1-боб

1 Мана Ёқуб билан бирга оилаларини олиб, Мисрга кирган Исроил ўғилларининг исмлари: 2 Рубен, Шимўн, Леви, Яҳудо, 3 Иссохор, Забулун, Бенямин, 4 Дан, Нафтали, Гад, Ашер. 5 Хуллас, Ёқубнинг пушти камаридан бўлган жонлар ҳаммаси бўлиб етмишта эди, Юсуф эса аллақачон Мисрда эди. 6 Юсуф, унинг ака-укалари ва ўша авлоднинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди. 7 Исроил ўғиллари эса баракали бўлиб, жуда ўсиб бордилар ва кўпайиб ўта кучайдилар. Шундай қилиб, Миср юрти улар билан тўлиб-тошди. 8 Ўша пайтда Миср тахтига Юсуфни билмайдиган янги фиръавн ўтирди. 9 У ўз халқига шундай деди: “Мана, Исроил ўғилларининг халқи биздан кўра кўпсонлироқ ва кучлироқ. 10 Қани, улар кўпайиб кетмасликлари учун бир айёрлик қилайлик. Акс ҳолда, уруш бўлиб қолса, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар ва еримиздан чиқиб кетадилар”. 11 Ўшанда Исроил халқини оғир меҳнат билан эзиш учун уларнинг устидан иш бошқарувчиларни қўйдилар. Исроил халқи фиръавн учун Питом ва Рамсес деган омборхона шаҳарларини қуриб берди. 12 Лекин мисрликлар уларни нақадар эзсалар, улар шу қадар кўпайиб, юрт бўйлаб ёйилиб борар эдики, улар Исроил ўғилларидан қўрқиб қолдилар. 13 Шунинг учун мисрликлар Исроил ўғилларини зўрлик билан оғир меҳнат қилишга мажбур қилар, 14 лойдан ғишт қуйиш, ҳар турли дала ишлари ва оғир ишда шафқатсиз мажбурлаб ишлатиб, уларнинг ҳаётларини аччиқ қилар эдилар. 15 Миср подшоҳи эса Шифро ва Пуво деган иброний дояларига шундай фармон бериб деди: 16 “Иброний аёллар кўзи ёриётган пайтда доялик қилаётганингизда, эътибор беринглар: чақалоқ ўғил бўлса, ўлдиринглар, қиз бўлса, яшайверсин”. 17 Аммо доялар Худодан қўрқар ва Миср подшоҳининг буйруғини амалга оширмасдан, чақалоқларни тирик қолдирар эдилар. 18 Миср подшоҳи дояларни чақириб, улардан: “Нимага бундай қиляпсизлар? Нимага чақалоқларни тирик қолдиряпсизлар?”- деб сўради. 19 Доялар эса фиръавнга: “Иброний аёллар мисрлик аёлларга ўхшамайдилар. Улар жуда бақувват, шунинг учун доя келмасдан олдин улар туғиб қолар эдилар”,- деб жавоб беришди. 20 Бу учун Худо дояларга эзгулик қилди. Исроил халқи эса кўпайиб, ўта кучаяверди. 21 Доялар Худодан қўрққанлари учун, Худо уларнинг уйини обод қилди. 22 Ўшанда фиръавн бутун ўз халқига буйруқ бериб: ”Туғилган ҳар бир ўғил болани Нил дарёсига улоқтиринглар, қиз болаларни эса тирик қолдиринглар”,- деб айтди.