1 1 Умидимиз Раббий Исо Масиҳнинг ва Нажоткоримиз Худонинг буйруғи бўйича Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен Повул – 2 имондаги ҳақиқий ўғлим Тимўтийга Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят, раҳм-шафқат ва тинчлик тилайман. 3 Мен Македонияга кетаётганимда, сен Эфесда қолиб, баъзиларга буюришингни сўраган эдим, токи улар бошқа нарсаларга ўргатмасинлар 4 ва афсоналар ҳамда тугамас насл-насабномалар билан машғул бўлмасинлар. Чунки бу нарсалар Худонинг имонни барпо қилишини эмас, балки баҳсларни келтириб чиқаради. 5 Насиҳатнинг мақсади эса – пок юракдан, яхши виждондан ва риёсиз имондан бўлган севгидир. 6 Баъзилар эса бундан юз ўгириб пуч гапларга оғиб кетдилар. 7 Улар қонун муаллимлари бўлишни истаб, нима ҳақида гапираётганларини ва нимани тасдиқлаётганларини ўзлари ҳам тушунмайдилар. 8 Биз эса биламизки, агар кимдир Қонундан қонуний фойдаланса, унда Қонун яхшидир. 9 Яна биламизки, Қонун ҳақ киши учун берилган эмас, балки қонунбузарлар, итоатсизлар, бетавфиқлар, гуноҳкорлар, муқаддас бўлмаганлар, ҳаромлар, ота-онасини ўлдирувчилар, қотиллар, 10 фоҳишабозлар, баччабозлар, одам ўғирлаб сотувчилар, ёлғончилар, қасамбузарлар учун берилган, 11 яъни муборак Худонинг менга ишониб топширилган улуғвор Хушхабари бўйича соғлом таълимотга қарши бўлган ҳамма нарса учун Қонун берилган. 12 Менга куч-қудрат берган Раббимиз Исо Масиҳдан миннатдорман, чунки У мени содиқ, деб ҳисоблаб, хизматга тайинлади. 13 Бундан олдин мен ҳақоратловчи ва қувғин қилувчи, жафокор эдим. Лекин мен раҳм-шафқат топдим, чунки буни жоҳилликдаги имонсизлигимда қилган эдим. 14 Бизнинг Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти эса мен учун Исо Масиҳдаги имон ва севги билан мўл-кўл бўлди. 15 “Исо Масиҳ гуноҳкорларга нажот бериш учун дунёга келди”, деган сўз тўғри ва тўлиқ қабул қилинишга муносибдир. Гуноҳкорларнинг биринчиси эса менман! 16 Лекин шунинг учун ҳам мен раҳм-шафқат топдимки, Исо Масиҳ биринчи навбатда менда Ўзининг узоқ сабр-тоқатини кўрсата олсин. Бу эса абадий ҳаётга эришиш учун Унга кейинчалик имон келтирадиганларга намуна бўлсин. 17 Мангу Подшоҳ – ўлмас, кўринмас, яккаю-ягона доно Худога абадулабад ҳурмат ва шон-шуҳрат бўлсин! Омин. 18 Эй, ўғлим Тимўтий, сен ҳақингда бўлган пайғамбарчиликларга мувофиқ сенга шундай буюраманки, сен уларга биноан яхши уруш услуби билан жанг қилгин 19 ва имонни ҳамда яхши виждонни маҳкам тутгин. Баъзилар эса яхши виждонни инкор этиб, ўз имон соҳасида кема ҳалокатига учрадилар. 20 Именей ва Искандар ўшалардандир. Улар куфрлик қилмасликни ўргансинлар, деб мен уларни шайтонга топширдим.