1 1 Отамиз Худо ва Раббий Исо Масиҳдаги Салоника шаҳрининг Жамоатига Повул, Силван ва Тимўтийдан: 2 Отамиз Худо ва Раббий Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин! 3 Ҳақиқатан, биродарлар, биз ҳамиша сизлар учун Худога миннатдорчилик билдиришга мажбурмиз, чунки сизларнинг имонингиз жуда ҳам ўсиб бормоқда ва ҳаммангизнинг бир-бирингизга бўлган севгингиз кўпаймоқда. 4 Шу тариқа сизларнинг чидаётган барча қувғинлару қайғуларингиздаги сабр-тоқат ва имонингиз учун биз Худонинг Жамоатларида сизларни мақтамоқдамиз. 5 Чидаётган қайғуларингизда Худонинг ҳақ ҳукми бўлишидан далолат бор: сизлар Худо Шоҳлигига лойиқ бўлишингиз учун энди азоб чекмоқдасизлар 6 Ҳақиқатан ҳам Худонинг олдида бу ҳақ ишдир: сизларга азоб бераётганларга У азоб билан қайтаради 7 ва сиз, азоб чекаётганларни эса Раббий Исо Ўзининг қудратли фаришталари билан осмондан зоҳир бўлганида, биз билан оромга эриштиради. 8 Ўшанда У, Худони тан олмаган ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Хушхабарига бўйсунмаган ҳамма одамлардан алангали олов билан қасос олади. 9 Улар Раббийнинг ҳузуридан ва Унинг куч-қудратининг шуҳратидан абадий ҳалокат билан жазоланадилар. 10 Барча имонлиларни эса У келган куни ҳайратда қолдиради ва Ўз муқаддаслари орасида улуғланади. Сизлар ҳам бундан баҳраманд бўласизлар, чунки бизнинг гувоҳлигимизга ишондингизлар. 11 Шу сабабдан биз доимо сизлар учун ибодат қилмоқдамиз, токи Худойимиз сизларни даъватига сазовор қилсин ва ҳар қандай эзгу ниятингизни ҳамда сизларнинг имонингизнинг ишини Ўзининг куч-қудратида амалга оширсин, 12 ва Раббимиз Исо Масиҳнинг номи сизларда улуғлансин, сизлар эса Худойимиз ва Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти бўйича Масиҳда улуғланинглар.