1 1 Мен ҳақиқатда севадиган севикли Гайга мен – қариядан салом! 2 Эй, севиклигим! Сенинг жонинг муваффақият қозонаётгани каби, сен барча нарсада муваффақият қозонишинг ва соғ-саломат бўлишинг учун ибодат қилмоқдаман. 3 Зеро биродарлар келиб, сенинг содиқлигинг, яъни сенинг ҳақиқатда юрганинг ҳақида гувоҳлик берганларида, мен жуда қувондим. 4 Мен учун менинг болаларим ҳақиқатда юрганликларини эшитишдан каттароқ қувонч йўқдир. 5 Эй, севиклигим, биродарлар ва мусофирлар учун қилаётган ишларингда сен содиқ йўл тутмоқдасан. 6 Улар сенинг севгинг ҳақида Жамоат олдида гувоҳлик бердилар. Агар сен Худога муносиб равишда уларни йўлга кузатиб қўйсанг, яхши йўл тутган бўласан, 7 чунки Унинг номи ҳақи мажусийлардан ҳеч нарса олмасдан, улар чиқиб кетдилар. 8 Биз ҳақиқатнинг ҳамкорлари бўлишимиз учун бундайларни қўллаб-қуватлашимиз керак. 9 Мен Жамоатга ёздим, лекин уларнинг орасида биринчиликни севадиган Диотрефос бизни қабул қилмаяпти. 10 Шу сабабли, агар мен борсам, унинг бизни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб қилган ишларини эслатиб қўяман. У булар билан ҳам қаноатланмасдан, ўзи ҳам биродарларни қабул қилмаяпти ва қабул қилишни хоҳлаётганларга таъқиқлаб, уларни Жамоатдан қувиб юборяпти. 11 Эй, севиклигим, ёвузликка эмас, балки эзгуликка тақлид қилгин. Ким эзгулик қилса, у Худодандир. Ёвузлик қилувчи эса Худони кўрмаган. 12 Деметриус ҳақида барчанинг томонидан ҳам, ҳақиқатнинг ўзи томонидан ҳам яхши гувоҳлик берилган. Биз ҳам гувоҳлик берамиз ва сен биласанки, бизнинг гувоҳлигимиз ҳақиқатдир. 13 Сенга кўп нарсани ёзмоқчи эдим, аммо пат ва сиёҳ билан ёзишни хоҳламайман. 14 Шунинг учун сени тезда кўриб, юзма-юз суҳбатлашишга умид қиламан.