1 1 Қадимдан кўп маротаба ва турли тарзда пайғамбарлар орқали оталаримизга гапирган Худо 2 шу охирги кунларда бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо У орқали оламларни яратиб, Уни ҳамма нарсанинг меросхўри қилиб тайинлади. 3 У эса шуҳратнинг ёғдуси ва Худонинг шахсиятининг қиёфаси бўлиб, ҳамма нарсани Ўз куч-қудратининг сўзи билан ушлаб туриб, Ўзи билан гуноҳларимизни ювишни амалга оширди ва осмонда Ҳазрати Олийнинг ўнг томонида ўтирди. 4 У фаришталардан кўра нақадар аълороқ исмни мерос қилиб олган бўлса, шу қадар улардан устун бўлди. 5 Худо қачон бўлса ҳам, фаришталарнинг қайси бирига: “Сен Менинг Ўғлимсан, Мен Сени бугун туғдим”, ва яна: “Мен Унга Ота бўламан ва У Менга Ўғил бўлади”,- деб айтган? 6 Шунингдек, У Тўнғичини оламга киритаётганида, бундай дейди: “Худонинг барча фаришталари Унга сажда қилсинлар”. 7 Фаришталар ҳақида эса айтилган: “У Ўз фаришталарини шамоллар ва хизматкорларини ўт алангаси қилади.” 8 Бироқ Ўғил ҳақида бундай дейилган: “Сенинг тахтинг, ё, Худойим, абадулабад! Подшоҳлигинг ҳассаси – ҳаққоният ҳассасидир. 9 Сен ҳақликни севиб, қонунбузарликдан нафратландинг. Шунинг учун Худо, Сенинг Худойинг Сени шерикларингдан кўра кўпроқ қувонч мойи билан мойлади”. 10 Яна: “Ё, Раббий, Сен азалдан ернинг асосини қўйгансан, осмон ҳам Сенинг қўлларинг ишидир. 11 Улар йўқ бўлиб кетади, аммо Сен мангу қоласан. Уларнинг ҳаммаси кийимдай эскириб кетади. 12 Сен уларни ридодай ўраб қўясан ва улар ўзгариб кетади. Лекин Сен Ўша-Ўшасан, Сенинг йилларинг тамом бўлмайди”. 13 Худо қачон бўлса ҳам, фаришталарнинг қайси бирига: “Душманларингни оёқларингнинг супачаси қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин!”- деб айтган?! 14 Фаришталарнинг ҳаммаси нажот меросхўрларига хизмат қилиш учун юборилган хизматчи руҳлар эмасми?