26
1
“Ўзингизга бутлар ва қуйма санамларни ясаманглар, устунлар ўрнатманглар, тасвирли тошларнинг қаршисида тиз чўкиш учун уларни ерингизда қўйманглар, чунки Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
2
Менинг шаббатларимга амал қилинглар ва Менинг Муқаддасгоҳимни эҳтиром қилинглар. Мен Раббийман!
3
Агар сизлар Менинг низомларим бўйича ҳаракат қилсангизлар ва Менинг амрларимга амал қилиб уларни бажарсангизлар,
4
унда Мен сизларга ёмғирни ўз вақтида бераман ва ер ўз ҳосилларини беради, даладаги дарахтлар ҳам ўз меваларини беради.
5
Ғалла янчиш, ҳосилнинг мўллигидан узум териш вақтигача чўзилади ва узум териш, ҳосилнинг мўллигидан дон экиш вақтигача чўзилади. Нонингизни тўйгунингизча ейсизлар ва ерингизда хавф-хатарсиз яшайсизлар.
6
Ерингизга тинчлик жўнатаман. Сизлар ётганингизда, ҳеч ким сизларни даҳшатга солмайди. Ерингиздан йиртқич ҳайвонларни қувиб юбораман ва бутун ерингиз узра қилич ўтмайди.
7
Душманларингизни қувиб юборасизлар ва улар сизларнинг қаршингизда қиличдан йиқиладилар.
8
Бештангиз душманларингизнинг юзтасини қувиб юборади ва юзтангиз душманларингизнинг ўн мингтасини қувиб юборади. Душманларингиз сизларнинг қаршингизда қиличдан йиқиладилар.
9
Мен сизларга ўгириламан ва сизларни серҳосил қиламан, сизларни кўпайтириб юбораман ҳамда сизлар билан тузган аҳдимда мустаҳкам тураман.
10
Ўтган йилги эски ҳосилингизни ейсизлар ва янги ҳосил туфайли эскисини ташлаб юборасизлар.
11
Чодиримни сизларнинг ораларингизга ўрнатаман ва Менинг жоним сизлардан жирканмайди.
12
Сизларнинг ораларингизда юраман ва сизларнинг Худойингиз бўламан, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар.
13
Сизлар Мисрда қул бўлмасликларингиз учун, Мен сизларни у ердан олиб чиққан Раббий Худойингизман. Мен сизларнинг бўйинтуруқларингиз кундаларини синдириб ташладим ва сизларни бошингиз кўтарилган ҳолда олиб чиқдим.
14
Лекин агар сизлар Менга қулоқ солмасангизлар ва бу барча амрларимни бажармасангизлар,
15
агар Менинг низомларимни менсимасангизлар, агар жонингиз Менинг қонунларимдан жирканса ва сизлар Менинг аҳдимни бузиб барча амрларимни бажармайдиган бўлсангизлар,
16
унда Мен ҳам сизлар билан қуйидагича йўл тутаман: сизларга даҳшат, нимжонлик ва иситмани жўнатаман. Булардан кўзларингиз чўкади ва жонларингиз қийналиб кетади. Уруғингизни беҳудага экасизлар ва душманларингиз уларни еб битирадилар.
17
Юзимни сизларга қарши қиламан ва душманларингизнинг қаршисида йиқиласизлар, улар сизларнинг устингиздан ҳукмронлик қиладилар ва ҳеч ким сизларни қувмаса-да, сизлар қочасизлар.
18
Агарда шу барча жазоларга қарамай, Менга қулоқ солмасангизлар, унда Мен гуноҳларингиз учун жазони етти карра кўпайтираман
19
ва қудратингизнинг мағрурлигини синдираман. Осмонингизни темир каби қиламан, ерингизни мис каби қиламан.
20
Кучингизни беҳудага сарфлайсизлар, чунки ерингиз ҳосилини бермайди, ерингиздаги дарахтлар ҳам меваларини бермайди.
21
Агар шундан кейин ҳам Менга қарши борсангизлар ва Менга қулоқ солишни истамасангизлар, унда Мен гуноҳларингиз учун зарбани етти карра кўпайтираман.
22
Сизларнинг ораларингизга йиртқич ҳайвонларни жўнатаман, улар сизларни фарзандларингиздан айиради ва молингизни қириб ташлайди ҳамда сонингизни шу қадар камайтирадики, кўчаларингиз ҳувиллаб кимсасиз бўлиб қолади.
23
Агар шундан кейин ҳам тўғирланмасангизлар ва Менга қарши борсангизлар,
24
унда Мен ҳам сизларга қарши бораман ва гуноҳларингиз учун сизларни етти карра жазолайман.
