1
1
Бошида Сўз бор эди, Сўз Худонинг ҳузурида эди ва Сўз Худо эди.
2
У бошида Худонинг ҳузурида эди.
3
Ҳамма нарса У орқали бор бўлган. Бор бўлганнинг ҳеч бири эса Усиз бор бўлган эмас эди.
4
Унда ҳаёт бор эди ва ҳаёт одамларнинг нури эди.
5
Нур зулматда порлайди ва зулмат уни қамраб олмади.
6
Худо томонидан юборилган бир одам бор эди, унинг исми Яҳё эди.
7
У нур ҳақида гувоҳлик бериш учун келди, токи унинг гувоҳлиги орқали ҳамма имон келтирсин.
8
У Нур эмас эди, аммо у Нур ҳақида гувоҳлик бериш учун юборилган эди.
9
Дунёга келадиган ҳар бир одамни ёритувчи ҳақиқий Нур бор эди.
10
У дунёда эди, дунё У орқали бор бўлди, аммо дунё Уни таниб билмади.
11
У ўзиникиларнинг олдига келди ва ўзиникилар Уни қабул қилмадилар.
12
Уни қабул қилганларга эса, Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзандлари бўлиш ҳокимиятини берди.
13
Булар на қондан, на тананинг истагидан, на эрнинг истагидан, балки Худодан туғилдилар.
14
Сўз танага айланди ва биз билан бирга истиқомат қилди. Биз эса Унинг шуҳратини, яъни Отадан туғилган, иноятга ва ҳақиқатга тўлган ягона Ўғил сифатидаги шуҳратни кўрдик.
15
Яҳё У ҳақида гувоҳлик берди ва ҳайқириб деди: “Менинг ортимдан Келаётган мендан олдинга ўтди, чунки У мендан олдин бор эди,- деб мана шу Киши ҳақида айтган эдим”.
16
Унинг тўлиқлигидан бизнинг ҳаммамиз олдик, ва иноят устига иноятдир.
17
Чунки Қонун Мусо орқали берилган, иноят ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали бор бўлди.
18
Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас. Отасининг бағрида бўлган Ягона Ўғил – У Худони намоён қилди.
19
Яҳудийлар Яҳёдан: Кимсан?- деб сўраш учун Йерусалимдан руҳонийлару левитларни юборганларида, Яҳёнинг гувоҳлиги мана шу бўлди:
20
У рад қилмасдан, тан олиб: “Мен Масиҳ эмасман”,- дея тан олди.
21
Улар эса ундан: “Унда нима? Сен Элийаҳмисан?”- деб сўрашди. У: “Йўқ”,- деди. “Пайғамбармисан?” У: “Йўқ”,- деб жавоб берди.
22
“Сен Кимсан?- дейишди унга,‑ Бизни юборганларга биз жавоб бера олишимиз учун сен ўзинг ҳақингда нима дейсан?”
23
У: “Мен – Йешайаҳ пайғамбар айтганидек: Раббийга йўлни тўғриланглар,- деб саҳрода хитоб қилаётганнинг овозиман”,- деди.
24
Юборилганлар эса фарзийлардан эдилар.
25
Улар ундан: “Агар сен Масиҳ ҳам, Элийаҳ ҳам, пайғамбар ҳам бўлмасанг, нима учун чўмдиряпсан?”- деб сўрадилар.
26
Яҳё жавоб бериб деди: “Мен сувга чўмдиряпман, аммо орангизда сизлар билмайдиган бир Кимса турибди.
27
У менинг ортимдан келаётган эди ва мендан олдинда бўлди. Мен Унинг пойафзалининг боғичини ечишга муносиб эмасман”.
28
Бу воқеа Йордан қирғоғидаги Бейт‑Аниада содир бўлди. Яҳё у ерда сувда чўмдирар эди.
29
Эртаси куни Яҳё унинг олдига келаётган Исони кўриб деди: “Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига оладиган Худонинг Қўзиси.
