21
1
Исроилликлар Миспаҳда: “Биздан ҳеч биримиз Бенямин ўғилларига қизимизни хотинликка бермаймиз”,- деб қасам ичдилар.
2
Халқ Худонинг уйига келиб, кечгача Худонинг қаршисида ўтирди. Улар баланд овозда фарёд уриб, қаттиқ йиғладилар
3
ҳамда дедилар: “Ё, Раббий, Исроилнинг Худоси! Нима учун бу Исроилда содир бўлдики, энди Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлди?”
4
Кейинги куни халқ эрталаб туриб, у ерда қурбонгоҳ қурди. Улар тамоман ёндириш қурбонликлари ва тинчлик қурбонликлари келтирдилар.
5
Исроил ўғиллари: “Исроилнинг барча қабилаларидан ким Раббий қаршисига йиғинга келмади?”- дедилар. Зеро Раббий қаршисига Миспаҳга келмаганларга буюк лаънат эълон қилинган. “Улар ўлимга топширилади”,- дейилган эди.
6
Исроил ўғилларининг ўз биродарлари Беняминга раҳмлари келди ва дедилар: “Эндиликда Исроилнинг бир қабиласи кесилди.
7
Улардан омон қолганлари билан хотин масаласида қандай йўл тутамиз? Ахир, биз ўз қизларимизни уларга хотинликка бермасликка қасам ичдик.”
8
Улар: “Раббий қаршисига Миспаҳга келмаган Исроилнинг бирор қабиласи йўқми?”- дедилар. Аниқлашларича, Гилъадга тегишли Йобэшдан Раббийнинг қаршисига, қароргоҳдаги йиғинга ҳеч ким келмаган экан.
9
Халқ кўздан кечирилди ва, мана, у ерда Гилъадга тегишли Йобэш аҳолисидан ҳеч ким йўқ эди.
10
Жамоа ўша жойга ўн икки минг кишини, кучли одамларни юборди ва уларга буйруқ бериб, дедилар: “Боринглар, Гилъадга тегишли Йобэшнинг аҳолисини, хотинларни ҳам, болаларни ҳам қиличдан ўтказинглар.
11
Мана, нима қилинглар: Ҳар бир эркак ва эркакнинг тўшагини билган ҳар бир аёлни қириб ташланглар".
12
Гилъадга тегишли Йобэш аҳолиси орасидан улар эрнинг тўшагини билмаган тўрт юзта қизни топдилар ва уларни Канъан еридаги, Шилўҳдаги қароргоҳга олиб келдилар.
13
Бутун жамоа Риммон қоясида бўлган Бенямин ўғиллари билан суҳбатлашиш учун одамларни юбордилар ва уларга тинчлик эълон қилдилар.
14
Шунда Бенямин ўғиллари қайтиб келдилар. Исроилликлар эса уларга Гилъадга тегишли Йобэш аёлларидан тирик қолдирганларини хотинликка бердилар. Лекин бу етарли эмас эди.
15
Халқнинг эса Беняминга раҳми келди, чунки Раббий Исроил қабилалари орасида ёриқ қолдирди.
16
Жамоанинг оқсоқоллари: “Қолганлар билан хотин масаласида нима қиламиз, зеро Беняминнинг хотинлари қириб ташланган?”- дедилар.
17
Шунда улар: “Меросий ерлари Беняминнинг омон қолган ўғилларига қолсин, токи Исроилдан бир қабила йўқ бўлиб кетмасин.
18
Лекин бизлар ўз қизларимизни уларга хотинликка бера олмаймиз. Чунки Исроил ўғиллари: Ким Беняминга хотинликка берса лаънати бўлсин, деб қасам ичган эдилар”.
19
Шунда дедилар: “Мана, ҳар йили Бейт-Элдан шимол томонда, Бейт-Элдан Шеқемга олиб борадиган йўлдан шарқ томонда ва Лебонаҳдан жануб томонда бўлган Шилўҳда Раббийнинг байрами бўлади”.
20
Улар Бенямин ўғилларига буюриб дедилар: “Боринглар ва узумзорларга ўтириб, пойлаб туриб,
21
қараб туринглар. Шилўҳ қизлари давра қуриб, рақс тушгани чиққанларида, узумзорлардан чиқинглар, ҳар бирингиз ўзингизга Шилўҳ қизларидан хотин қилиб олиш учун тутиб олинглар ва Бенямин ерига олиб боринглар.
22
Уларнинг оталари ёки биродарлари бизнинг олдимизга шикоят қилиб келсалар, биз уларга: Улар учун бизни кечиринглар, чунки биз уруш пайтида уларнинг ҳар бири учун қизларни ола олмадик, сизлар ҳам уларга бермадингизлар. Энди сизлар айбдорсизлар,- деймиз”.
23
Бенямин ўғиллари шундай қилдилар, улар даврадаги қизлардан ўз сонларига яраша қизларни олиб, уларни ўғирладилар. Сўнг ўз улушларига қайтиб кетдилар ва шаҳарлар қуриб, уларда яшай бошладилар.
24
Ўша вақтнинг ўзида исроилликларнинг ҳар бири ўз қабиласига, ўз авлодига қайтди, у ердан ҳар бири ўз улушига кетди.
25
Ўша кунларда Исроилда подшоҳ йўқ эди. Ҳар бир киши нима унга тўғри туюлса, шуни қилар эди.