1 1 Исо Масиҳнинг ҳаворийси мен, Петъёрдан – Понт, Галатия, Каппадокия, Асия ва Битиния вилоятларига тарқалиб кетган мусофирларга салом! 2 Отамиз Худонинг азалдан мўлжаллаганига биноан сизлар Унинг Руҳи билан муқаддасланиш орқали Исо Масиҳга бўйсунишга ҳамда Унинг қони билан пуркалишга танлангансизлар. Сизларга инояту тинчлик янада кўпайсин. 3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худо муборак бўлсин! У Ўзининг буюк раҳм-шафқати бўйича, Исо Масиҳнинг ўликлардан тирилиши билан бизни тирик умидга янгидан туғилтирди, 4 токи сизлар учун осмонда сақланаётган беғубор, чиримас, сўлмас бир меросга эга бўлинглар. 5 Охирги замонда очилишга тайёр бўлган нажотга эришмоғингиз учун, сизлар Худонинг куч-қудрати билан имонингиз орқали қўриқланмоқдасизлар. 6 Ана шунинг учун, энди агар керак бўлса, турли васвасаларда бир оз қайғуриб, қувонинглар, 7 токи сизларнинг синовдан ўтилган имонингиз оловда синаладиган, аммо нобуд бўладиган олтиндан ҳам қимматроқ бўлсин. Ўшанда Исо Масиҳнинг намоён бўлишида сизларга ҳурмат-иззат, мақтов ва шараф бўлади. 8 Сизлар Масиҳни кўрмаган бўлсангизлар ҳам, Уни севмоқдасизлар. Уни шу кунга қадар кўрмасдан туриб, лекин Унга ишониб, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган улуғвор қувонч билан шодланмоқдасизлар 9 ва имонингизнинг натижаси сифатида жонингизнинг нажотига эришмоқдасизлар. 10 Сизларга тайинланган иноят ҳақида башорат қилган пайғамбарларнинг изланишлари ва текширишлари ана шу нажотга тегишли эди. 11 Уларнинг ичида бўлган Масиҳнинг Руҳи Масиҳнинг азоблари ва бу азоблардан кейинги Унинг шуҳрати ҳақида улар орқали башорат қилаётганида, У қандай ва қайси пайтни кўрсатаётганини пайғамбарлар билмоқчи бўлган эдилар. 12 Чунки уларга ваҳий берилган эдики, уларнинг хизмати уларнинг ўзларига эмас, балки биз учун бўлган эди. Мана, энди осмондан юборилган Муқаддас Руҳ томонидан сизларга воизлик қилинган Хушхабарда бу ошкор бўлди. Буни фаришталар ҳам синчиклаб билишни хоҳлайдилар. 13 Шунинг учун ўз онгингизнинг белини боғлаб, ҳушёр бўлиб, Исо Масиҳнинг намоён бўлишида сизларга бериладиган иноятга тўлиқ умид боғланглар. 14 Энди итоатли болалар каби илгариги адабсизлигингизда бўлган ҳирсларга тақлид қилманглар. 15 Лекин сизларни даъват этган Худо муқаддас бўлганидай, сизлар ҳам бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинглар, 16 чунки ёзилган: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман”. 17 Агарда ҳар бир кишини юз-хотир қилмасдан, қилмишига яраша ҳукм Қилувчини сизлар Ота, деб атасангизлар, унда мусофирчилик даврингизда қўрқув билан яшанглар. 18 Биласизларки, оталарингиздан қолган бемаъни ҳаётдан сизлар сотиб олингансизлар. Лекин чириб кетадиган кумуш ёки олтин билан эмас, 19 балки бенуқсон ва пок қўзи каби бўлган Масиҳнинг қимматбаҳо қони билан сотиб олингансизлар. 20 Масиҳ дунё яратилишидан олдин тайинланган бўлса ҳам, замоннинг охирида сизлар учун зоҳир бўлди. 21 Сизлар У орқали Худога имон келтирдингизлар. Худо Масиҳни ўликлардан тирилтириб, Унга шуҳрат берди, токи сизлар Худога бўлган имонга ҳамда умидга эга бўлинглар. 22 Энди сизлар ҳақиқатга итоат қилиб, самимий биродарсеварликка эришишингиз учун Муқаддас Руҳ орқали жонларингизни поклаб, бир-бирингизни чин юракдан ихлос билан севинглар. 23 Сизлар чирийдиган уруғдан эмас, балки чиримайдиган уруғдан, яъни тирик ва абадий мавжуд бўлган Худонинг Сўзидан янгидан туғилдингизлар. 24 Зеро ҳар бир инсон – ўт кабидир, инсоннинг ҳар қандай шуҳрати ўтдаги гул кабидир: ўт қуриб қолади, унинг гули ҳам тўкилади. 25 Аммо Раббийнинг Сўзи абадий туради. Ана шу Сўз – сизларга воизлик қилинган Хушхабардир.