1 1 Мен, Исо Масиҳнинг қули, Ёқубнинг укаси Яҳудо, Отамиз Худо даъват этиб муқаддаслаган ва Исо Масиҳ сақлаганларга — 2 сизларга раҳм-шафқат, тинчлик ва севги кўпайишини тилайман. 3 Эй, севганларим, мен сизларга умумий нажотимиз ҳақида ёзишга бор ғайратим билан ҳаракат қилсам ҳам, бир нарса ҳақида насиҳат қилиб ёзишни керак, деб билдим: Бир вақтлар муқаддасларга топширилган имон учун астойдил курашинглар. 4 Чунки қадимдан маҳкум бўлишга тайин қилинган баъзи одамлар орангизга яширинча суқилиб кириб олганлар. Бу бетавфиқлар Худойимизнинг иноятини бузуқликка айлантирмоқдалар ҳамда ягона Худо Эгамизни ва Раббимиз Исо Масиҳни рад қилмоқдалар. 5 Сизлар буни билсангизлар ҳам, бари бир эсингизга туширмоқчиман: Раббий Исроил халқини Миср еридан халос қилиб, кейинчалик имон келтирмаганларни ҳалок қилган эди. 6 Шунингдек, ўз юксак мартабасини сақламасдан, ўзларининг маконларини ташлаб кетган фаришталарни ҳам Худо зулматнинг остида абадий кишанларда буюк ҳукм кунигача сақлаб турибди. 7 Худди фосиқликка ва бузуқ жинсий алоқаларга берилган Садўм ва Ғамўра шаҳарлари билан атрофдаги барча шаҳарлар ҳам абадий ўт билан куйдирилиб, бошқаларга ўрнак бўлганидай, 8 бу хаёлпарастлар билан ҳам худди шундай бўлади. Зеро улар ўз таналарини ҳаром қилишади, ҳокимиятларни рад қилишади, юқори мавжудотларни ҳақорат қилишади. 9 Бош фаришта Микаэл Мусонинг танаси ҳақида иблис билан баҳслашганда, унга таъна этувчи ҳукм сўзларини айтишга журъат эта олмай, фақат: “Раббий сенга буни тақиқласин,”- деб айтган эди, 10 аммо бу одамлар эса ўзлари билмайдиган нарсани ҳақорат қилмоқдалар. Ўз табиати бўйича тилсиз ҳайвонлар каби бирор нарсани билсалар, шу билан ўзларини бузмоқдалар. 11 Уларнинг ҳолига вой, чунки улар Қаъннинг йўлидан бормоқдалар. Улар Балъамга ўхшаб, манфаатпарастликка берилиб адашмоқдалар ва Қўраҳга ўхшаб, ўз исёнчилигида ҳалок бўлмоқдалар. 12 Бундайлар сизларнинг севги зиёфатларингизда васваса бўлиб, сизлар билан бирга таом ейдилар ва ўзларини қўрқмай тўйдирадилар. Улар — шамол ҳайдайдиган сувсиз булутлардир. Улар — мева тугмаган, икки марта ўлган, илдизи билан юлиб ташланган кузги дарахтлардир. 13 Улар — ўз шармандаликлари билан денгизнинг кўпирадиган жўшқин тўлқинларидир. Улар — абадий зулмат қоронғилиги учун тайёрлаб қўйилган адашган юлдузлардир. 14 Одам-Атодан кейин еттинчи авлодда бўлган Энўх ҳам улар ҳақида башорат қилиб, шундай деган: “Мана, Раббий Ўзининг сон-саноқсиз муқаддаслари билан келяпти. 15 У барча одамзод устидан ҳукм қилади. Бетавфиқликда қилган барча бетавфиқ ишларига ва гуноҳкорларнинг Худога қарши айтган барча бетавфиқ қўполликларига нисбатан У барча бетавфиқ одамларни фош қилади”. 16 Бу — норозилик билдирувчилар, ўз ҳирслари бўйича ҳаракат қиладиган ўз тақдиридан нолувчилардир. Уларнинг оғизлари баландпарвоз гаплар гапирадилар, улар ўз манфаатларини кўзлаб, хушомад қиладилар. 17 Лекин сизлар, эй, севганларим, Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаворийлари томонидан олдиндан айтилганларни ёдингизда тутинглар. 18 Улар сизларга: “Охирги замонда ўз бетавфиқ ҳирслари бўйича юрадиган масхара қилувчилар пайдо бўлади,”- деб айтган эдилар. 19 Мана, булар — ўзларини ажратувчи, Муқаддас Руҳга эга бўлмаган, жони бошқарадиган одамлардир. 20 Сизлар эса, эй, севганларим, Муқаддас Руҳда ибодат қилиб, ўзингизни энг муқаддас бўлган имонингизда барпо қилинглар. 21 Абадий ҳаёт учун Раббимиз Исо Масиҳнинг раҳм-шафқатига кўз тутиб, ўзингизни Худонинг севгисида сақланглар. 22 Баъзи шубҳаланувчиларга раҳм-шафқатли бўлинглар, 23 бошқаларни эса қўрқитиб, оловдан олиб чиққандек қутқаринглар, уларнинг танасидан ҳаром бўлган кийимидан ҳам нафратланинглар. 24 Сизларни эса йиқилишдан сақлаб қолишга, Ўзининг шуҳратининг ҳузурида бенуқсон ва шод-хураммликда турғизишга қодир бўлган 25 яккаю-ягона, доно Нажоткоримиз Худога Исо Масиҳ орқали азалдан, ҳозир ва абадулабад шон-шуҳрат, улуғворлик, салтанат ва ҳокимият бўлсин! Омин.