1 1 Мен, Худонинг ва Раббий Исо Масиҳнинг қули Ёқуб, дунёга тарқалиб кетган ўн икки қабилага – қувонинглар, деб айтяпман. 2 Эй, биродарларим, сизлар турли васвасаларга тушиб қолганингизда ҳам, буни бутун қувонч билан қабул қилинглар. 3 Шуни билингларки, имонингизнинг синалиши сабр-тоқат ҳосил қилади. 4 Сабр-тоқатингиз эса амалда мукаммал бўлсин, токи сизлар ҳамма нарсада камчиликсиз, етук ва комил бўлинглар. 5 Агар сизлардан бирортангизга донолик етишмаса, унда таъна қилмасдан ҳаммага самимият билан берувчи Худодан сўрасин ва унга берилади. 6 Лекин ўша одам ҳеч шубҳа қилмасдан имон билан сўрасин, чунки шубҳа қилувчи – шамол кўтараётган ва тўзитиб юбораётган денгиз тўлқинига ўхшайди. 7 Бундай одам Раббийдан бирон нарса олишни умид ҳам қилмасин. 8 Фикрида иккиланаётган одам ўзининг ҳамма йўлларида беқарордир. 9 Камситилган биродар ўзининг юксалиши билан мақтансин. 10 Бой эса ўзининг пасайиши билан мақтансин, чунки у ўтнинг гули каби ўтиб кетади. 11 Қуёш чиқиб, жазирама иссиғи билан ўтни қуритиб юборади. Ўтнинг гули тўкилади ва унинг бутун гўзаллиги йўқолади. Бой одам ҳам ўз йўлларида худди шундай сўлиб қолади. 12 Васвасага бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, Раббийни севадиганларга ваъда қилинган ҳаёт тожини олади. 13 Васвасага тушганда, ҳеч ким: “Худо мени васвасага соляпти,”- демасин. Чунки Худо ёвузлик билан васваса қилинмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни васвасага солмайди. 14 Лекин ҳар бир одам ўзининг ҳирсига қизиқиб, алданиб васвасага тушади. 15 Ҳирс эса ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, қилинган гуноҳ эса ўлимни туғади. 16 Эй, севикли биродарларим, алданманглар! 17 Ҳар бир эзгу эҳсон, ҳар бир мукаммал ҳадя юқоридан, нурлар Отасидан тушади. Унда ўзгариш йўқ, ўзгарувчан соя ҳам йўқдир. 18 Биз Унинг ижодларининг баъзи бир бошланғичи бўлишимиз учун Худо Ўз иродаси бўйича бизни ҳақиқат Сўзи орқали туғди. 19 Шундай қилиб, севикли биродарларим, ҳар бир одам тинглаш учун чаққон, гапириш учун вазмин ва ғазабланиш учун суст бўлсин. 20 Чунки инсон ғазаби Худонинг ҳақлигини рўёбга чиқармайди. 21 Шунинг учун барча ифлосликни ва ҳаддан ортиқ ёвузликни бир четга йиғиштириб қўйинглар. Сизларнинг ичингизга экилаётган ва жонларингизга нажот беришга қодир бўлган Худонинг Сўзини мулойимлик билан қабул қилинглар. 22 Ўз-ўзини алдайдиган Сўзнинг фақат тингловчилари эмас, балки бажарувчилари бўлинглар. 23 Чунки ким Сўзни тинглаб, уни бажармаса, у ўзининг асл юзини кўзгуда кўраётган одамга ўхшайди. 24 У ўзига бир қараб, кетди ва дарҳол ўзининг қандай эканлигини унутди. 25 Лекин ким озодликнинг мукаммал Қонунига синчиклаб қараб, унда турадиган бўлса, у одам унутувчан тингловчи эмас, балки Сўзни бажарувчиси бўлиб, ўз ҳаракатларида бахтли бўлади. 26 Агар орангиздаги бирор одам ўзини диёнатли ҳисоблаб, тилини тиймаса, лекин ўз юрагини алдаса, унинг диёнати беҳудадир. 27 Отамиз Худо олдида пок ва бенуқсон диёнат – етиму беваларнинг қайғуларида уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда бу дунёдан ўзини беғубор сақлашдир.