17 1 Исо шу сўзларни айтиб, нигоҳини юқорига кўтариб, деди: “Отам! Вақт-соати келди, Ўғлингни улуғлагин, токи Ўғлинг ҳам Сени улуғласин. 2 Сен Унга бор башар устидан ҳокимият берганинг учун Сен Унга берган одамларнинг ҳаммасига У абадий ҳаёт берсин. 3 Абадий ҳаёт шуки – Сени, ягона, ҳақиқий Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир. 4 Мен Сени ер юзида улуғладим, Сен Менга бажаришим учун берган ишни амалга оширдим. 5 Энди, эй, Отам, Мен дунё яратилишидан олдин Сенинг ҳузурингда эга бўлган шуҳрат билан Мени ҳузурингда улуғлагин. 6 Сен Менга дунёдан берган одамларга Сенинг номингни очдим. Улар Сеники эдилар ва Сен уларни Менга бердинг. Улар эса Сенинг сўзингни сақлаб қолдилар. 7 Сен Менга берган ҳамма нарса Сендан эканлигини улар энди билдилар. 8 Зеро Сен Менга берган сўзларни уларга етказдим. Улар буларни қабул қилдилар. Менинг Сендан чиқиб келганимни ҳақиқатан билгач, улар Сенинг Мени юборганингга ишондилар. 9 Мен улар учун ибодат қиламан. Мен дунё учун эмас, балки Сен Менга берган одамлар учун ибодат қиламан, чунки улар Сеникидир. 10 Меники бўлган барча – Сеникидир, Сеники бўлган эса Меникидир. Мен эса уларда улуғландим. 11 Мен аллақачон дунёда эмасман, лекин улар дунёдадир. Мен эса Сенинг олдингга кетяпман. Ё, Муқаддас Отам, Менга берган одамларни Ўз номингдан асрагин, токи улар ҳам Биз каби бир бўлсинлар. 12 Мен улар билан бирга дунёда бўлганимда, уларни Сенинг номингдан асрадим. Сен Менга берган одамларни Мен сақладим, шундай қилиб, Ёзув амалга ошиши учун ҳалокат ўғлидан бошқа уларнинг ҳеч бири ҳалок бўлмади. 13 Энди эса Сенинг олдингга кетяпман ва бу сўзларни дунёда айтяпман, токи улар ўзларида Менинг қувончимга тўлиқ эга бўлсинлар. 14 Мен уларга Сенинг сўзингни етказдим ва дунё улардан нафратланди, чунки Мен дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам дунёдан эмаслар. 15 Уларни дунёдан олишинг учун эмас, лекин уларни ёвузликдан сақлашинг учун Сендан сўрамоқдаман. 16 Мен дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам дунёдан эмаслар. 17 Уларни ҳақиқатинг билан муқаддаслагин. Сенинг сўзинг ҳақиқатдир! 18 Сен Мени дунёга юборганинг каби, Мен ҳам уларни дунёга юбордим. 19 Мен Ўзимни улар учун бағишлайман, токи улар ҳам ҳақиқат билан муқаддаслансинлар. 20 Нафақат улар учун, балки ўз сўзлари бўйича Менга ишонадиганлар учун ҳам ибодат қиламан. 21 Уларнинг ҳаммаси бир бўлсин. Эй, Отам! Худди Сен Менда ва Мен Сенда бўлганим каби, улар ҳам Бизда бир бўлсинлар, токи дунё Мени Сен юборганингга ишонсин. 22 Сен Менга берган шуҳратни Мен уларга бердим, токи Биз бир бўлганимиз каби улар ҳам бир бўлсинлар. 23 Мен улардаман, Сен эса Мендасан! Улар ҳам бирликда мукаммал бўлсинлар, токи дунё Сен Мени юборганингни ҳамда Мени севганинг каби уларни ҳам севганингни билиб олсин. 24 Отам, шуни истайманки, Мен қаерда бўлсам, Менга берган одамлар ҳам Мен билан бирга бўлсинлар, токи Сен Мени дунё яратилишидан олдин севганинг учун Менга берган шуҳратни улар кўрсинлар. 25 Ё, ҳақ Отам! Дунё Сени таниб билмади, лекин Мен Сени таниб билдим, улар ҳам Сен Мени юборганингни билиб олдилар. 26 Мен уларга Сенинг исмингни очдим ва яна очаман, токи Сен Мени севган севгинг уларда бўлсин, Мен ҳам уларда жо бўлай”.