30
Мен: Ортимдан бир Киши келмоқда, У мендан олдинда бўлди, чунки мендан олдин У бор эди,‑ деган Одам Шудир.
31
Мен Уни билмас эдим, аммо У Исроилга намоён бўлиши учун мен сувга чўмдиргани келдим”.
32
Яҳё гувоҳлик бериб деди: “Мен осмондан кабутардек тушиб келаётган ва Унга қўнган Руҳни кўрдим.
33
Мен Уни билмас эдим, аммо сувга чўмдириш учун мени Юборган менга деди: Кимга Руҳ тушиб келаётганини ва Унга қўнганини кўрсанг, Ўша Муқаддас Руҳга Чўмдирувчидир.
34
Мен эса кўрдим ва гувоҳлик бердим: мана, Шу – Худонинг Ўғлидир”.
35
Эртаси куни яна Яҳё иккита шогирди билан бирга турган эди.
36
У юриб келаётган Исони кўргач: “Мана – Худонинг Қўзиси!”- деди.
37
Иккала шогирди унинг бу сўзларини эшитиб, Исонинг ортидан эргашиб бордилар.
38
Исо эса ўгирилиб, уларнинг эргашиб келаётганларини кўрди ва уларга: “Нимани излаяпсизлар?”- деди. Улар Унга: “Раввий, Сен қаерда турасан?”- дедилар. (“Раввий” – “устоз” демакдир).
39
У уларга: “Бориб кўринглар”,- деди. Улар бориб, Унинг қаерда туришини кўрдилар ва ўша куни Уникида қолдилар. Соат чамаси ўнлар эди.
40
Яҳёдан Исо ҳақида эшитган ва Унга эргашган икки кишидан бири – Шимўн-Петьёрнинг биродари Андер эди.
41
У биринчи бўлиб ўз биродари Шимўнни топиб, унга: “Биз Масиҳни топдик”,- деди. (Масиҳ – “Мойланган” демакдир).
42
Шундай қилиб, уни Исонинг олдига олиб келди. Исо эса унга қараб: “Сен – Шимўн, Йонаҳ ўғлисан; сенинг исминг Кифа бўлади”,- деди. (Кифа – “Тош”-Петъёр демакдир).
43
Эртаси куни Исо Галилега бормоқчи бўлди ва Филипни топиб унга: “Менинг ортимдан юр”,- деди.
44
Филип эса Бейт-Сайдадан, яъни Андер ва Петьёр билан бир шаҳардан эди.
45
Филип Натанаэлни топиб, унга: “Биз Мусо ва бошқа пайғамбарлар ёзган, Нозара шаҳридан бўлган Юсуфнинг ўғли Исони топдик”,- деди.
46
Натанаэл эса унга: “Нозарадан бирор яхши нарса чиқиши мумкинми?”- деди. Филип унга: “Бориб, ўзинг кўргин”,- деди.
47
Исо Унинг олдига келаётган Натанаэлни кўриб, у ҳақида: “Мана, айёрлиги йўқ ҳақиқий исроиллик”,- деди.
48
Натанаэл Унга: “Мени қаердан биласан?”- деди. Исо унга жавобан: “Филип сени чақиришидан олдин, сен анжир дарахти остида ўтирганингда, Мен сени кўрган эдим”,- деди.
49
Натанаэл Унга жавобан: “Раввий! Сен Худонинг Ўғлисан, Сен Исроил Подшоҳисан!”- деди.
50
Исо унга жавоб бериб: “Сени анжир дарахти остида кўрдим, деганим учун сен ишондинг, бундан кўпроғини кўрасан”,- деди.
51
Сўнг унга: “Ростини, сизларга ростини айтаманки, энди Осмоннинг очиқ эканини ва Худонинг фаришталари Инсон Ўғлининг олдига тушиб-чиқаётганларини кўрасизлар”,- деди.