1
Бошида Худо осмон ва ерни яратди.
2
Ер шаклсиз ва бўм-бўш эди. Тубсизлик юзининг устида зулмат эди. Худонинг Руҳи сувлар устида учиб юрар эди.
3
Худо: “Ёруғлик бўлсин”,- деди ва ёруғлик бўлди.
4
Худо ёруғликнинг яхши эканини кўрди ва Худо ёруғликни зулматдан ажратди.
5
Сўнг Худо ёруғликни кундуз, зулматни эса тун, деб атади. Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу биринчи кун эди.
6
Худо яна: “Сувларнинг ўртасида гумбаз бўлсин ва у сувларни сувлардан ажратиб турсин”,- деди.
7
Худо гумбазни яратиб, гумбаз остидаги сувни гумбаз устидаги сувдан ажратди ва шундай бўлди.
8
Худо гумбазни осмон, деб атади. Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу иккинчи кун эди.
9
Худо яна: “Осмон остидаги сувлар бир жойга тўплансин-у, қуруқлик пайдо бўлсин”,- деди ва шундай бўлди.
10
Худо қуруқликни ер, деб атади, сувлар тўпламини эса денгизлар, деб атади. Худо буларнинг яхши эканини кўрди.
11
Худо яна: “Ер ўт, ўз турига хос уруғ берадиган ўсимлик ва ўз турига хос уруғи ичида бўлган мева берадиган дарахтни ўстирсин”,- деди ва шундай бўлди.
12
Ер ўтлар, ўз турига хос уруғ берадиган ўсимликлар ва ўз турига хос уруғи ичида бўлган мева берадиган дарахтларни ўстирди. Худо буларнинг яхши эканини кўрди.
13
Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу учинчи кун эди.
14
Худо яна: “Кундузни тундан ажратиш учун ҳамда аломатлар, фасллар, кунлар ва йилларни белгилаш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин.
15
Улар ер юзини ёритиш учун осмон гумбазида ёритқичлар бўлсин”,- деди ва шундай бўлди.
16
Шундай қилиб, Худо иккита улкан ёритқичлар яратди. У кундузни бошқариш учун улканроқ ёритқич, тунни бошқариш учун эса кичикроқ ёритқични ҳамда юлдузларни яратди.
17
Худо уларни осмоннинг гумбазида ўрнатди, токи улар ер юзини ёритсин
18
ва тун билан кундузни бошқарсин ҳамда ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин. Худо буларнинг яхши эканини кўрди.
19
Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу тўртинчи кун эди.
20
Худо яна: “Сувлар ҳаракатланувчи жониворлар билан тўлиб-тошсин ва қушлар ер устидан осмоннинг гумбазида учсинлар”,- деди.
21
Шундай қилиб, Худо сувда тўлиб-тошган ҳаракатланувчи жониворлар ва улкан балиқлар, ҳамда қанотли қушларни ўз турига хос яратди. Худо буларнинг яхши эканини кўрди.
22
Худо уларни дуо қилиб: “Серпушт бўлинглар, кўпайинглар ва денгиз сувларини тўлдиринглар. Қушлар ҳам ер юзида кўпайсинлар”,- деди.
23
Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу бешинчи кун эди.
24
Худо яна: “Ер ўз турига хос жониворларни, чорва, судралувчиларни ҳамда ердаги ўз турига хос ҳайвонларни келтириб чиқарсин”,- деди ва шундай бўлди.
25
Шундай қилиб, Худо ердаги ўз турига хос ҳайвонларни, ўз турига хос чорваларни ҳамда ердаги ўз турига хос барча судралувчиларни яратди. Худо буларнинг яхши эканини кўрди.
26
Худо яна: “Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш қилиб одамни яратайлик. Улар денгиздаги балиқлар, осмондаги қушлар, чорвалар ва ерда судралиб юрадиган барча судралувчилар устидан, бутун ер устидан ҳукмронлик қилсинлар”,- деди.
27
Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, уни Худонинг суратида яратди. Уларни эркак ва аёл қилиб яратди.
28
Худо уларни дуо қилиб, уларга: “Серпушт бўлинглар ва кўпайинглар. Ер юзини тўлдириб, уни бўйсундиринглар. Денгиздаги балиқлар, осмондаги қушлар ҳамда ер юзида ҳаракатланувчи барча ҳайвонлар устидан ҳукмронлик қилинглар”,- деди.
29
Сўнг Худо : “Мана, Мен сизларга бутун ер юзидаги уруғ берадиган ҳамма ўсимликларни ва меваси уруғ берадиган ҳамма дарахтларни бердим. Булар сизларга озуқа бўлади.
30
Ер юзидаги барча ҳайвонларга, осмондаги барча қушларга ҳамда ер юзида судралиб юрувчиларга эса озуқа учун ҳамма кўкатларни бердим”,- деди ва шундай бўлди.
31
Худо Ўзи яратган ҳамма нарсани кўрди-да, мана, булар жуда яхши эди. Оқшом бўлди ва эрталаб бўлди – бу олтинчи кун эди.