1 1 Исо Масиҳнинг қули ва ҳаворийси мен, Шимўн Петъёр, Худойимиз ва бизнинг Қутқарувчимиз Исо Масиҳнинг ҳақлигида биз билан бирга тенг қимматбаҳо имонни қабул қилганларга салом йўллайман: 2 Худони ва Раббимиз Исони таниб-билишингизда сизларга иноят ва тинчлик кўпайсин. 3 Ўзининг шуҳрати ва эзгулиги билан бизни даъват қилган Худони таниб-билишимиз орқали бизнинг ҳаётимиз ва диёнатимиз учун зарур бўлган ҳамма нарса Унинг илоҳий куч-қудратидан бизга ато қилинди. 4 Бу дунёдаги ҳирснинг чиришидан қочиб қутулиб, Худонинг табиатига шерик бўлишингиз учун У сизларга жуда буюк ва қимматбаҳо ваъдаларни берди. 5 Шунинг учун, бор жон-жаҳд билан ҳаракат қилиб, ўз имонингизни эзгулик билан таъминланглар, эзгулигингизни эса мулоҳазакорлик билан, 6 мулоҳазакорлигингизни эса нафсни тийиш билан, нафсни тийишингизни сабр-тоқат билан, сабр-тоқатингизни диёнат билан, 7 диёнатингизни биродарсеварлик билан, биродарсеварлигингизни эса севги билан таъминланглар. 8 Агар булар сизларда бор бўлиб ва кўпайиб бораётган бўлса, унда сизлар Раббимиз Исо Масиҳни таниб-билишда муваффақиятсиз ва ҳосилсиз қолмайсизлар. 9 Кимнинг бу хислатларда камчилиги бўлса, унинг кўзи хира ва кўрдир. У ўзининг илгариги гуноҳларидан покланганини унутган. 10 Шунинг учун, эй, биродарлар, ўз даъватингиз ва танловингизни мустаҳкам қилмоқ учун янада астойдил ҳаракат қилинглар. Шуни қилаётиб, ҳеч қачон қоқинмайсизлар. 11 Шу тариқа, Раббимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг абадий Шоҳлигига кириш йўли сизларга кенг очилади. 12 Сизлар буни билиб, бу ҳозирги ҳақиқатда мустаҳкам турган бўлсангизлар ҳам, мен ҳамиша сизларга булар ҳақида тинмай эслатиб тураман. 13 Ҳали бу фоний маконимда эканман, буларни эслатиш билан сизларни қўзғатиб туришни тўғри, деб ўйлайман. 14 Мен бу маконимни яқинда тарк этишим кераклигини биламан, зеро Раббимиз Исо Масиҳ буни менга маълум қилди. 15 Бу дунёдан кетганимдан сўнг ҳам сизлар буни доимо ёдингизга келтиришингиз учун ҳаракат қиламан. 16 Раббимиз Исо Масиҳнинг куч-қудрати ва Унинг келиши ҳақида сизларга маълумот берганимизда, усталик билан тўқилган афсоналарни гапириб келмадик, бироқ Унинг буюклигини ўз кўзларимиз билан кўрганмиз. 17 Зеро ҳашаматли шуҳратдан Исо Масиҳга: “Бу Менинг Севикли Ўғлим, Менинг илтифотим Ундадир”, деган садо келганида, У Отаси Худодан иззату шуҳратни қабул қилган эди. 18 Биз муқаддас тоғда У билан бирга бўлиб, осмондан келган ўша садони эшитганмиз. 19 Шу билан бирга, биз ғоят ишончли пайғамбарчилик сўзига ҳам эгамиз. Сизлар эса то кун ёриша бошламагунича ва юракларингизда тонг юлдузи кўтарилмагунича, қоронғи жойда порлаётган чироққа ўхшаган бу сўзга мурожаат қилиб, яхши қиляпсизлар. 20 Энг аввало шуни билингларки, Ёзувдаги ҳеч бир пайғамбарчилик бировнинг хусусий таъбири эмасдир. 21 Чунки ҳеч қачон пайғамбарчилик инсоннинг иродаси билан айтилмаган, аммо Муқаддас Руҳдан илҳомланиб, Худонинг муқаддас одамлари уни айтганлар.