11 1 Мирйам ва унинг опаси Марта яшайдиган Бейт-Аниа қишлоғида Лазар исмли одам касал бўлиб ётган эди. 2 Мирйам эса Раббийга мой суртган ва оёғини сочи билан артган худди ўша аёл эди. Касал ётган Лазар Мирйамнинг акаси эди. 3 Опа-сингил Исога: ”Ҳазрат! Мана, Сен севган одам касал бўлиб ётибди”,- деб хабар етказдилар. 4 Исо буни эшитиб: “Бу касаллик ўлимга эмас, лекин Худонинг шуҳратигадир, токи бу орқали Худонинг Ўғли улуғлансин”,- деди. 5 Исо Мартани, унинг синглисини ва Лазарни севар эди. 6 Исо Лазарнинг касал эканлигини эшитганида, ўша жойда яна икки кун қолиб, 7 кейин шогирдларига: “Яна Яҳудияга борамиз”,- деди. 8 Шогирдлари эса Унга: “Раввий! Яҳудийлар Сени яқиндагина тошбўрон қилмоқчи эдилар-ку, Сен яна ўша ерга бормоқчимисан?”- дедилар. 9 Исо жавоб берди: “Кунда ўн икки соат эмасми? Кимки кунда юрса, у қоқилмайди, чунки бу дунёнинг нурини кўради. 10 Лекин ким тунда юрса, у қоқилади, чунки унда нур йўқ”. 11 Исо шу сўзларни айтиб, сўнгра уларга: “Бизнинг дўстимиз Лазар ухлаб қолди, лекин Мен уни уйғотгани боряпман”,- деди. 12 Шунда шогирдлари: “Ҳазрат, агар ухлаб қолган бўлса, соғайиб кетади”,- дедилар. 13 Исо унинг ўлганини назарда тутган эди, аммо улар Исо одатий уйқу ҳақида гапиряпти, деб ўйладилар. 14 Шунда Исо уларга очиғини айтди: “Лазар ўлди. 15 У ерда бўлмаганим учун сизлардан хурсандман, токи сизлар имон келтира олинглар. Энди унинг олдига борайлик”. 16 Шунда “Эгизак” лақабли Тўма бошқа шогирдларга: “Қани юринглар, биз ҳам У билан бирга ўламиз”,- деди. 17 Шундай қилиб, Исо у ерга келганида, Лазарнинг тўрт кундан буён қабрда эканлигини топди. 18 Бейт-Аниа эса Йерусалимга яқин бўлиб, ундан ўн беш стадиос масофада эди. 19 Яҳудийларнинг кўпчилиги Марта ва Мирйамнинг акасининг вафоти муносабати билан юпатиш учун уларнинг олдига келдилар. 20 Шу орада Марта Исонинг келаётганини эшитгач, Уни кутиб олгани чиқди. Мирйам эса уйда ўтирар эди. 21 Шунда Марта Исога деди: “Ҳазрат, агар Сен шу ерда бўлганингда эди, менинг акам ўлмаган бўлар эди. 22 Аммо мен биламан, ҳозир ҳам Сен Худодан нимаики сўрасанг, Худо Сенга беради”. 23 Исо унга: “Аканг тирилади”,- деди. 24 Марта Унга: “Биламан, ўликларнинг тирилишида, охирги кунда тирилади”,- деди. 25 Исо эса унга: “Мен тирилиш ва ҳаётдирман,- деди,- Менга ишонган одам ўлса ҳам, тирилади. 26 Менга имон келтирадиган ва яшайдиган ҳар бир одам то абад ўлмайди”. 27 Марта Унга: “Ҳа, Ҳазратим, мен ишонаман, Сен дунёга келиши керак бўлган Масиҳ, Худонинг Ўғлисан”,- деди. 28 У шу сўзларни айтгач, бориб синглиси Мирйамни яширинча чақириб: “Устоз келди ва сени чақирмоқда”,- деди. 29 Мирйам буни эшитганида, шошилиб ўрнидан турди ва Унинг олдига келди. 30 Исо ҳали қишлоққа кирмаган эди, лекин Марта Уни учратган жойда турар эди. 31 Мирйам билан бирга уйда бўлган ва уни юпатаётган яҳудийлар, унинг шошилиб туриб ташқарига чиққанини кўргач, у йиғлаш учун қабрга кетди, деб ўйлаб унинг ортидан кетдилар. 