9-боб

1 Миср еридан чиққанларининг иккинчи йили биринчи ойида Раббий Мусога Синай саҳросида сўзлаб деди: 2 “Исроил ўғиллари Песаҳ учун белгиланган вақтда уни нишонласинлар. 3 Ушбу ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун белгилаган вақтда уни нишонланглар; уни барча низом ва удумлари бўйича нишонланглар”. 4 Мусо Исроил ўғилларига Песаҳни нишонлашлари кераклигини айтди. 5 Улар Синай саҳросида, биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун Песаҳни нишонладилар. Исроил ўғиллари ҳамма нарсани Раббий Мусога қандай қилишни амр берган бўлса, худди шундай қилдилар. 6 Ўлик одамларнинг танасига текканидан нопок бўлган одамлар бор эди ва улар ўша куни Песаҳни нишонлай олмадилар, шунинг учун улар ўша куни Мусо ва Аҳарўннинг олдига келдилар. 7 Улар унга: “Биз ўлик одамларнинг танасига текканимиз учун нопокмиз. Нима учун Исроил ўғиллари орасида биз белгиланган вақтда Раббийга бағишловларни олиб келишдан маҳрум қилинганмиз?”- дедилар. 8 Мусо эса уларга: “Кутиб туринглар, Раббий сизлар ҳақингизда нимани амр беришини тинглайин”,- деди. 9 Раббий эса Мусога сўзлаб деди: 10 “Исроил ўғилларига айтгин: Агар сизлардан ёки сизларнинг авлодингиздан бирор киши ўлик танага теккани учун нопок бўлса, ёки олис сафарда бўлса, унда у ҳам Раббийга Песаҳни нишонлаши керак. 11 Бундайлар уни иккинчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун нишонласинлар, Песаҳ қурбонлигини ачитқисиз нон ва аччиқ ўтлар билан есинлар. 12 Улар ундан эрталабгача қолдирмасинлар ва унинг суякларини синдирмасинлар; Песаҳни унинг барча низомлари бўйича нишонласинлар. 13 Аммо кимки пок бўлса ва сафарда бўлмаса-ю, Песаҳни нишонламаса ― бу жон ўз халқи орасидан қириб ташлансин, чунки у Раббийга бағишловни ўз вақтида олиб келмади. Ўша одам ўз гуноҳини ўзида кўтариб юради. 14 Агар сизларнинг орангизда мусофир бўлса, у ҳам Раббий Песаҳини нишонлаши керак. У Песаҳни унинг удумлару низомлари бўйича нишонласин. Сизларда мусофир учун ҳам ва маҳаллий одам учун ҳам битта низом бўлсин”. 15 Чодир ўрнатилган кунда, булут Гувоҳлик Чодирини қоплади ва оқшомдан эрталабгача Чодир устида гўёки оловга ўхшаб кўриниб турди. 16 Сўнг доимо шундай бўлди: кундузи уни булут ва тунда оловга ўхшаш нарса уни қоплаб турар эди. 17 Ҳар сафар булут Чодир устидан кўтарилса, Исроил ўғиллари йўлга отланар эдилар. Булут қаерда тўхтаса, ўша жойга Исроил ўғиллари ўз қароргоҳини ўрнатишар эдилар. 18 Исроил ўғиллари Раббийнинг амри бўйича йўлга отланар ва Раббийнинг амри бўйича тўхтар эдилар. Булут Чодирнинг устида қанча вақт тўхтаб турса, улар ҳам қароргоҳида турар эдилар. 19 Агар булут узоқ вақт Чодир устида турса, Исроил ўғиллари ҳам Раббийнинг амрига риоя қилиб, йўлга отланмас эдилар. 20 Баъзан эса булут оз вақт Чодир устида турар эди, улар Раббийнинг амри бўйича тўхтар ва Раббийнинг амри бўйича йўлга тушар эдилар. 21 Баъзан булут фақат оқшомдан эрталабгача турар эди. Эрталабга яқин эса булут кўтарилар эди, шунда улар ҳам йўлга тушар эдилар. Кундузими, тундами, булут кўтарилса, улар йўлга тушар эдилар. 22 Баъзан булут икки кун, ёки бир ой, ёки бир неча кунлаб Чодирнинг устида турар эди, шунда Исроил ўғиллари ҳам жойларида турар ва йўлга отланмас эдилар. У кўтарилганида эса, улар ҳам йўлга тушар эдилар. 23 Улар Раббийнинг амри бўйича тўхтар ва Раббийнинг амри бўйича йўлга тушар эдилар. Мусо орқали берилган Раббийнинг буйруғи бўйича Раббийнинг амрига амал қилар эдилар.