1 1 Исо Масиҳдаги ҳаёт ваъдасига биноан Худонинг иродаси бўйича Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен, Повул 2 севикли ўғлим Тимўтийга Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят, шафқат ва тинчлик тилайман. 3 Мен ота-боболаримдан буён пок виждон билан хизмат қилиб келаётган Худодан миннатдорман, чунки туну кун ўз ибодатларимда сен ҳақингда тинмасдан эслаяпман 4 ва сенинг кўз ёшларингни эслаб, қувончга тўлиб-тошишим учун сени кўришни истаяпман. 5 Илгари сенинг бувинг Лоисада ҳамда онанг Эвникада бўлган риёсиз имонинг ёдимда бор. Энди у сенда ҳам жо бўлганига аминман. 6 Шу сабабдан, қўлларимни қўйишим орқали сенга берилган Худонинг инъомини алангалатиб туришингни сенга эслатяпман. 7 Чунки Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қудрат, севги ва соғлом онг Руҳини берган. 8 Шундай қилиб, Раббимиз ҳақида гувоҳлик беришдан ҳам, У учун маҳбус бўлган мендан ҳам уялма, лекин Хушхабар учун бўлган азобларимда Худонинг куч-қудрати билан иштирок этгин. 9 Худо бизни савоб ишларимиз бўйича эмас, балки Ўзининг нияти ва инояти бўйича қутқариб, муқаддас даъват билан чақирди. Унинг шу инояти асрлар бошланишидан олдин бизга Исо Масиҳда берилган, 10 лекин энди Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг зоҳир бўлиши билан ошкор бўлди. У эса Хушхабар орқали ўлимни яксон қилиб, ҳаёт ва чиримасликни нурга олиб чиқди. 11 Мана шу учун мен воиз, ҳаворий ва мажусийларнинг муаллими қилиб тайинландим. 12 Шу сабабдан мен шундай азоб чекмоқдаман, лекин бундан уялмайман. Чунки мен Кимга имон келтирганимни биламан ва аминманки, мен Унга ишониб топширганимни У ўша кунга қадар сақлаб қолишга қодир. 13 Мендан эшитган соғлом таълимотнинг намунасини Исо Масиҳдаги имон ва севги билан маҳкам тутгин. 14 Бизнинг ичимизда яшайдиган Муқаддас Руҳ ёрдами билан сенга топширилган яхши омонатни сақлагин. 15 Асияликларнинг ҳаммаси, шу жумладан, Фигел билан Ҳермоген ҳам мендан юз ўгирганларини биласан. 16 Раббий Онисифорнинг уйига раҳм-шафқат ато этсин. Чунки у мени кўп маротаба хотиржам қилди ва менинг занжирларимдан уялмади. 17 У Рим шаҳрида бўлганида, мени астойдил излаб топди. 18 Раббий унга ўша кунда Раббийдан раҳм-шафқат топишини ато қилсин. Эфес шаҳрида эса у менга қанча кўп хизмат қилганини сен яхши биласан.