12 1 Песаҳ байрамидан олти кун олдин Исо Бейт-Аниага, яъни Лазарни ўликлардан тирилтирган қишлоққа келди. 2 У ерда Унга кечки овқатни тайёрладилар. Марта хизмат қилиб юрган эди, Лазар эса У билан бирга ёнбошлаганлардан бири эди. 3 Шунда Мирйам бир либра жуда қимматбаҳо сунбул мойини олиб, Исонинг оёқларига суртди. Кейин Унинг оёқларини ўзининг сочлари билан артди. Уй эса мойнинг хушбўй ҳиди билан тўлди. 4 Шунда Унинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қилмоқчи бўлган Шимўн ўғли Яҳудо Искариот деди: 5 ”Бу мойни уч юз динорга сотиб, камбағалларга берса бўлмасмиди?” 6 У бу гапни камбағаллар ҳақида қайғургани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. У қутига эга бўлиб, унга солинган пуллардан олиб турар эди. 7 Исо эса: “Уни тинч қўйинглар,- деди,- У буни Менинг дафн кунимга сақлаб қўйган. 8 Зеро камбағаллар сизлар билан бирга ҳамиша бўлади, Мен эса ҳамиша бўлмайман”. 9 Яҳудийларнинг кўпчилиги Исонинг Бейт-Аниада эканлигини билиб қолдилар. Улар нафақат Исони, балки У ўликлардан тирилтирган Лазарни ҳам кўриш учун келдилар. 10 Лекин олий руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришга қарор қилдилар, 11 чунки у туфайли яҳудийлардан кўпчилиги келиб, Исога имон келтирдилар. 12 Кейинги куни байрамга келган кўп халойиқ Исонинг Йерусалимга келаётганини эшитиб, 13 палма дарахтининг баргларини олиб, Унга пешвоз чиқиб: “Ҳосанна! Раббий номидан келаётган Исроилнинг Подшоҳи муборак!”- деб ҳайқирдилар. 14 Исо эса хўтик топиб, унга минди, худди ёзилганидек: 15 “Қўрқма, эй Сион қизи! Сенинг Подшоҳинг хўтикка миниб келяпти!” 16 Унинг шогирдлари аввал бу нарсаларни тушунмадилар, лекин Исо улуғланганида, булар У ҳақида ёзилганлиги ва буларни Унга қилганлари уларнинг ёдига тушди. 17 Илгари Исо билан бирга бўлган одамлар Унинг Лазарни қабрдан чақириб, уни ўликлардан тирилтиргани ҳақида гувоҳлик бердилар. 18 Шу сабабдан ҳам халқ Исони кутиб олди, чунки Унинг бу мўъжизани яратганини эшитишган эди. 19 Фарзийлар эса ўзаро: “Кўряпсизларми, ҳеч нарса қила олмаяпсизлар. Қаранглар, бутун дунё Унинг ортидан бормоқда”,- дедилар. 20 Байрамда сажда қилиш учун келганларнинг орасида юнонлардан ҳам баъзилари бор эди. 21 Улар Галиленинг Бейт-Сайда шаҳридан бўлган Филипнинг олдига келиб, унга: “Ҳазрат, биз Исони кўрмоқчи эдик”,- деб ўтиндилар. 22 Филип бориб, бу ҳақда Андерга айтди. Сўнг Андер билан Филип иккаласи бориб, буни Исога айтишди. 23 Шунда Исо жавоб бериб: “Инсон Ўғлининг улуғланиш вақти келди,- деди,- 24 Ростини, сизларга ростини айтаманки, агар буғдой уруғи ерга тушиб ўлмаса, у ўзи қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил келтиради. 25 Кимки ўз жонини севса, уни йўқотади, лекин ким бу дунёда ўз жонидан нафратланса, уни абадий ҳаётга сақлаб қолади. 26 Ким Менга хизмат қилса, Менинг ортимдан юрсин ва Мен қаерда бўлсам, Менинг хизматкорим ҳам ўша ерда бўлади. Ким Менга хизмат қилса, Отам уни ҳурмат қилади. 