У чигирткалар ва ёввойи асал ер эди. 7 У воизлик қилиб: “Менинг ортимдан мендан қудратлироғи келмоқда,- дер эди,- Мен эгилиб, Унинг пойафзалининг боғичини ечишга лойиқ эмасман. 8 Мен сизларни сувга чўмдирдим, лекин У сизларни Муқаддас Руҳга чўмдиради”. 9 Шундай бўлдики, ўша кунларда Исо Галиледаги Нозара шаҳридан келиб, Йордан дарёсида Яҳёдан сувга чўмдирилди. 10 Исо сувдан чиққан заҳоти осмон очилиб, Исонинг устига кабутар каби тушиб келаётган Руҳни кўрди. 11 Шунда самодан: ”Сен Менинг севимли Ўғлимсан, Менинг илтифотим Сендадир”,- деган овоз эшитилди. 12 Бундан сўнг Руҳ Уни дарҳол саҳрога олиб кетди. 13 У қирқ кун ўша жойда, саҳрода ёввойи ҳайвонлар билан бирга бўлиб, шайтон томонидан васвасага солинди. Фаришталар эса Унга хизмат қилдилар. 14 Бироқ Яҳё қамоққа ташланганидан сўнг, Исо Худо Шоҳлигининг хушхабарини воизлик қилиб, Галилега қайтиб келди-да: 15 ”Вақти-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди! Тавба қилинглар ва Хушхабарга ишонинглар!”- деди. 16 У Галиле денгизи бўйлаб ўтиб кетаётиб, денгизга тўр ташлаётган Шимўн ва унинг укаси Андерни кўриб қолди. Улар эса балиқчи эдилар. 17 Исо уларга: “Менинг ортимдан юринглар ва Мен шундай қиламанки, сизлар одамларнинг овчиси бўласизлар”,- деди. 18 Шу заҳоти улар тўрларини қолдириб, Унинг ортидан кетдилар. 19 Ўша жойдан бир оз нари ўтиб, Исо қайиқда тўрларини ямаб ўтирган Забадийнинг ўғли Ёқубни ҳамда унинг биродари Юҳаннони кўриб қолди. 20 Шунда У дарҳол уларни чақириб олди. Улар эса отаси Забадийни ёлланма ишчилари билан қайиқда қолдириб, Исонинг ортидан кетишди. 21 Улар Кафарнаҳум шаҳрига келгач, У шаббат куни синагогага кириб таълим берди. 22 Улар Исонинг таълимотидан ҳайратланар эдилар, чунки У уларга уламолар каби эмас, балки ҳокимият эгасидай таълим берар эди. 23 Уларнинг синагогасида, ичида нопок руҳ бўлган одам бор эди. Руҳ эса қичқириб: 24 ”Бизни тарк эт! Бизда нима ишинг бор нозарий Исо? Сен бизни нобуд қилгани келдингми? Сенинг Кимлигингни биламан – Худонинг Муқаддасисан”,- деди. 25 Лекин Исо унга ман этиб: “Жим бўл ва ундан чиқиб кет”,- деди. 26 Шунда нопок руҳ уни ларзага солди ва баланд овоз билан бақириб, ундан чиқиб кетди. 27 Ҳамма шунчалик ҳайратландики, ҳатто бир-бирларидан сўраб: “Бу нима? Қандай янги таълимот бу? У ҳатто нопок руҳларга ҳам ҳокимият билан буюрмоқда ва улар Унга қулоқ солишяпти”,- дедилар. 28 Сўнгра тез орада Исо ҳақидаги овоза бутун Галиле юрти бўйлаб тарқалди. 29 Улар синагогадан чиққач, ўша заҳоти Ёқуб ва Юҳанно билан бирга Шимўн ва Андернинг уйига келдилар. 30 Шимўннинг қайнонаси иситмалаб ётган эди. Улар эса у ҳақида дарҳол Исога айтдилар. 31 У келиб, уни қўлидан ушлаб турғизди ва шу заҳоти иситма уни тарк этди, у эса уларга хизмат қила бошлади. 32 Кеч кириб, қуёш ботаётган маҳалда Исонинг олдига барча касал одамларни ҳамда жинга чалинганларни олиб келдилар. 33 Бутун шаҳар эшик олдида йиғилди. 34 У ҳар хил касалликлар билан оғриган кўпчиликни шифолади ва кўп жинларни қувиб чиқарди. Жинларга эса гапиришга йўл қўймади, чунки улар Уни билар эдилар. 35 Эртаси куни саҳарда, тонг ёришмасдан олдин туриб, Исо ташқарига чиқди ва хилват жойга бориб, у ерда ибодат қилди. 36 Сўнгра Шимўн ва у билан бирга бўлганлар Унинг ортидан бордилар. 37 Уни топганларидан кейин, улар Унга: “Ҳамма Сени излаяпти”,- дедилар. 38 У эса уларга: “Яқин атрофдаги қишлоғу шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу учун келганман”,- деди. 39 Шу тариқа Исо бутун Галиле юрти бўйлаб синагогаларда воизлик қилди ва жинларни қувиб чиқарди. 40 Бир мохов Унинг олдига келиб, Унинг олдида тиз чўкди-да: “Агар Сен истасанг, мени поклашинг мумкин”,- деб Ундан ўтинди. 41 Исо раҳми келиб, қўлини чўзди ва унга тегиниб: “Истайман, поклангин”,- деди унга. 42 Исо шундай деган заҳоти моховлик уни тарк этди ва у покланди. 43 Исо уни жиддий огоҳлантирди-да, дарҳол уни жўнатиб, 44 унга: “Қарагин, ҳеч кимга ҳеч нарса демагин, лекин бориб, руҳонийга ўзингни кўрсат ва покланганинг учун Мусо буюрган нарсаларни олиб бор, токи уларга гувоҳлик бўлсин”,- деди. 45 Лекин у чиқиб, бўлган воқеа ҳақида шу қадар кўп овоза қилиб сўзлай бошлади. Натижада Исо шаҳарга бошқа очиқ кира олмай қолди, аммо ташқарида овлоқ жойларда бўлди. Халқ эса Унинг олдига ҳамма жойдан кела бошлади.