1 1 Худонинг иродаси бўйича Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен Повул, Эфес шаҳридаги муқаддасларга, Исо Масиҳда содиқ бўлганларга: 2 сизларга Отамиз Худодан ва Раббий Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин. 3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси – Худо муборак бўлсин! У бизга самодаги барча руҳий баракаларни Масиҳда ато этган. 4 Ўзининг ҳузурида муқаддас ва бенуқсон бўлишимиз учун Худо дунё яратилишидан аввал бизни Масиҳда танлаб, 5 Ўз иродасининг илтифоти бўйича бизни Исо Масиҳ орқали Ўзига севги билан фарзанд қилиб олишни азалдан тайинлади. 6 Ўз инояти шуҳратининг мақтови учун У севикли Ўғлида бизга иноят кўрсатди. 7 Биз Масиҳда Унинг қони орқали қайта сотиб олиниб, Унинг иноятининг бойлиги бўйича гуноҳларимизнинг кечирилишига эгамиз. 8 Худо бундай иноятни барча донолигу ақл-заковатда биз учун кўпайтириб, 9 Масиҳда тайинлаган Ўзининг илтифоти бўйича бизга Ўз иродасининг сирини очди: 10 яъни вақт тўлиқлигини тузиш учун барча осмону ердагиларни Масиҳда, Унинг ҳокимияти остида бирлаштирди. 11 Масиҳда биз меросхўрлар ҳам бўлдик. Ҳамма нарсани Ўз иродасининг нияти бўйича амалга оширган Худо Ўзининг мақсадларига биноан бизни азалдан ана шу учун тайинлаган, 12 токи Масиҳга умид боғлаган биз Худонинг шуҳрати мақтовига сабаб бўлайлик. 13 Сизлар ҳам ҳақиқат сўзини, нажотингизнинг Хушхабарини эшитиб, Масиҳга имон келтириб, ваъда қилинган Муқаддас Руҳ билан Масиҳда муҳрландингизлар. 14 Худонинг мулки қайта сотиб олинмагунча, Худонинг шуҳрати мақтови учун Муқаддас Руҳ бизнинг меросимизнинг гаровидир. 15 Шунинг учун мен сизларнинг Исо Масиҳга бўлган имонингиз ва барча муқаддасларга нисбатан бўлган севгингиз ҳақида эшитиб, 16 сизлар учун Худога тинимсиз миннатдорчиликлар билдириб, сизларни ибодатларимда эслайман, 17 токи Раббимиз Исо Масиҳнинг Худоси, шуҳратнинг Отаси, Уни таниб-билишингиз учун сизларга донолигу ваҳий Руҳини берсин 18 ва фаҳмлашингизнинг кўзларини ёритсин, токи сизлар Унинг даъватининг умиди нимадан иборат эканлигини ва муқаддаслар учун бўлган Унинг мероси шуҳратининг бойлиги қандай эканлигини билиб олинглар, 19 ҳамда бизда, яъни имонлиларда Худонинг қодирлигининг қудрати бўйича ҳаракат қилаётган Унинг кучининг чексиз буюклигини пайқаб олинглар. 20 Худо Масиҳда ушбу куч-қудратни амалда шундай кўрсатдики: Уни ўликлардан тирилтириб, самода Ўзининг ўнг томонига ўтқазиб, 21 ҳар қандай бошлиқ ва ҳокимият, куч ва салтанатдан юқори ҳамда нафақат бу дунёда, балки келгуси дунёда ҳам номланадиган ҳар қандай номлардан юқори қўйиб, 22 ҳамма нарсани Унинг оёғи остига бўйсундирди ва Уни ҳамма нарсадан юқори қўйиб, Жамоатга бош қилиб тайинлади. 23 Жамоат эса Масиҳнинг танасидир, яъни ҳамма нарсада ҳамма нарсани Тўлдираётганнинг тўла-тўкислигидир.