1
1
Бошидан бор бўлган, биз эшитган, ўз кўзимиз билан кўрган, биз синчиклаб қараган ва ўз қўлларимиз билан ушлаб сезган Ҳаёт Сўзи ҳақида сизларга ёзмоқдамиз.
2
Чунки Ҳаёт зоҳир бўлди ва биз уни кўрдик. Ота билан турган, бизга эса зоҳир бўлган ўша абадий Ҳаёт ҳақида сизларга гувоҳлик бериб хабар қилмоқдамиз.
3
Сизлар биз билан мулоқотда бўлишингиз учун ўзимиз кўрган ва эшитганларимиз ҳақида сизларга хабар бермоқдамиз. Бизнинг мулоқотимиз эса Ота ва Унинг Ўғли Исо Масиҳ биландир.
4
Қувончингиз мукаммал бўлиши учун буни сизларга ёзмоқдамиз.
5
Биз Ундан эшитган ва сизларга энди хабар қилаётган Хушхабар шуки: Худо – нур ва Унда ҳеч қандай қоронғилик йўқдир.
6
Агар биз: “У билан мулоқотдамиз”,- десак-да, ўзимиз қоронғиликда юрсак, унда ёлғон гапириб, ҳақиқат бўйича юрмаган бўламиз.
7
Агар У нурда бўлгани каби, биз ҳам Унга ўхшаб нурда юрсак, бир-биримиз билан мулоқотда бўламиз ва Унинг Ўғли Исо Масиҳнинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан поклайди.
8
Агар: “Гуноҳимиз йўқ”,- десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва бизда ҳақиқат йўқдир.
9
Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, У содиқ ва ҳақ бўлгани учун, бизнинг гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ноҳақликдан поклайди.
10
Агар: “Гуноҳ қилганимиз йўқ”,- десак, Худони ёлғончи қилиб кўрсатган бўламиз ва бизда Унинг Сўзи йўқдир.