27 Энди Менинг жоним безовталанмоқда! Нима десам экан? Отам, Мени бу вақт-соатдан қутқаргин, аммо Мен шу вақт-соат учун келганман. 28 Отам, номингни улуғлагин”. Шунда самодан овоз келди: “Улуғладим ва яна улуғлайман”. 29 Шу ерда турган ва буни эшитган халқ: “Бу чақмоқ”,- деди. Бошқалар эса: “Фаришта Унга гапирди”,- дедилар. 30 Исо жавоб бериб: “Бу овоз Мен ҳақи эмас, лекин сизлар ҳақи келди,- деди,- 31 Энди бу дунё учун ҳукм келди, энди бу дунёнинг ҳокими қувиб чиқарилади. 32 Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани ўзимга жалб қиламан”. 33 Исо бу сўзларни Ўзининг қандай ўлим билан ўлишини англатиш учун айтган эди. 34 Халқ Унга жавоб бериб: “Биз Қонунда: Масиҳ то абад туради, деб эшитган эдик. Энди қандай қилиб Сен, Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Бу Инсон Ўғли ким?”- дедилар. 35 Шунда Исо уларга деди: “Яна кам вақт Нур сизларнинг орангиздадир. Ҳали нурга эга бўлгунингларча, юринглар, токи зулмат сизларни қоплаб олмасин. Зеро зулматда юрган одам қаерга бораётганини билмайди. 36 Ҳали нурга эга бўлгунингларча, Нурга ишонинглар, токи сизлар Нур фарзандлари бўлинглар”. Буларни айтиб, Исо улардан узоқлашиб яширинди. 37 Исо уларнинг қаршисида шу қадар кўп мўъжизалар яратганига қарамасдан, улар Унга ишонмадилар. 38 Токи Йешайаҳ пайғамбарнинг: “Ё, Раббий, бизнинг хабаримизга ким ишонди? Кимга Раббийнинг қудрати намоён бўлди?”- дегани бажо бўлсин. 39 Улар шу сабабли имон келтира олмадилар, негаки, Йешайаҳ яна айтганди: 40 “Улар кўзларини кўр қилиб олишган ва юракларини тош қилишган, шунинг учун кўзлари билан кўрмайдилар ва юраклари билан англамайдилар, ва Мен уларни шифолашим учун, йўлларидан қайтмайдилар”. 41 Йешайаҳ Унинг шуҳратини кўрганида ва У ҳақида гапирганида, бу нарсаларни айтган эди. 42 Шунга қарамасдан, бошлиқлар орасидан ҳам кўпчилиги Унга имон келтирдилар, лекин синагогадан ҳайдалмаслик учун фарзийлар туфайли эътироф этмадилар, 43 чунки улар Худонинг шуҳратидан кўра, кўпроқ инсоний шуҳратни севдилар. 44 Исо хитоб қилиб деди: “Менга ишонган Менга эмас, лекин Мени Юборганга ишонган бўлади. 45 Мени кўрган, Мени Юборганни кўрган бўлади. 46 Мен дунёга келган Нурман, токи Менга ишонган ҳар бир одам зулматда қолмасин. 47 Агар кимдир Менинг сўзларимни эшитиб ишонмаса, Мен уни ҳукм қилмайман, чунки Мен дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки дунёни қутқариш учун келганман. 48 Мени рад қилаётган ва Менинг сўзларимни қабул қилмаётган одамнинг ҳукм қилувчиси бор – Мен айтган сўз, айнан шу сўз уни охирги кунда ҳукм қилади. 49 Чунки Мен Ўзимдан сўзлаган эмасман, лекин Мени юборган Отам – У нима дейишим кераклигини ва нима айтишим кераклигини Менга амр берди. 50 Унинг амри эса – абадий ҳаёт эканлигини Мен биламан. Шундай экан, Мен нимаики айтаётган бўлсам, Отам Менга айтгандай, сизларга айтяпман”.