25
Аҳдимни бузганингиз учун Мен қасдига сизларнинг устингизга қасос қиличини жўнатаман. Шаҳарларингизнинг ичида йиғилганингизда, сизларнинг ораларингизга ўлатни юбораман ва душманларингизнинг қўлига топшириласизлар.
26
Одамни қувватловчи нонни сизларда яксон қиламан. Ўн нафар аёл нонингизни битта тандирда пиширади ва нонингизни сизларга ўлчаб беради. Сизлар уни ейсизлар, аммо тўймайсизлар.
27
Агар шундан кейин ҳам Менга қулоқ солмасангизлар ва Менга қарши борсангизлар,
28
унда Мен ҳам ғазаб билан сизларга қарши бораман ва гуноҳларингиз учун сизларни етти карра жазолайман.
29
Сизлар очликдан ўғилларингизнинг танасини ейсизлар ва қизларингизнинг танасини ейсизлар.
30
Сизларнинг тепаликларингизни барбод қиламан ва устунларингизни яксон қиламан, жасадларингизни парчаланган бутларингиз бўлаклари устига ирғитиб ташлайман ва Менинг жоним сизлардан жирканади.
31
Сизларнинг шаҳарларингизни харобага айлантираман, муқаддасгоҳларингизни кимсасиз бўм-бўш қиламан ва ёқимли хушбўй ҳид қурбонликларингизни ҳидламайман.
32
Сизларнинг ерингизни кимсасиз бўм-бўш қиламанки, ерингизда жойлашган душманларингиз буни кўриб лол қоладилар.
33
Сизларни эса халқларнинг орасига сочиб ташлайман ва ортингиздан қилични яланғочлатаман. Шунда ерингиз кимсасиз бўлиб қолади ва шаҳарларингиз харобага айланади.
34
Сизлар душманларингизнинг ерида қулликда бўлганингизда, ўшанда ер кимсасиз бўм-бўш қолган барча кунларида ўз шаббатлари билан ўзини қондиради. Ўшанда ер дам олади ва ўз шаббатлари билан ўзини қондиради.
35
Сизлар унда яшаганингизда, ер қанча йил сизларнинг шаббатларингизда дам олмаган бўлса, ўзининг бўм-бўш қолган барча кунларида у дам олади.
36
Сизлардан омон қолганларига келсак, Мен уларнинг душманлари ерида, уларнинг юракларига қўрқоқликни жойлайман. Шунда тебранувчи баргнинг шовқини ҳам уларни қувиб юборади. Шунда қиличдан қочаётгандек қочадилар ва ҳеч ким таъқиб қилмаса-да, йиқиладилар.
37
Ҳеч ким таъқиб қилмаса-да, қиличдан қоқинган каби, бир-бирларига қоқинадилар ва душманларингизга қарши туришга сизларда куч бўлмайди.
38
Шунда халқларнинг орасида ҳалок бўласизлар ва душманларингизнинг ери сизларни еб битиради.
39
Шундай қилиб, сизлардан омон қолганлари қонунбузарликлари учун душманларингизнинг ерида қуриб кетадилар ва оталарининг қонунбузарликлари учун қуриб кетадилар.
40
Ўшанда улар ўзларининг қонунбузарликларига, оталарининг қонунбузарликларига, Менга қарши қилган жиноятларига ҳамда Менга қарши чиққанликларига иқрор бўладилар.
41
Шунинг учун Мен ҳам уларга қарши чиқдим ва уларни душманларининг ерига олиб келдим. Ўшанда уларнинг хатна қилинмаган юраклари бўйсунади ва ўшанда улар қонунбузарликларининг жазосини оладилар.
42
Шунда Мен Ёқуб билан аҳдим ва Исҳоқ билан тузган аҳдимни ёдга оламан. Шунингдек, Иброҳим билан тузган аҳдимни ёдга оламан ҳамда ерни ёдга оламан.
43
Ўшанда ер улар томонидан ташлаб кетилган бўлади ва улардан бўшаб қолиб, у ўз шаббатлари билан ўзини қондиради. Улар эса Менинг қонунларимни менсимаганлари учун, ҳамда уларнинг жонлари Менинг низомларимдан жиркангани учун ўз қонунбузарликлари туфайли жазо оладилар.
44
Бунга қарамай, улар душманларининг ерида бўлганларида, Мен улар билан тузган аҳдимни бузиб, уларни қириб ташлаш даражасида улардан нафратланмайман ва жирканмайман, чунки Мен уларнинг Раббий Худосиман.
45
Мен уларнинг аждодлари билан тузган аҳдимни улар учун ёдга оламан, чунки Мен уларнинг Худоси бўлиш учун уларни халқларнинг кўз ўнгида Миср еридан олиб чиққанман. Мен Раббийман”.
46
Мана шулар – Раббий Синай тоғида, Мусо орқали Ўзи билан Исроил ўғиллари орасида ўрнатган ҳукмлари, низому қонунларидир.