32 Мирйам Исо турган жойга келиб, Уни кўрди-да, Унинг оёқларига йиқилди ва Унга: “Ҳазратим, агар Сен шу ерда бўлганингда эди, менинг акам ўлмаган бўлар эди”,- деди. 33 Исо унинг ва у билан бирга келган яҳудийларнинг йиғлаётганини кўриб, Ўзи ҳам руҳан изтироб чекди ва ҳаяжонга тушди. 34 ”Уни қаерга қўйдингизлар?”- деб сўради У. Улар Унга: “Ҳазрат, бориб кўргин”,- дедилар. 35 Исонинг кўзлари ёшланди. 36 Шунда яҳудийлар: “Қаранглар, нақадар уни севар экан”,- дедилар. 37 Улардан баъзилари эса: “Кўрнинг кўзларини очган бу Киши ушбу одамнинг ўлмаслиги учун бирор нарса ҳам қилса бўлмасмиди?”- дедилар. 38 Исо эса яна ичида изтироб чекиб, қабрнинг олдига келди. Бу ғор бўлиб, унинг оғзида тош ётар эди. 39 Исо: “Тошни олиб ташланглар”,- деди. Марҳумнинг синглиси Марта Унга: “Ҳазратим, у аллақачон сасиган, чунки энди тўрт кун бўлди”,- деди. 40 Исо унга: “Мен сенга: Агар ишонсанг, Худонинг шуҳратини кўрасан,- деб айтган эмасмидим?”- деди. 41 Шунда марҳум ётқизилган жойдан тошни олиб ташладилар. Исо эса нигоҳини юқорига кўтариб деди: “Отам, Мени эшитганинг учун Сендан миннатдорман. 42 Сен Мени ҳар доим эшитишингни билар эдим, лекин буни шу ерда турган одамлар учун айтдим, токи Сен Мени юборганингга ишонсинлар”. 43 Бу сўзларидан сўнг У баланд овозда: “Лазар, ташқарига чиқ”,- деди. 44 Марҳум қўллари ва оёқлари кафанга ўралган ҳолда чиқиб келди, унинг юзи мато билан ўралган эди. Исо уларга: “Уни ечиб юборинг, юрсин”,- деди. 45 Ўшанда Мирйамнинг олдига келган ва Исонинг нима қилганини кўрган яҳудийларнинг кўпчилиги Унга имон келтирдилар. 46 Улардан баъзилари эса фарзийларнинг олдига бориб, Исо нима қилганини уларга айтиб бердилар. 47 Шунда олий руҳонийлар ва фарзийлар кенгаш тузиб дедилар: “Нима қиламиз? Бу одам кўп мўъжизалар яратиб юрибди-ку. 48 Агар буни шундай қолдирсак, унда ҳамма Унга имон келтиради. Шунда римликлар келиб, еримизни ҳам, ҳалқимизни ҳам босиб олади”. 49 Улардан бири, ўша йили олий руҳоний бўлган Кайафа исмли бир киши уларга деди: “Сизлар ҳеч нарсани билмайсизлар ҳам, 50 ўйлаб кўрмайсизлар ҳам. Биз учун бутун халқ нобуд бўлганидан кўра, одамларнинг ўрнига бир кишининг ўлгани яхшироқ бўлади”. 51 Буни эса у ўзидан айтган эмас, лекин ўша йили олий руҳоний бўлгани сабабли Исонинг халқ учун ўлиши ҳақида башорат қилди. 52 Аслида, нафақат бу халқ учун, балки Худонинг тарқалиб кетган фарзандларини бирга йиғиши учун ўлиши керак эди. 53 Шу кундан бошлаб, улар Исони ўлдиришга келишиб олдилар. 54 Шу сабабли, Исо яҳудийлар орасида очиқ юрмайдиган бўлди, бироқ у ердан саҳро яқинидаги Эфрайим, деб номланган шаҳарга бориб, шогирдлари билан ўша ерда қолди. 55 Яҳудийларнинг Песаҳ байрами яқинлашиб қолган эди. Шунда кўплар Песаҳ байрамидан олдин ўзларини поклаш учун бутун мамлакатдан Йерусалимга келдилар. 56 Шунда улар Исони қидирдилар ва маъбадда туриб ўзаро: “Нима, деб ўйлайсизлар, У байрамга келмасмикин?”- дедилар. 57 Олий руҳонийлар билан фарзийлар эса Уни қўлга олиш учун: Агар бирор киши Уни қаердалигини билиб қолса, хабар қилсин,- деган буйруқ бердилар.