1 1 Эфрайимнинг тоғидаги Раматайим-Тсофим шаҳрида Элканаҳ исмли бир одам бор эди. У Эфрайим қабиласидан бўлиб, Йерохамнинг ўғли, Элиҳунинг ўғли, Тўхуннинг ўғли, Зуфнинг ўғли эди. 2 Элканаҳнинг Ханна ва Пенинна исмли иккита хотини бўлиб, Пениннанинг болалари бор эди. Ханна эса бефарзанд эди. 3 Шу одам ҳар йили Қўшинлар Худовандига сажда қилиш ва қурбонлик келтириш учун ўз шаҳридан Шилўҳга борар эди. У ерда Элий ва унинг икки ўғли – Ҳофни ва Пинехес – Раббийнинг руҳонийлари эдилар. 4 Элканаҳ қурбонлик келтирган кунида хотини Пениннага ҳамда унинг ҳамма ўғилу қизларига бир улушдан берар, 5 Ханнага эса икки баробар ортиқ улуш берар эди. Чунки у Ханнани яхши кўрар эди. Бироқ Раббий Ханнанинг бачадонини ёпиб қўйди. 6 Раббий Ханнанинг бачадонини ёпиб қўйганига нолиши учун кундоши Пенинна Ханнани хафа қилар эди. 7 Ҳар йили Ханна Раббийнинг уйига борганида, шу воқеа юз берар эди: кундоши Ханнани хафа қилар, у эса йиғлаб ҳеч нарса емас эди. 8 Эри Элканаҳ унга: “Ханна, нега йиғлаяпсан, нимага овқат емаяпсан? Нимага юрагинг қайғуряпти? Мен сен учун ўнта ўғилдан ҳам афзал эмасманми?!”- дер эди. 9 Бир куни улар Шилўҳда еб-ичиб бўлганларидан кейин, Ханна ўрнидан турди. Руҳоний Элий эса Раббийнинг маъбадига кириш ёнидаги курсида ўтирган эди. 10 Ханна кўнглида ғам чекиб, аччиқ-аччиқ йиғлади ва Раббийга ибодат қилиб, 11 шундай ваъда берди: “Ё, Қўшинлар Худованди! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб эсласанг ва чўрингни унутмай, чўрингга бир ўғил ато этсанг, унда мен унинг барча кунларида уни Раббийга бераман, унинг бошига устара тегмайди”. 12 Ханна Раббийнинг ҳузурида узоқ вақт ибодат қилгани учун Элий унинг оғзига қараб турар эди. 13 Ханна юрагида гапирар, овози эшитилмас, фақат лаблари қимирлар эди. Шунинг учун Элий Ханнани маст бўлса керак, деб ўйлаб: 14 “Қачонгача маст бўлиб юрасан? Энди шаробдан воз кеч!”- деди. Ханна эса жавобан деди: 15 “Йўқ, ҳазратим. Мен руҳан эзилган бир аёлман. Мен на шароб, на ароқ ичганман, фақат дилимни Раббийга тўкиб соляпман. 16 Бу чўрингизни ярамас қиз, деб ҳисобламанг, чунки шу пайтгача мен буюк ғам-қайғудан гапираётган эдим”. 17 Шунда Элий жавоб бериб: “Тинчликда боравер, Исроилнинг Худоси сен Ундан сўраган тилагингни бажо келтирсин”,- деди. 18 Ханна эса: “Чўрингиз ҳузурингизда илтифот топсин”,- деди. Шундай қилиб, шу аёл бориб овқат еди, унинг юзи аввалгидай ғамгин эмас эди. 19 Эртасига улар тонг саҳарда туриб, Раббийга сажда қилиб, Рамаҳга – ўз уйларига қайтиб келдилар. Элканаҳ ўз хотини Ханна билан қовушди, Раббий эса Ханнани эслади. 20 Ханна ҳомиладор бўлди ва вақт-соати етиб ўғил туғди. У унга Шомуил, деб исм қўйди, чунки: “Уни Раббийдан тилаб олдим”,- дер эди. 21 Элканаҳ эса Раббийга йиллик қурбонлигини келтириш ва назрларини бажариш учун ўз хонадони билан бирга Шилўҳга борди. 22 Лекин Ханна бормади ва ўз эрига: “Гўдак кўкракдан айрилгандан кейин, уни олиб бораман. У Раббийнинг ҳузурида намоён бўлиб, доимий у ерда қолади”,- деди. 23 Эри Элканаҳ эса унга деди: “Сенга нима маъқул бўлса, шундай қилавер. Уни тўйдириб эмизгунингча шу ерда қолавер. Фақат Раббий Ўз Сўзини барқарор қилсин”. Шундай қилиб, Ханна уйида қолиб, ўғлини кўкракдан ажратгунча уни эмизди. 24 Уни кўкракдан айирганида, у билан бирга Шилўҳга бориб, уч ёшли буқа, бир эфа ун ва бир меш шароб олиб, ўғлини Раббийнинг уйига олиб келди. Бола ҳали ёш эди. 25 Буқани сўйиб, болани Элийнинг олдига олиб келдилар. 26 Шунда Ханна: “Ҳазратим, жонингиз омон бўлсин! Ҳазратим, мана шу ерда ҳузурингизда туриб, Раббийга ибодат қилган ўша аёлман. 27 Мен мана шу бола учун ибодат қилган эдим, Раббий эса Ундан сўраган тилагимни бажо келтирди. 28 Шунинг учун мен уни Раббийга бағишлаяпман. Ҳаётининг барча кунларида у Раббийга бағишлангандир”,- деб айтиб, у ерда Раббийга сажда қилди.