14 1 ”Юрагингиз ташвишланмасин, Худога ишонинглар, Менга ҳам ишонинглар. 2 Менинг Отамнинг уйида масканлар кўп. Агар шундай бўлмаганида эди, Мен сизларга дер эдим: Сизларга жой тайёрлагани кетяпман. 3 Мен бориб сизларга жой тайёрлаганимда, қайтиб келиб сизларни Ўзимнинг олдимга оламан, токи Мен қаерда бўлсам, сизлар ҳам ўша ерда бўлинглар. 4 Мен қаерга кетаётганимни биласизлар ва йўлни ҳам биласизлар”. 5 Тўма эса Унга: “Ҳазрат! Қаерга кетаётганингни билмаймиз, қандай қилиб йўлни била оламиз?”- деди. 6 Исо унга деди: “Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Ҳеч кимнинг ўзи Отанинг олдига бора олмайди, фақатгина Мен оқалидир. 7 Агар сизлар Мени билганингизда эди, Менинг Отамни ҳам билар эдингизлар. Энди эса Уни биласизлар ва Уни кўрдингизлар”. 8 Филип Унга: “Ҳазрат! Бизга Отани кўрсат ва бизга шу етарли”,- деди. 9 Исо унга деди: “Эй, Филип, шунча вақтдан буён Мен сизлар билан биргаман, ҳали ҳам Мени билмайсанми? Мени кўрган, Отамни кўрган бўлади. Қандай қилиб сен: Бизга Отани кўрсат,- деяпсан? 10 Мен Отамда ва Отам Менда эканлигига ишонмаяпсанми? Мен сизларга айтаётган сўзларни Ўзимдан сўзламаяпман. Лекин Менда бўлган Отам, У ишларни бажармоқда. 11 Мен Отамда ва Отам Менда эканлигига ишонинглар, акс ҳолда, ушбу ишларим орқали Менга ишонинглар. 12 Ростини, сизларга ростини айтаманки, Менга ишонган одам, Мен қилган ишларни қилади ва бу ишлардан кўра каттароғини ҳам қилади, чунки Мен Отамнинг олдига кетяпман. 13 Агар сизлар Менинг номимдан нимаики сўрасангизлар, буни қиламан, токи Ота Ўғилда улуғлансин. 14 Менинг номимдан нимаики сўрасангизлар, Мен буни бажараман. 15 Агар Мени севсангизлар, Менинг амрларимга риоя қилинглар. 16 Мен Отамдан илтижо қиламан ва У сизларга бошқа Юпатувчини беради, токи сизлар билан бирга то абад қолсин. 17 Бу – ҳақиқат Руҳидир. Дунё Уни кўрмаслиги ва билмаслиги туфайли Уни қабул қила олмайди. Сизлар эса Уни биласизлар, чунки У сизлар билан бирга бўляпти ва сизларнинг ичингизда бўлади. 18 Сизларни етим қолдирмайман, сизларнинг олдингизга келаман. 19 Яна бир оз вақтдан кейин дунё Мени бошқа кўрмайди, лекин сизлар Мени кўрасизлар, чунки Мен яшайман ва сизлар ҳам яшайсизлар. 20 Ўша куни Мен Отамда, сизлар эса Менда ва Мен сизларда эканимни билиб оласизлар. 21 Ким Менинг амрларимга эга бўлиб, уларга риоя қилса, ўша одам Мени севади. Мени севганни эса Отам севади. Мен ҳам уни севаман ва унга Ўзимни намоён қиламан”. 22 Искариот бўлмаган бошқа Яҳудо Унга: “Ҳазрат, бу қанақаси Сен Ўзингни дунёга эмас, балки бизга намоён қилмоқчисан?”- деди. 23 Исо унга жавоб бериб деди: “Ким Мени севса, Менинг амрларимга риоя қилади ва Менинг Отам уни севади. Биз унинг олдига келамиз ва унда маскан яратамиз. 24 Мени севмайдиган одам Менинг сўзларимга риоя қилмайди. Сизлар эшитаётган сўз Меники эмас, лекин Мени Юборган Отамникидир. 25 Сизлар билан биргалигимда Мен сизларга шуларни айтдим. 26 Менинг номимдан Отам юборадиган Юпатувчи эса – Муқаддас Руҳдир. У сизларга ҳамма нарсани ўргатади ва Мен сизларга нималарни айтган бўлсам, ҳаммасини ёдингизга солади. 27 Сизларга тинчлик қолдиряпман: Мен сизларга дунё берадигандек бермаяпман, сизларга Ўз тинчлигимни беряпман. Юракларингиз ташвишланмасин ва қўрқувга тушмасин. 28 Сизларга: Мен кетяпман ва сизларнинг олдингизга қайтиб келаман,- деб айтганимни эшитдингизлар. Агар сизлар Мени севганларингизда, қувонган бўлар эдингизлар, чунки Мен: Отамнинг олдига кетяпман,- дедим, зеро Менинг Отам Мендан улуғроқдир. 29 Мана, бу нарсалар содир бўлишидан олдин Мен сизларга айтдим, токи булар содир бўлганида, сизлар ишонинглар. 30 Энди сизлар билан кўп гаплаша олмайман, чунки бу дунёнинг ҳокими келмоқда ва Менда у ҳеч нарсага эга эмас. 31 Лекин Мен Отамни севишимни ва Отам Менга берган амрларига риоя қилишимни бу дунё била олсин деб, қани, туриб, бу ердан кета қолайлик”.