15 1 ”Мен ҳақиқий токман, Отам эса Боғбондир. 2 Мендаги ҳосил келтирмайдиган ҳар бир новдани У кесиб ташлайди, ҳар бир ҳосил келтирадиганини эса хомток қилиб тозалайди, токи кўпроқ ҳосил келтирсин. 3 Сизлар аллақачон Менинг сизларга воизлик қилган сўзим орқали тозалангансизлар. 4 Менда жо бўлинглар ва Мен сизларда жо бўламан. Токда жо бўлмаган новда ўз-ўзидан ҳосил келтира олмаганидек, сизлар ҳам, агар Менда жо бўлмасангизлар, ҳосил келтира олмайсизлар. 5 Мен токман сизлар эса новдасизлар. Ким Менда жо бўлса ва Мен унда жо бўлсам, у кўп ҳосил келтиради, чунки Менсиз ҳеч нарса қила олмайсизлар. 6 Ким Менда жо бўлмаса, у новда каби кесиб ташланади ва қуриб қолади. Буларни йиғиб, оловга ташлайдилар ва улар ёниб кетади. 7 Агар сизлар Менда жо бўлсангизлар ва Менинг сўзларим сизларда жо бўлса, унда истаганингизнинг бор нарсасини сўранглар ва оласизлар. 8 Сизлар Менинг шогирдларим бўлиб, кўп ҳосил келтирсангизлар, шу орқали Менинг Отам улуғланади. 9 Отам Мени севганидек, Мен сизларни севдим. Менинг севгимда жо бўлинглар. 10 Агар сизлар Менинг амрларимга риоя қилсангизлар, унда Менинг севгимда жо бўласизлар. Худди шу сингари Мен ҳам Отамнинг амрларига риоя қилиб, Унинг севгисида жо бўлмоқдаман. 11 Менинг қувончим сизларда бўлиши ва сизларнинг қувончингиз тўлиқ бўлиши учун, Мен сизларга бу нарсаларни айтдим. 12 Менинг амрим шуки, Мен сизларни севганим каби, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар. 13 Ким ўз жонини дўстлари учун берса, бундан буюкроқ севги йўқдир. 14 Агар Мен сизларга амр қилганларни бажарсангизлар, унда сизлар Менинг дўстларимсизлар. 15 Энди Мен сизларни қулларим, деб атамайман, чунки қул, унинг хўжайини нима қилаётганини билмайди. Аммо Мен сизларни дўстларим, деб атадим, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани Мен сизларга маълум қилдим. 16 Сизлар Мени танлаган эмассизлар, балки Мен сизларни танладим ва тайинладим, токи сизлар бориб ҳосил келтиринглар. Ҳосилингиз эса доимий қолсин, токи Отамдан нимаики сўрасангизлар, У сизларга берсин. 17 Сизларга шуни амр қиламанки: Бир-бирингизни севинглар. 18 Агар дунё сизлардан нафратланса, билингларки, сизлардан олдин у Мендан нафратланган эди. 19 Агар сизлар дунёдан бўлганингизда эди, дунё ўзиникини севган бўлар эди. Сизлар дунёдан бўлмаганларингиз, аммо Мен сизларни дунёдан танлаганим учун дунё сизлардан нафратланади. 20 Мен сизларга айтган сўзлар ёдингизда бўлсин: Қул ўз хўжайинидан улуғроқ эмас. Агар улар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар улар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларнинг сўзларингизга ҳам риоя қиладилар. 21 Лекин улар сизларга буларнинг ҳаммасини Менинг номим учун қиладилар, чунки Мени Юборганни билмайдилар. 22 Агар Мен келиб, уларга гапирмаганимда эди, уларда гуноҳ бўлмас эди. Лекин энди уларда ўз гуноҳларидан оқланиш йўқдир. 23 Мендан нафратланадиган одам Отамдан ҳам нафратланади. 24 Агар Мен уларнинг орасида бошқа ҳеч ким қила олмаган ишларни қилмаганимда эди, уларда гуноҳ бўлмас эди. Энди эса улар кўрдилар ва Мендан ҳам, Отамдан ҳам нафратландилар, 25 токи уларнинг Қонунида ёзилган сўз: Мендан бекорга нафратландилар,- дейилгани амалга ошсин. 26 Мен сизларга Отамдан юборадиган Юпатувчи, яъни Отамдан чиқадиган ҳақиқат Руҳи келганида, У Мен ҳақимда гувоҳлик беради. 27 Шунингдек, сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки сизлар бошидан Мен билан биргасизлар”.