1
Мана бу ― Раббий Синай тоғида Мусога гапирган вақтидаги Мусо ва Аҳарўннинг насабномасидир.
2
Булар Аҳарўн ўғилларининг исмлари: тўнғичи Надаб, кейин Абиҳу, Элеазар ва Итамар.
3
Булар Аҳарўннинг ўғиллари, мойланган руҳонийларнинг исмларидир. У уларни руҳонийлик хизматига бағишлаган эди.
4
Лекин Надаб ва Абиҳу Синай саҳросида, Раббийнинг юзи олдига бегона олов келтирганларида, Раббийнинг юзи олдида ўлдилар. Уларнинг фарзандлари йўқ эди. Сўнг Элеазар ва Итамар ўз оталари Аҳарўннинг олдида руҳоний бўлдилар.
5
Шунда Раббий Мусога сўзлаб деди:
6
“Леви қабиласини олиб кел ва уни Аҳарўннинг олдига қўй, токи улар унга хизмат қилсинлар.
7
Улар у учун вазифани бажарсинлар ва Чодирда хизмат қилиш учун Йиғин Чодири олдидаги бутун жамоа учун вазифани бажарсинлар.
8
Улар Йиғин Чодирининг барча нарсаларига қўриқчилик қилсинлар ва Чодирда хизмат қилиш учун Исроил ўғиллари учун вазифани бажарсинлар.
9
Левитларни Аҳарўн ва унинг ўғилларига топшир; улар Исроил ўғилларидан унга топширилсин.
10
Аҳарўн ва унинг ўғилларига ўз руҳонийлик бурчларини бажаришни тайинла. Агар бирор бошқа одам бу хизматга яқинлашса, ўлимга маҳкум этилсин”.
11
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
12
“Мана, Мен Исроил ўғиллари орасида бачадонни очиб чиқадиган барча тўнғичларнинг ўрнига Исроил ўғилларидан левитларни олдим. Улар Меники бўлишлари керак,
13
чунки барча тўнғичлар Меникидир. Мен Миср ерида барча тўнғичларни қириб ташлаган кунда, Исроилнинг барча тўнғичларини одамдан тортиб ҳайвонгача Мен Ўзимга бағишладим. Улар Меники бўлишлари керак. Мен Раббийман”.
14
Раббий Мусога Синай саҳросида сўзлаб деди:
15
“Левитларни уларнинг оилалари бўйича, авлодлари бўйича ҳисобла. Мана, бир ойлик ва ундан катта бўлган барча эркакларни ҳисоблаб чиққин”.
16
Мусо унга амр этилганидек, Раббийнинг сўзи бўйича уларни ҳисоблаб чиқди.
17
Мана булар ― Леви ўғилларининг исмлари бўйича: Гершон, Қэҳат ва Мерари.
18
Мана булар ― Гершон ўғилларининг авлодлари бўйича исмлари: Либни ва Шими.
19
Қэҳат ўғилларининг авлодлари бўйича исмлари: Амрам, Изхар, Хеброн ва Узиэл.
20
Мерари ўғилларининг авлодлари бўйича исмлари: Махли ва Муши. Булар левитларнинг оилалари бўйича уларнинг авлодларидир.
21
Гершондан Либни ва Шимининг авлоди: булар Гершоннинг авлодларидир.
22
Ҳисобланганларнинг барчаси: бир ойлик ва ундан катта бўлган эркаклар етти минг беш юз киши эди.
23
Гершон авлодидагилар маъбаднинг орқа томонидан ғарбга қаратиб ўз қароргоҳини ўрнатишлари керак.
24
Гершон ўғиллари авлодининг бошлиғи Лаэлнинг ўғли Элиасафдир.
25
Гершон ўғилларининг назоратига Йиғин Чодирида ― Чодирнинг ўзи, унинг қопламлари ва Йиғин Чодирининг кириш жойидаги парда,
26
шунингдек, ҳовлининг пардалари, Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофидаги ҳовлининг кириш жойининг пардалари, унинг арқонлари ― унинг барча ашёлари билан бирга топширилади.
27
Қэҳатдан Арамнинг авлоди, Изхарнинг авлоди, Хеброннинг авлоди, Узиэлнинг авлоди: булар Қэҳатнинг авлодларидир.
