15-боб

1 Раббий Мусога сўзлаб деди: 2 “Исроил ўғилларига эълон қилиб уларга айтгин: Мен сизларга бераётган ерга яшаш учун кирганларингизда, 3 Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида сизлар назрингизни бажаришга, жонбозлик кўрсатишга, байрамларингизни ўтказишга ҳўкизлару қўйлардан тамоман ёндириш қурбонлиги ёки тинчлик қурбонлиги Раббийга келтирганингизда, 4 Раббийга ўз қурбонлигини келтирадиган киши нон бағишлови сифатида чорак хин тоза зайтун мойи аралаштирилган эфанинг ўндан бир қисми бўлган буғдой унини келтириши керак 5 ва суюқлик бағишловига чорак хин шароб келтириши керак. Бу ўлчов эса тамоман ёндириш қурбонлиги ёки тинчлик қурбонлиги келтирганингизда, ҳар бир қўзи учун шунча бўлсин. 6 Қўй олиб келаётганингизда эса, нон бағишловига учдан бир қисм хин тоза зайтун мойи аралаштирилган эфанинг ўндан икки қисми бўлган буғдой унини келтиринглар. 7 Шунингдек, Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида суюқлик бағишловига учдан бир қисм хин шароб келтиринглар. 8 Агар Раббийга назрни бажариш ёки жонбозлик кўрсатиш учун ёш буқани тамоман ёндириш қурбонлиги ёки тинчлик қурбонлигига келтирсангиз, 9 унда ёш буқа билан бирга нон бағишлови сифатида ярим хин тоза зайтун мойи аралаштирилган эфанинг ўндан уч қисми бўлган буғдой унини келтиришингиз керак. 10 Шунингдек, Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида суюқлик бағишловига ярим хин шароб келтиринглар. 11 Сизлар буқа ёки қўйни, қўзи ёки улоқни қурбонликка келтирганингизда, худди шундай қилинглар. 12 Сизлар олиб келаётган қурбонликларнинг сони бўйича, уларнинг сонига қараб ҳар бирига худди шундай қилинглар. 13 Ҳар бир маҳаллий одам Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонлик келтирганида, худди шундай қилиши керак. 14 Агар сизнинг орангизда мусофир яшаса ёки авлодингизнинг орасида кимки бўлмасин, Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонлик келтирса, у ҳам худди сизлар қилганингиз каби қилиши керак. 15 Раббийнинг жамоаси бўлган сизлар учун ҳам ва сизларнинг орангизда яшайдиган мусофир учун ҳам низом биттадир. Бу низом сизларнинг авлодларингиз оша абадийдир: Раббий олдида сизлар қандай бўлсангиз, мусофир ҳам худди шундай бўлсин. 16 Сизлар ва сизларнинг орангизда яшайдиган мусофир учун битта қонун ва бир хил ҳуқуқ бўлсин”. 17 Раббий яна Мусога сўзлаб деди: 18 “Исроил ўғилларига эълон қилиб уларга айтгин: Мен сизларни олиб бораётган ерга кирганларингизда, 19 ўша ернинг нонини еганларингизда, Раббийга бағишлов келтиринглар. 20 Хамирингизнинг бошланғичидан кулчани бағишловга олиб келинглар, уни хирмондаги бағишлов каби келтиринглар. 21 Бутун авлодларингиз оша хамирингизнинг бошланғичидан Раббийга бағишлов келтиринглар. 22 Агар сизлар билмасдан йўлдан оғсангизлар ва Раббий Мусога айтган ушбу барча амрларни бажармасангизлар, 23 Раббий Мусо орқали амр қилган барча амрларни, яъни, Раббий сизларга амр берган кундан бошлаб бундан кейин авлодларингиз оша берилган амрларни бажармасангизлар, 24 унда, агар жамоа бехабар қолганлиги учун бу хато қилинган бўлса, бутун жамоа Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида ўша низом бўйича нон бағишлови ва суюқлик бағишлови билан бирга битта ёш буқани тамоман ёндириш қурбонлигига ҳамда битта такани гуноҳ учун қурбонликка келтирсин. 25 Шунда руҳоний Исроил ўғилларининг бутун жамоасини поклайди ва улар кечириладилар, зеро бу хато эди. Улар Раббийга ўз бағишловларини қурбонликка ва ўз хатолари учун Раббий қаршисида гуноҳ учун қурбонликка келтирдилар. 26 Шундай қилиб, Исроил ўғилларининг бутун жамоаси ва уларнинг орасида яшайдиган мусофирлар кечирилади, чунки бутун халқ буни билмасдан қилди. 27 Агар бир киши билмасдан гуноҳ қилса, гуноҳ учун қурбонликка бир ёшли такани олиб келсин. 28 Шунда руҳоний билмасдан гуноҳ қилган жонни Раббий қаршисида поклайди ва у покланади ҳамда кечирилади. 29 Бирор киши билмасдан гуноҳ қилиб қўйса, Исроил ўғилларидан бўлган маҳаллий киши учун ҳам, сизларнинг орангизда яшовчи мусофир учун ҳам бир хил қонун бўлсин. 30 Агар маҳаллий кишидан ёки мусофирлардан бирор киши атайин гуноҳ қилса, у Раббийни ҳақорат қилган бўлади. У киши ўз халқи орасидан қириб ташланади. 31 Чунки у Раббийнинг сўзини менсимади ва Унинг амрини бузди. У қириб ташланади, унинг гуноҳи ўзининг гарданидадир”. 32 Исроил ўғиллари саҳрода бўлганларида, Шаббат куни ўтин тераётган одамни топдилар. 33 Уни ўтин тераётганида топган одамлар Мусо, Аҳарўн ва бутун жамоанинг олдига олиб келдилар. 34 Уни соқчиларнинг назорати остига қўйдилар, чунки у билан нима қилиш кераклиги ҳали аниқланмаган эди. 35 Шунда Раббий Мусога: “Бу киши ўлиши керак, бутун жамоа уни қароргоҳ ташқарисида тошбўрон қилсин”,- деди. 36 Раббий Мусога буюрганидек, бутун жамоа уни қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилишди ва у ўлди. 37 Раббий Мусога яна сўзлаб деди: 38 “Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Улар ва уларнинг авлодлари ўз кийимларининг четларига пўпакчалар тиксинлар ва кийимларининг четларидаги пўпакчаларга кўк рангли ип қўйсинлар. 39 Булар пўпакчаларингизда қуйидагилар учундир: сизлар уларга қараганингизда, Раббийнинг барча амрларини ёдга олинглар, уларни бажаринглар ва зинога йўналтирадиган юракларингиз ҳамда кўзларингизнинг ортидан юрманглар, 40 токи сизлар Менинг барча амрларимни ёдда сақланглар ва бажаринглар ҳамда ўз Худойингиз қаршисида муқаддас бўлинглар. 41 Мен сизларнинг Худойингиз бўлиш учун сизларни Миср еридан олиб чиққан Раббий Худойингизман. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман”.