28
Ҳисобланганларнинг барчаси: бир ойлик ва ундан катта бўлган эркаклар саккиз минг олти юз киши эди. Улар Муқаддасгоҳни қўриқлар эдилар.
29
Қэҳат ўғилларининг авлоди Чодирнинг жануб томонида ўз қароргоҳини ўрнатишлари керак.
30
Қэҳат авлоди оилаларининг бошлиғи Узиэлнинг ўғли Элизафандир.
31
Уларнинг назорати остига Кибот, хонтахта, чироқпоя, қурбонгоҳлар, хизмат пайтида ишлатиладиган муқаддас идишлар ва пардалар барча ашёлари билан бирга топширилади.
32
Левитларнинг бошлиқларининг устидан руҳоний Аҳарўннинг ўғли Элеазар бошлиқдир. Муқаддасгоҳга қўриқчилик қилиш топширилган левитлар унинг назорати остидадир.
33
Мераридан Махли ва Мушининг авлоди: булар Мерарининг авлодларидир.
34
Улардан ҳисобланган бир ойлик ва ундан катта бўлган барча эркаклар сони ― олти минг икки юз киши эди.
35
Мерари авлоди оилаларининг бошлиғи Абиҳайилнинг ўғли Зуриэлдир. Улар Чодирнинг шимол томонига ўз қароргоҳини ўрнатишлари керак.
36
Мерари ўғиллари назорати остига Чодирнинг ёғочлари, тўсинлари, устунлари, тагликлари ва уларнинг барча ашёлари ҳамма нарсалари билан,
37
шунингдек, ҳовлининг барча томонидаги устунлари, уларнинг тагликлари, қозиқ ва арқонлари топширилади.
38
Чодирнинг олди томонидан эса, Йиғин Чодирининг олди томонидан шарққа қаратиб Мусо, Аҳарўн ва унинг ўғиллари ўз қароргоҳини ўрнатишлари керак. Уларга Исроил ўғиллари учун Муқаддасгоҳни қўриқлаш топширилгандир. Агар бирор ўзга киши бунга яқинлашса, ўлимга маҳкум этилсин.
39
Мусо ва Аҳарўн Раббийнинг амри бўйича ҳисобга олган барча левитларнинг сони ― бир ойлик ва ундан катта бўлган барча эркаклар, уларнинг авлодлари бўйича йигирма икки минг киши эди.
40
Шунда Раббий Мусога деди: “Исроил ўғилларидан бир ойлик ва ундан катта бўлган барча тўнғич эркакларни ҳисоблагин ва уларни номма-ном санаб чиққин.
41
Исроил ўғилларининг барча тўнғичлари ўрнига левитларни Мен учун ол, Мен Раббийман. Левитларнинг ҳайвонларини эса Исроил ўғилларининг барча биринчи туғилган ҳайвонларининг ўрнига бўлсин”.
42
Мусо Раббий унга амр этганидек, Исроил ўғилларининг барча тўнғичларини ҳисоблаб чиқди.
43
Исмларининг сони бўйича бир ойлик ва ундан катта бўлган барча эркак тўнғичлар йигирма икки минг икки юз етмиш уч киши эди.
44
Шунда Раббий Мусога сўзлаб деди:
45
“Левитларни Исроил ўғилларининг тўнғичлари ўрнига ва левитларнинг ҳайвонларини уларнинг ҳайвонлари ўрнига ол; улар Меники бўлсинлар. Мен Раббийман.
46
Левитларнинг сонидан зиёд бўлган икки юз етмиш учта Исроил ўғилларининг тўнғичлари эвазига эса
47
одам бошига муқаддасгоҳ шеқели бўйича беш шеқелдан ол. Бир шеқелда йигирма гераҳ бор.
48
Ушбу кумушни Аҳарўн ва унинг ўғилларига левитларнинг сонидан ортиқ одамларга тўлов сифатида бергин”.
49
Мусо сонидан ортиқ бўлганларни, левитларга алмаштирган қайта сотиб олиш кумушини олди.
50
Исроил тўнғичларидан муқаддасгоҳ шеқели бўйича бир минг уч юз олтмиш беш шеқел олди.
51
Раббий Мусога буюрганидек, Раббийнинг сўзига бўйича Мусо қайта сотиб олиш кумушини Аҳарўн ва унинг ўғилларига берди.